Ўзбекистон | 20:47 / 29.08.2024
3483
5 дақиқада ўқилади

29 августнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Янги мактаблар қуриш нархини очиқлаган таълим вазири, ЙПХ баённомаси устидан арз қилиш учун янги усул, тасдиқланган “супер контракт” нархлари ва пақилдоқларга қарши чоралар — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Ҳилола Умарованинг матбуот анжумани

Жорий йилда мактабларни 398 минг ўқувчи битирса, 1-синфга қабул қилинаётган болалар бундан икки баробар кўпроқ — 700 минг бўлиши кутилмоқда.

Янги ўқув йили олдидан ўтказилган матбуот анжуманида соҳа вазири Ҳилола Умарова юкламани камайтириш учун йил давомида қўшимча 180 минг ўқувчи ўрни яратилиши режа қилинганини айтди.

Ҳозирги кунда вазирлик тизимида ҳар бир ҳудуд кесимида 5 йилга қадар қанча мактабларга қўшимача бино қўшиш кераклигига ойдинлик киритувчи алоҳида таҳлилий гуруҳ ташкил қилинган”, – деди Умарова.

Ҳилола Умарова типовой мактабларни қуриш қанчага тушишини ҳам очиқлади

Масалан, 330 ўринли мактаб 13 млрддан ошиқроққа, 528 ўринлиги 18,5 млрд сўмга, 660 ўринли мактаб 19,5 млрд сўмга тушади. Энг катта сиғимлиги 1680 ўринлиси эса 58 млрд сўмга яқин”, деган у.

ЙПХ баённомаси устидан ариза бериш осонлашмоқда

Энди фуқаролар йўл ҳаракати қоидалари бузилиши билан боғлиқ чиқарилган қарор ва хабарномалар бўйича ўз эътирозларини расмий ариза кўринишида Ягона интерактив давлат хизматлари портали — my.gov.uz орқали онлайн юбориши мумкин.

Ҳукумат Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига электрон мурожаат қилиш тартиби тасдиқлади. Унга кўра, Рақамли технологиялар вазирлиги билан ҳамкорликда my.gov.uz порталида «Йўл ҳаракати қоидалари бузилиши билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан чиқарилган қарор ва юбориладиган хабарномалар ҳақида мурожаат юбориш» хизмати ишга туширилди.

Ушбу хизмат жисмоний ва юридик шахсларга 10 кун муддатда бепул кўрсатилади. Бунинг учун эътирозни асословчи маълумотларни киритиш ва юбориш тугмасини босиш кифоя.

Рақамли технологиялар вазирлигига кўра, мазкур хизмат ҳозирча синов тариқасида ишламоқда, 1 сентябрдан тўлиқ йўлга қўйилади.

Супер-контракт” нархлари тасдиқланди

Олий ўқув юртларига кириш учун етарли балл тўплай олмаган абитуриентлар “супер контракт”, яъни оширилган тўлов орқали ўқишга қабул қилиниши мумкин. Табақалаштирилган контракт тузилиши учун абитуриентнинг тўплаган балли қабул чизиғига 4,05 баллдан ортиқроқ етмаган ҳамда 56,7 баллдан кўпроқ бўлиши лозим.

2024/2025 ўқув йили қабулида бакалавриат кириш имтиҳонларидан йиқилган абитуриентлар учун табақалаштирилган контракт нархлари тасдиқланди.

Жуда кўп йўналишларда нархлар белгиланган тўлов миқдорининг ўртача 6-7 баробарини ташкил этмоқда.

Энг “қиммат” йўналишлар юриспруденция ҳамда давлат ва жамият бошқаруви йўналишларида — стандарт контракт суммасининг 19 баробари миқдорида.

Шунингдек, стоматлогия, даволаш иши, педиатрия иши йўналишларида “суперконтракт” миқдори 15 баробар, фармацевтика йўналишида эса 13 баробар.

Хўш, сиз супер контракт билан ўқишга кириб, диплом олган врачга ўзингиз ва болаларингиз соғлиғини ишониб топширган бўлармидингиз?

Пақилдоқларга қарши чоралар

Пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқарганлик, тайёрлаганлик, сақлаганлик, ташиганлик, жўнатганлик ва Ўзбекистондан олиб чиққанлик учун жавобгарлик кучайтирилди.

Бу президент томонидан имзоланган қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритаётган ўзгартиришларда ўз аксини топган.

Кодексга пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқарганлик, тайёрлаганлик, сақлаганлик, ташиганлик, жўнатганлик ва Ўзбекистондан олиб чиққанлик, шунингдек пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ўтказганлик ёки Ўзбекистонга олиб кирганлик учун мазкур ҳуқуқбузарликларнинг ижтимоий хавфлилик хусусияти ва даражасидан келиб чиққан ҳолда жавобгарлик чоралари кучайтирилишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилди.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Термизда халқаро савдо маркази очилди

29 август куни Термиз шаҳрида «Термиз халқаро савдо маркази»нинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов, Афғонистон бош вазири вазифасини бажарувчи Абдулғани Бародар, Озарбойжон бош вазирининг ўринбосари Шоҳин Мустафоев, Қирғизистон иқтисодиёт ва савдо вазирининг ўринбосари Назарбек Малаев, Қозоғистон Республикаси савдо ва интеграция вазирининг ўринбосари Қайрат Тўрабаев ва бошқалар иштирок этди.

Марказни барпо этишдан кўзланган мақсад қулай ишбилармонлик муҳити ва логистикани яратиш, маъмурий тартиб-таомилларни соддалаштириш ва тадбиркорлар учун зарур шароит яратиш экани айтилмоқда.

«Мазкур Марказ минтақамизда савдо алоқаларини кенгайтириш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишда муҳим платформага айланишига ишонч билдирилди. Марказда Афғонистон фуқароларига савдо-сотиқ қилишлари, таълим, тиббиёт ҳамда бошқа ижтимоий хизматлардан фойдаланишлари учун шарт-шароитлар яратилган», – дейилади расмий пресс релизда.

Мавзуга оид