Жаҳон | 01:19 / 29.08.2024
20666
2 дақиқада ўқилади

Павел Дуров гаров пули эвазига озод этилди. Унга Францияни тарк этиш тақиқланди

Париж прокуратураси Telegram асосчисига нисбатан уюшган жиноятчиликка алоқадорлик бўйича бир қатор айбловларни эълон қилди.

Фото: Reuters

Telegram асосчиси Павел Дуровга нисбатан уюшган жиноятчиликка алоқадорлик бўйича бир қатор айбловлар эълон қилинди. Бу ҳақда Париж прокуратурасининг пресс-релизида сўз боради.

Дуров суд назорати остида озод этилди, лекин у Францияни тарк этмаслиги керак. Шунингдек, Дуров 5 миллион евро гаров пули қўйиши ва ҳафтасига икки марта полицияга келиб туриши зарур бўлади.

Павел Дуров 24 август куни кечқурун Париж аэропортида қўлга олинган эди. Икки кундан кейин Париж прокуратураси Дуров номаълум шахсларга қарши жиноий тергов доирасида 12 та жиноят, жумладан ваколатли органлар сўровига кўра маълумот беришни рад этиш, шунингдек, порнография, гиёҳванд моддалар ва ҳакерлик дастурларини тарқатишда иштирок этиш бўйича қўлга олинганини эълон қилди. 

Дуровга яқин манбанинг сўзларига кўра, Telegram кўп йиллар давомида платформада ноқонуний контент тарқалиши олдини олиш учун расмийлар билан ҳамкорликни талаб қилувчи ҳуқуқ-тартибот идораларининг чақируви ва суд қарорларига эътибор бермаган. 

Аввалроқ Ирина Болгар исмли аёл Telegram асосчиси Павел Дуровни фарзандига нисбатан «жисмоний зўравонлик ишлатганликда» айблаб, Швейцария судига даъво аризаси киритгани тўғрисида хабар берилганди. Болгар ўз даъвосига исбот сифатида терговга Дуров билан ёзишмалари ва шифокор томонидан 2023 йил апрелда ёзилган маълумотномани кўрсатган. Ҳужжатда боланинг уйқуси бузилиб, безовталиги ортгани қайд этилган.

Мавзуга оид