Жаҳон | 12:03 / 28.08.2024
5908
2 дақиқада ўқилади

Россия матбуоти Украина Белгород вилоятига ёриб ўтишга урингани ҳақида хабар берди

Белгород вилояти чегарасидаги вазият «мураккаб, аммо назорат остида», деди губернатор Вячеслав Гладков. Ҳукуматга яқин ОАВ чегара зонасида жанглар кетаётгани ҳақида хабар берган.

Фото: SCANPIX

Россия ҳукуматига яқин ОАВ ва Z-блогерлар 27 август, сешанба куни Белгород вилояти чегарасида жанглар кетаётгани ҳақида хабар берди. Вилоят губернатори Вячеслав Гладков ҳам Украина қуролли кучларининг чегарани бузиб ўтишга уринишига изоҳ берди.

«Душман Белгород вилояти чегарасини бузиб ўтишга уринаётгани ҳақида маълумот пайдо бўлди, Россия Федерацияси мудофаа вазирлигининг маълумотларига кўра, ҳарбийларимиз режали ишларни амалга оширмоқда. Хотиржам бўлинг ва фақат расмий маълумот манбаларига ишонинг», дейилади Гладковнинг Telegram-каналидаги хабарида. 

Аввалроқ Россия хавфсизлик кучларига яқин бўлган Mash Telegram-канали Украина қуролли кучларининг 500 га яқин кишидан иборат гуруҳи чегарани бузиб ўтишга урингани ҳақида хабар бериб, жангчилар орасида «Полша, Гуржистон ва АҚШдан келган хорижлик ёлланма аскарлар борлиги»ни билдирганди. Mash маълумотларига кўра, Нехотеевка қишлоғи ҳудудида бир нечта пиёда жанговар машиналарда 200 нафар украиналик аскарлар жанг қилган, гўё яна 300 нафари «Шебекино» назорат пунктига ҳужум қилишга уринган. 

Ўз навбатида, хавфсизлик кучларига яқин бўлган яна бир Telegram-канал -  Shot Нехотеевкага қилинган ҳужум қайтарилгани, «Шебекино» назорат-ўтказиш пунктида эса тўқнашувлар бўлмагани ҳақида хабар берди. Shot бошқа рақамларни ҳам келтирди: унинг маълумотларига кўра, Нехотеевкага 60 га яқин украиналик ҳарбий хизматчилар ва саккизта зирҳли техника яқинлашган. Баъзи ҳарбий каналлар Журавлевка қишлоғи ҳудудидаги жанглар ҳақида маълумот тарқатди. Кремлга яқин ҳарбий блогер Владимир Романовга кўра, Украина қуролли кучлари ҳужум уюштиришга уринган, бироқ қайтарилган. 

«Пепел» Белгород Telegram-каналининг хабарига кўра, Белгород ва Борисов туманларида артиллерия овози эшитилган. Дастлабки маълумотларга кўра, Шебекино ҳудудида тўқнашувлар кузатилмаган.

Мавзуга оид