Ўзбекистон | 12:22 / 28.08.2024
4645
2 дақиқада ўқилади

Содиқ Сафоев: Ўзбекистон Афғонистондаги вазият билан боғлиқ масалалар халқаро кун тартибида эътиборсиз қолаётганидан хавотирда

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида "Толибон" ҳокимияти таъсиридаги Афғонистон – қўшни мамлакатлар ва буюк давлатларнинг муносабати" мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Фото: "Дунё" АА

Анжуманни Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари, университет ректори Содиқ Сафоев очиб берди. У ўз нутқида Афғонистон минтақа барқарорлигининг муҳим омили эканини таъкидлади.

"Ўзбекистон ушбу мамлакатдаги вазиятнинг ривожланиши билан боғлиқ масалалар халқаро кун тартибида четда қолиб кетаётганидан хавотирда. Афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатишни кенгайтириш ва жаҳон ҳамжамиятининг бу давлатга нисбатан ягона стратегиясини ишлаб чиқиш минтақа ва жаҳон мамлакатларининг устувор вазифаси бўлиб қолмоқда", - деди Содиқ Сафоев.

Германия элчиси Манфред Хутерер Ўзбекистоннинг Афғонистон билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни йўлга қўйиш, қўшни давлатга мунтазам равишда гуманитар ёрдам кўрсатиш борасидаги ташаббусларини қўллаб-қувватлади.

Экспертлар Афғонистоннинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш масалаларини атрофлича муҳокама қилдилар. Геосиёсий масалалар ва ушбу мамлакатни минтақавий муносабатлар таркибига киритиш имкониятлари кўриб чиқилди. Афғонистон ҳокимият органларининг минтақавий ва глобал сиёсатдаги етакчи давлатлар билан сиёсий, дипломатик, савдо-иқтисодий муносабатлари масалаларига баҳо берилди.

Мавзуга оид