Жаҳон | 20:18 / 29.08.2024
1627
2 дақиқада ўқилади

Финландия дунёда биринчи бўлиб ишлатилган ядровий ёқилғи сақланадиган объектни ишга туширади

2026 йилдан бошлаб ишлатилган юқори радиоактив ядровий ёқилғилар сув ўтказмайдиган контейнерларга қадоқланади ва Финландия жануби-ғарбидаги ўрмонларга, 400 метрдан ортиқ чуқурликка кўмилади.

Фото: AFP/Getty Images

Финландия дунёда биринчи бўлиб ишлатилган ядровий ёқилғилар 100 минг йил давомида сақланадиган геологик объектни қуради, деб хабар бермоқда CNBC.

Ушбу лойиҳа барқарор ядровий энергетика учун туб бурилиш ва «бутун дунё учун модел» сифатида қабул қилинмоқда.

Қайд этилишича, 2026 йилдан бошлаб ишлатилган юқори радиоактив ядровий ёқилғилар сув ўтказмайдиган контейнерларга қадоқланади ва Финландия жануби-ғарбидаги ўрмонларга, 400 метрдан ортиқ чуқурликка кўмилади.

Мисдан ишланган мустаҳкам идишлар изоляцияланади, одамлар яқинлашмайдиган жойда минглаб йиллар давомида сақланади.

«Бу ҳатто кичик мамлакат ҳам инсониятнинг энг мураккаб йигирмата муаммосидан бирини ҳал этишга қодирлигини кўрсатмоқда. Охирги 10 йилдан бери кўряпмизки, ядровий энергетика Европадаги «яшил битим» учун муҳим», — дейди Финландия иқлим вазири Кай Мюккянен.

Onkalo — мазкур лойиҳанинг савдо маркаси бўлиб, фин тилидан «ғор» ёки «ўра» сифатида таржима қилинади. Бу тоғли ҳудуддаги лабиринт туннел ва Олкилуото оролидаги учта ядровий реактор олдида жойлашадиган омборга мос келадиган ном.

Onkalo лойиҳаси кимдир қайта ишланган ядровий ёқилғилар хавфсизлигини кафолатлай олиш-олмаслиги борасидаги баҳсларни юзага келтирди. Жаҳон ядро ассоциацияси маълумотларига кўра, айни вақтда ядровий энергетика дунёдаги жаҳон электр энергиясининг 9 фоизга яқин қисмини таъминламоқда. Ядровий энергетика тарафорларининг таъкидлашича, дунё давлатлари атмосферага чиқадиган зарарли газлар ҳажмини ва қазилма ёқилғиларга боғлиқликни камайтириш мақсадида ушбу электр манбасидан фойдаланишда давом этади.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид