Жаҳон | 20:33 / 29.08.2024
5286
1 дақиқада ўқилади

Москва аэропортида радиоактив ҳайкалчани олиб ўтмоқчи бўлган ўзбекистонлик тўхтатилди

Унинг шахсий буюмлари ичидаги ҳайкалчанинг радиоактив нурланиш дозаси қуввати меъёрдан 56 баравар юқорилиги аниқланган.

Фото: Baza

Москванинг Внуково аэропортида танк шаклидаги радиоактив ҳайкалчани олиб ўтмоқчи бўлган одам тўхтатилди, деб хабар берди Россия Федерал божхона хизматига таяниб РБК.

«Танк ҳайкалчаси Внуково божхоначилари томонидан 2024 йил 19 январ куни Тошкентдан келган Ўзбекистон фуқаросида борлиги аниқланган», дейилади хабарда.

Қайд қилинишича, эркак «яшил йўлак»дан ўтганида «Янтар» радиация мониторинг тизими ишга тушган. Кўздан кечириш чоғида божхоначилар шахсий буюмлар ичида жойлашган сариқ рангли металлдан ясалган танк шаклидаги ҳайкалча топган. Унга ўрнатилган соат юзасида радиоактив нурланишнинг дозаси қуввати 6,16 мкЗв/соатни ташкил этган, бу меъёрдан 56 баравар юқори.

Тахминларга кўра, ҳайкалчада радий-226 радиоактив моддаси мавжуд. Ҳайкалча олиб қўйилган ва радиоактив чиқиндилар билан ишлашга ихтисослашган «Радон» компанияси мутахассисларига сақлаш учун топширилган.

Иш материаллари Ички ишлар вазирлигига юборилгани таъкидланмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид