Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Полша 2025 йилги давлат бюджетидан мудофаа учун рекорд даражада маблағ ажратади
Мамлакат бош вазири Украина билан чегарадош ва хавфсизлик масалалари юқори бўлган Полшанинг кейинги йил учун мўлжалланган бюджетининг асосий бандларини тақдим этди.
Полша 2025 йилга мўлжалланган давлат бюджетидан мудофаа учун рекорд даражада маблағ — 48,7 миллиард доллар ажратади, деб хабар беради AP.
Полша бош вазири Доналд Туск Украина билан чегарадош ва хавфсизлик масалалари юқори бўлган мамлакатнинг кейинги йил учун мўлжалланган бюджетининг асосий бандларини тақдим этди. «Бу катта саъй-ҳаракат, аммо ортга йўл йўқ», — дейди Тукс мудофаа секторининг молиялаштирилиши ҳақида.
Полша молия вазири Анжей Доманскининг маълум қилишича, мудофаа харажатлари бўйича билдирилган таклифлар ЯИМнинг 4,7 фоизини ташкил этади. Шундоқ ҳам мамлакат НАТО ва Европа Иттифоқи давлатлари орасида мудофаага энг кўп маблағ йўналтиради — жорий йилда бу ЯИМнинг 4,2 фоизини ташкил этган.
Россия босқинидан кейин Украинани қўллаб-қувватлаб келаётган Полша йирик ҳарбий техникалар, жумладан, АҚШ ва Жанубий Кореядан қирувчи самолётлар, танклар ҳамда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини фаол харид қилмоқда.
Мамлакатдаги биринчи атом электр станциясини қуришга 1,2 миллиард доллар ажратилган бўлиб, у 2035 йилда фойдаланишга топширилиши керак. Тускнинг айтишича, зарур инфратузилмани тайёрлаш бўйича ишлар тез орада бошланади. Полша сўнгги йилларда Россияга бўлган энергия қарамлигини қисқартиришга уринмоқда.
Прогнозларга кўра, кейинги йилда Полшанинг иқтисодий ўсиши 3,9 фоизни, инфляция даражаси эса 5 фоизни ташкил этади.
Мамлакат бюджетининг режаси касаба уюшмалари билан муҳокама қилинмоқда ва Полша қонунчилик палатаси ҳамда президент Анжей Дуда томонидан маъқулланиши керак.
Мавзуга оид
11:44 / 19.05.2025
Полшада президентлик сайловларининг иккинчи тури бўлиб ўтади
21:54 / 15.05.2025
Полша 10 мингта Warmate камикадзе дронларини сотиб олади
11:04 / 10.05.2025
Франция ва Полша икки давлат ўртасида дўстлик шартномасини имзолади
20:44 / 02.05.2025