Ўзбекистон | 22:05 / 28.08.2024
3824
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев академик Беҳзод Йўлдошев вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди

Ёрқин истеъдод ва чуқур билимга эга бўлган Беҳзод Йўлдошев узоқ йиллик илмий фаолияти давомида ядро физикаси ва элементар заррачалар физикаси бўйича кўплаб кашфиётлар муаллифи сифатида танилди.

Фанлар академияси президенти, физика-математика фанлари доктори, академик, Олий Мажлис Сенати аъзоси, фан арбоби Беҳзод Йўлдошев 28 август куни 79 ёшида вафот этди. Президент Шавкат Мирзиёев унинг оиласига ҳамдардлик билдирди.

Беҳзод Йўлдошев 1945 йил 9 майда Тошкент шаҳрида туғилди. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг Тошкент давлат университетини физика мутахассислиги бўйича тамомлади. Меҳнат фаолиятини 1968 йилда Фанлар академиясининг Ядро физикаси институти стажёр-тадқиқотчиси сифатида бошлади. 1972 йилда номзодлик, 1982 йилда докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. 2000 йилда Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси этиб сайланди.

Юқори энергиялар физикаси соҳасида халқаро миқёсда кенг эътироф этилган олим Ядро физикаси институти директори, Фанлар академияси президенти лавозимларида ўзининг юксак илмий ва ташкилотчилик салоҳиятини намоён этди. Юқори малакали илмий кадрлар тайёрлаш, хорижий илмий марказлар билан ҳамкорликни ривожлантириш, илмий натижаларни иқтисодиёт тармоқларида қўллаш ишларига муносиб ҳисса қўшди.

Кейинги йилларда Фанлар академияси президенти сифатида илм-фан соҳасини модернизация қилиш, академия тузилмасини такомиллаштириш, илмий-тадқиқот муассасаларини ривожлантиришга раҳбарлик қилди.

Ёрқин истеъдод ва чуқур билимга эга бўлган Беҳзод Йўлдошев узоқ йиллик илмий фаолияти давомида ядро физикаси ва элементар заррачалар физикаси бўйича кўплаб кашфиётлар муаллифи сифатида танилди. Олимнинг 400 дан ортиқ илмий ишлари, монографиялари, ядро тадқиқотлари бўйича фундаментал тадқиқотлари нуфузли хорижий нашрларда чоп этилган. Унинг раҳбарлигида ўнлаб фан докторлари ва фан номзодлари тайёрланди.

У Халқаро атом энергияси агентлигида фан бўйича маслаҳатчи, АҚШ Вашингтон ва Стенфорд университетлари, Бирлашган ядро тадқиқотлари институти профессори лавозимларида ишлаган. Бир қатор ривожланган мамлакатлардаги илмий лабораторияларда халқаро тадқиқотчилар гуруҳлари томонидан бажарилган йирик экспериментлар ҳамда ядровий хавфсизликни мустаҳкамлаш ва ядро қуролларини тарқатмаслик бўйича амалий ечимлар ишлаб чиқиш юзасидан йирик лойиҳаларга раҳбарлик қилган.

Беҳзод Йўлдошев миллий парламентаризмни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшди. 2000-2004 йилларда Олий Мажлиси депутати, кейинги вақтда Олий Мажлис Сенати аъзоси сифатида самарали фаолият олиб бориб, илм-фан соҳасини ривожлантиришга оид қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва қабул қилишда ўзининг жонкуярлиги ва фидойилигини намоён этди.

Академикнинг илм-фанини ривожлантириш борасидаги хизматлари муносиб тақдирланди. У “Ўзбекистон Республикаси фан арбоби” фахрий унвони, “Фидокорона хизматлари учун” ва “Меҳнат шуҳрати” орденлари, Беруний номидаги давлат мукофоти, “Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби" унвони билан мукофотланди.

«Фидойи олим, меҳрибон устоз, камтарин инсон Беҳзод Йўлдошевнинг хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади», дейилади хабарда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид