Жаҳон | 21:02 / 29.08.2024
3306
2 дақиқада ўқилади

Беларус ўзининг YouTube муқобилини тақдим этди

Президент администрацияси раҳбарининг ўринбосарига кўра, ҳозирча анча кучсиз бўлган ушбу платформа Беларус YouTube’ини яратишдаги биринчи қадам ҳисобланади.

Фото: Unsplash

Беларус ҳукумати мамлакатда YouTube видеохостингининг муқобили ишга туширилганини маълум қилди, деб хабар беради президент администрацияси бошлиғи ўринбосари Владимир Перцев.

«Videobel.by видеохостинги бу бизнинг биринчи ОТТ-платформамиз бўлиб, у ерга дастурлар ва турли рукнлар, ҳатто видеоконтент яратувчиларнинг эфирга кетмайдиган материаллари ҳам жойлаштирилади. Бу анча кучсиз муқобил бўлиши мумкин, аммо Беларус YouTube’ини яратишдаги биринчи қадамдир», — дейди Перцев.

Бу ҳақда у президент Александр Лукашенкога берган ҳисоботида айтиб ўтган. Унинг сўзларига кўра, лойиҳа 12 сентябр куни ишга туширилади.

Бунга қадар Россияда тўртта маҳаллий видеохостинг — RuTube, «ВК», Nuum ва «Платформа» ишга туширилган эди. РФ Давлат думасининг Ахборот сиёсати бўйича қўмитаси аъзоси Антон Горелкинга кўра, уларнинг ҳеч бири YouTube’га сезиларли рақобат туғдира олмаган.

Июл охирларида Давлат думасининг Ахборот сиёсати бўйича қўмитаси раҳбари Александр Хинштейн ҳукумат YouTube фаолиятини секинлаштиришини маълум қилганди. Унинг сўзларига кўра, бу Россия қонунчилигини бузаётган административ ресурсга қаратилган «мажбурий қадам». «Роскомнадзор» кейинроқ YouTube’нинг секинлашиб қолганига Google Россия серверларидан фойдаланишни истамагани билан боғлаган эди. Аммо Google ўз томонидан бирор техник муаммо борлигини рад этган.

Август бошидан бери Россияда YouTube фаолияти ёмонлашгани ҳақида шикоятлар кўпайди. Масалан, 2 август куни «Сбой.рф» сервиси 15 мингдан ортиқ шикоятни қайд этган бўлиб, бу одатий кўрсаткичлардан сезиларли даражада юқори.

YouTube’нинг Россиядаги кунлик ўртача қамрови 55,4 миллион киши. Россия ҳукумати Украинага уюштирилган ҳужум аввалидан бери машҳур видеохостингни блоклаш режаларини илгари суриб келмоқда.

Мавзуга оид