Жаҳон | 18:14 / 28.08.2024
20248
11 дақиқада ўқилади

Зеленский Украина баллистик ракетасини яратганини айтди. Киевнинг ракета дастури ҳақида нималар маълум?

27 август кунги матбуот анжумани вақтида Володимир Зеленский Украина ўзининг илк баллистик ракетасини муваффақиятли синовдан ўтказганини айтди. Бу украин ҳарбий-саноат комплексининг уруш боришига сезиларли таъсир кўрсатадиган ютуғи, аммо украинлар президенти айнан қандай ишланма ҳақида гапирган бўлиши мумкин?

Фотоколлаж: Defense-UA

«Хўш, мен бу ҳақда гапиришга ҳали эрта деб ўйладим, лекин ... Украинанинг биринчи баллистик ракетаси синови ижобий бўлди. Ҳарбий-саноат комплексимизни бу билан табриклайман», — деди Зеленский тафсилотларга тўхталмасдан.

Зеленскийнинг сўзларига кўра, ўзининг баллистик ракетаси яратилиши ҳарбий-саноат комплексидаги украин мутахассисларининг юқори даражасидан далолат беради.

Зеленский июл ойидаёқ Украина ракета дастуридаги «яхши динамика» ҳақида гапирганди.

«Бизнинг ракета дастуримиз яхши динамикага эга, ва бу қийин вазифа бўлса ҳам, биз аста-секин фақатгина ҳамкорлар таъминотига таяниб қолмасдан, ўз ракеталаримиздан фойдаланиш имкониятига эга бўлишга яқинлашяпмиз», — деганди президент.

Зеленский украинлар баллистик ракетаси ҳақида 27 август кунги матбуот анжуманида гапирган

Шу билан бирга, украин армияси ихтиёрида бунгача ҳам баллистик ракеталар мавжуд эди.

Бу советлар даврига мансуб эски «Точка-У» комплекси бўлиб, унинг ҳаракатланиш масофаси атиги 120 км ва ракеталар миқдори чекланганди. Бундан ташқари, Украина қуролли кучларига Американинг 300 км масофага зарба бера олувчи ATACMS ракеталари етказиб берилган, аммо Оқ уй Киевга уларни Россия ҳудудига зарба бериш учун қўллашни қатъиян тақиқлаган.

Шу туфайли ўзининг узоқ масофага ҳаракатланувчи баллистик ракеталарини яратиш сўнгги йилларда украин ҳарбий-саноат комплекси учун устувор вазифа бўлиб турганди.

Зеленскийнинг баёноти нима учун муҳим ютуқдан дарак бераётганини тушунтириш учун баллистик ракеталар ўзи нима экани ва Украина нима учун қарийб 20 йил мобайнида ўзининг шундай қуролларини ишлаб чиқа олмаганини изоҳлаш керак бўлади.

Муҳим қурол

Қанотли ракеталардан фарқли ўлароқ, баллистик ракеталар якуний босқичда нишон томон қарийб тик ҳолатда ҳужум қилади — ва буни шундай тезликда амалга оширадики, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими уни қайтариши деярли имконсиз бўлади.

Бундай ракеталар қуруқликдаги стационар учириш қурилмаларидан ёки ҳаракатланувчи қурилмалардан, шунингдек, кемалар, сув ости кемалари ва самолётлардан учирилиши мумкин.

Ракеталар осколка-фугасли, кассетали ва ҳатто ядровий жанговар қисмни таший олади.

Баллистик ракеталар учиш масофасига қараб кичик масофали (250-1000 км), ўрта (1000-2500-4500 км) ва қитъалараро (4500-6000 км) ракеталарга бўлинади.

Кучи, тезлиги ва аниқлиги баллистик ракеталарни Россия армиясидаги энг юқори аниқликдаги қуроллардан бирига айлантирган.

Россия баллистик ракетаси билан 1 июл куни Полтава областидаги «Миргород» аэродромига зарба берилиши. РФ мудофаа вазирлиги украинларнинг 7 та қирувчи самолёти йўқ қилингани ва зарарлангани ҳақида маълумот берган. Украина буни тасдиқламаган

Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар театрида ва фронт ортидаги муҳим нишонларга зарбалар беришда айнан баллистик ракеталар қўл келади — улар асосан «Искандер-М» тизимларидан учирилади.

Бу 7,2 м узунликдаги, жанговар каллаги қарийб 500 кг бўлган, финал босқичида 2100 м/с тезликда учадиган қудратли ракетадир.

Яъни «Искандер» ўзининг максимал масофасини (400-500 км) 5-6 дақиқа ичида босиб ўтиши мумкин. Россияликлар уни нисбатан яқинроқ масофалардан учираётгани ҳисобга олинса, парвоз вақти янада қисқаради.

Хусусан, РФ армияси «Искандер»лардан Полтава, Днипропетровск ва Кировоград областларидаги ҳарбий аэродромларга, шунингдек HIMARS ва Patriot ракета тизимларига ҳужум қилиш учун фойдаланган.

Одатда ҳужумлар қуйидагича кўринишда бўлади: россияликларнинг разведкачи дрони нишонни аниқлайди, унинг координаталарини узатади, баллистик ракета эса бир неча дақиқа ўтиб рақиб объектига зарба беради.

Тез-тез ва анча самарали фойдаланиш шунга олиб келдики, Россия, катта эҳтимол билан, ўз баллистик ракеталари захирасининг каттагина қисмини сарфлаб юборди. Натижада мамлакат Шимолий Кореяга мурожаат қилишига тўғри келди — корейслар етказиб берилган ракеталар аллақачон Украина бўйлаб зарбалар йўллашда фойдаланилмоқда.

Баллистик ракеталарни уриб тушириш — украинларнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими учун энг қийин вазифалардан бири саналади. Украина қуролли кучлари бош қўмондони Олександр Сирский эълон қилган маълумотга кўра, кенг кўламли уруш бошланганидан буён РФ Украина бўйлаб «Искандер» русумли баллистик ракеталардан 1300 тасини учирган, шундан фақат 56 тасини тўхтатишнинг имкони бўлган.

Яъни Россия-Украина уруши учун айнан баллистика фавқулодда муҳим аҳамиятга эга: у томонлардан бирига жиддий устунлик беради.

Шунга кўра, украинларнинг ўз баллистик ракетасини ишлаб чиқариш мамлакат мудофаа саноати учун устувор вазифа бўлиши керак эди. Муаммо шундаки, олдинги 20 йил мобайнида бу ишнинг уддасидан чиқилмаган.

Украина баллистик ракеталари тарихи

Украинанинг ўз баллистикасини яратиш ҳақида 2000-йиллар бошида, Виктор Юшченко президентлигидаёқ ўйлай бошлашган.

Ўшанда «Сапсан» оператив-тактик ракета комплекси ишлаб чиқилиши ҳақида эълон қилинганди, у амалда россияликларнинг «Искандер» тизими муқобили бўлиши кўзда тутилганди. Украинлар комплекси ҳам 500 км масофагача бўлган нишонга зарба бериши ҳамда 500 кг атрофидаги жанговар каллакка эга бўлиши керак эди.

«Гром-2» оператив-тактик ракета комплексининг учириш қурилмаси. Бу Украина «Сапсан» базасида Саудия Арабистони учун яратган ракета комплекси лойиҳаси бўлганди. Фото: ТСН

Бу лойиҳани 2012 йилда якунлаш мўлжалланганди, аммо молиялаштириш етарли бўлмагани туфайли муддат ортга сурилиб боради. Виктор Янукович президентлиги даврида,  2013 йил июнида лойиҳа кутилмаганда тўхтатилади.

«Сапсан» лойиҳаси буткул ёпилгани тўғрисида Украинанинг ўша вақтдаги мудофаа вазири Павел Лебедев эълон қилган. Ҳозир у давлатга хиёнат қилишда айбланиб қидирувга берилган, маълумотларга кўра, у Россия томонидан аннексия қилинган Қримда яширинган.

Аммо 2016 йилда «Сапсан» лойиҳаси «Гром-2» экспорт номи остида қайта тикланиши маълум бўлади. Украина 280 км масофага ҳаракатланувчи бундай комплексни гўёки Саудия Арабистони буюртмаси билан яратишни бошлагани айтилади.

2021 йил февралида мудофаа вазири Андрей Таран «Сапсан» 80 фоизга тайёрлиги ва «сўнгги қадамни ташлаш» ва ушбу замонавий қуролнинг илк намунасини ишлаб чиқишни охиригача етказиш қолганини маълум қилади.

Ўша йил апрелида эса унинг ўринбосари Андрей Миронюк оператив-тактик ракета комплексининг илк батареяси тайёрлиги даражаси 70 фоизни ташкил этаётганини айтган.

Бу батарея иккита учириш қурилмаси ва зарядловчи машиналар, шунингдек имкон қадар қисқа вақт ичида барча синовларни ўтказиш учун иккита бошқарув машинасини (дивизион ва батарея даражаси) ўз ичига олиши керак эди.

Россия билан кенг кўламли уруш бошлангач, украинлар ракета дастури ҳақидаги расмий маълумотлар янада камаяди. Шу билан бирга, Москва гўёки украинларнинг «Гром-2» баллистик ракеталари уриб туширилгани тўғрисида бир неча марта хабар беради.

Бундан ташқари, украин ҳуқуқ-тартибот органлари 2022 йил кузида Днипродаги «Южное» конструкторлик бюроси ходимини жосусликда гумонлаб қўлга олган. Тергов маълумотига кўра, у Россия махсус хизматларига хусусий корхонада «Сапсан»лар ишлаб чиқарилиши ҳақида маълумот етказган.

Унинг сўзларига кўра, 2022 йил ёзида бу ракета комплекси тайёр ва ишлаб чиқариш босқичида бўлган.

«Южное» конструкторлик бюросида «Сапсан» учун ракета. Шу вақтга қадар украинлар баллистикаси муваффақиятли синови ҳақида ошкора айтилмаганди

2024 йил августида ҳарбий эксперт ва «Вернис живым» фонди раҳбари Тарас Чмут Украина «Сапсан»нинг уч хил модификациясини ишлаб чиқаётганини айтади, аммо улар қай жиҳатлари билан фарқланишига тўхталмайди.

«Афсуски, Украина давлати бу комплексларни фақат 2022 йилга келиб молиялаштира олди», — дея қайд этган у.

Ҳарбий таҳлилчи Николай Белесков президент Зеленскийнинг баёнотида гап айнан «Сапсан» комплекси учун баллистик ракеталар муваффақиятли синовдан ўтказилгани ҳақида кетганига ишора қилган.

«Бекор қилинганидан муваффақиятли синовга қадар 11 йилдан кўпроқ вақт ўтди», — дея ёзган у фейсбукда «Сапсан» лойиҳаси 2013 йил июнида тўхтатилгани ҳақида чиққан хабардан скриншот келтириб.

Аммо бу ишланма ҳарбий шароитларда қанчалик муваффақиятли бўлиши ҳақида гапиришга ҳали эрта. Буни фақат вақт кўрсатади.

Агар украинларнинг баллистик ракетаси етарлича тезкор, кучли ва аниқ борувчи бўлиб чиқса, ҳатто Москва ҳам хавф доирасида қолиши мумкин, Украина чегарасидан Россия пойтахтига қадар масофа тахминан 460 километрни ташкил этади.

Таҳлил: бу нима учун муҳим бўлиши мумкин

BBC ҳарбий шарҳловчиси Павел Аксенов — украинларнинг илк баллистик ракетаси ҳақида

Украинлар «Паляница» қанотли ракетасини яратишгани маълум бўлганидан икки кун ўтиб Зеленский баллистик ракета синовдан ўтказилгани ҳақида маълум қилди.

Бу эълонда ажабланарли ҳеч нарса йўқ. Украина — советлар давридан буён авиация саноати ривожланган, йирик ракета корхоналари — «Луч» ва «Южмаш» конструкторлик бюролари бўлган мамлакатдир. Украина самолётлар ва космик ракеталар ясаган.

Ҳатто уруш шароитида ҳам, украинларнинг ҳарбий-саноат корхоналари россияликларнинг ракета зарбаларига учраб, фаолият юритиши қийинлашган ҳолатда ҳам мамлакатда мутахассислар ва технологиялар мавжудлигича қолмоқда.

Шу туфайли баллистик ракета яратилишининг ўзи умуман имконсиз иш бўлиб кўринмайди.

Баллистик ракета ҳақида бутунлай кутилмаганда эълон қилинган «Паляница» қанотли ракеталаридан фарқли ўлароқ айрим маълумотлар маълум бўлса-да, унинг масофаси, ҳажми, учириш тизими ҳақида ҳеч нарса маълум эмас.

Шу билан бирга, советларнинг «Град» тизими ракеталари ва украинларнинг ундан ҳам узоқроққа учувчи «Олха» ракеталари ҳамда Американинг MGM-140 ATACMS ракеталарини ҳам баллистик деб ҳисоблаш мумкин.

Агар бу янги ракета «Точка У» ёки ATACMS каби оператив-тактик классга мансуб бўлса, шунингдек, агар Украина уни қанотли ракеталар билан биргаликда ишлаб чиқара олса, уларнинг биргаликда қўлланиши Россиянинг чегара ҳудудларидаги вазиятни анча оғирлаштиради — бир неча зарба бериш воситалари комбинациялашган ҳолда қўлланганида бундай ҳужумни қайтариш жуда қийин бўлади.

Бундан ташқари, бундай воситалардан Россияга зарба беришни ҳеч ким чеклай олмайди.

Ҳозирча бу қуроллар салоҳиятини баҳолаш қийин — улар ҳақида деярли ҳеч нарса маълум эмас, жумладан тайёрлик даражаси ва ишлаб чиқариш имкониятлари ҳам.

Аммо ишонч билан айтиш мумкинки, ғарб таъминоти чекланган шароитда украинлар мустақил қуролланишга бел боғлаган.

Мавзуга оид