Жаҳон | 16:46 / 30.08.2024
4137
2 дақиқада ўқилади

2023 йилда Telegram 173 миллион доллар зарар кўрди – FT

Компаниянинг ўтган йилги даромади эса 342 миллион долларни ташкил этди.

Фото: Financial Times

Telegram’нинг 2023 йилдаги даромади 342 миллион, операцион харажатлари 108 миллион, умумий зарари эса 173 миллион долларни ташкил этди. Бу ҳақда компаниянинг молиявий ҳисоботида айтилган, деб хабар берди Financial Times.

Telegram балансидаги рақамли активлар, жумладан, Toncoin қийматининг ошиши ҳисобига зарар қисман қопланган.

Платформанинг ўзи ҳисоботларини оммага эълон қилмайди. FT материалида айтилишича, 2023 йилда Telegram рақамли активларининг умумий қиймати қарийб 400 миллион долларни ташкил этган, 2024 йилда компания Toncoin’ни тахминан 244 миллион долларга сотган. Шу билан бирга, Telegram бош директори Павел Дуровнинг Парижда ҳибсга олиниши ҳақидаги хабардан сўнг Toncoin нархи 20 фоизга арзонлашиб, 5,46 долларга тушди.

Францияда Павел Дуровга қарши бошланган тергов Telegram’нинг яқин икки йил ичида IPO (Initial Public Offering — компания акцияларини фонд биржасида бирламчи жойлаштириш) ўтказиш режаларини издан чиқариши мумкин, чунки инвесторлар ва реклама берувчилар платформага сармоя киритишни хоҳламаяпти, деб таъкидлади FT экспертларга таяниб. Баҳорда Павел Дуров компания улушини олмоқчи бўлган инвесторлар уни 30 миллиард долларга баҳолашганини айтганди.

Июл ойигача Telegram’нинг ойлик аудиторияси 950 миллион кишига етди. Дуров ҳибсга олинганидан кейинги дастлабки кунларда бутун дунё бўйлаб iOS платформасида дастурни юклаб олишлар сони 4 фоизга ошди, деб хабар берди TechCrunch. Шу кунларда Францияда Telegram бошқа ижтимоий тармоқлар орасида юклаб олиш бўйича биринчи ўринга, умумий рўйхатда учинчи ўринга кўтарилган.

28 август куни, ҳибсга олинганидан тўрт кун ўтиб, Париж суди Павел Дуровни 5 миллион евро миқдорида гаров эвазига суд назорати остида қўйиб юборди. Унга Telegram’даги фирибгарларнинг ҳаракатлари ва мессенжернинг Франция ҳукумати билан ҳамкорликдан бош тортишига оид олтита айблов қўйилган.

Мавзуга оид