Жаҳон | 23:23 / 30.08.2024
4742
3 дақиқада ўқилади

Аргентинада «Қизил бригадалар» террорчи гуруҳининг 40 йилдан бери қочиб юрган аъзоси қўлга олинди

65 ёшли Леонардо Бертулацци Италияда одам ўғирлаш ва бошқа жиноятлар учун қидирувга берилган эди.

Фото: AFP/Getty Images

Аргентина полицияси 40 йилдан бери одил судловдан қочиб юрган Италиянинг «Қизил бригадалар» террорчи-партизанлар гуруҳи аъзосини қўлга олди. У ватанида турли жиноятлар, жумладан одам ўғирлашда айбланган ва қидирувга берилган эди.

Леонардо Бертулацци Аргентинада йиллар давомида қочқин сифатида яшади, у мамлакатнинг радикал ўнг қанот президенти Хавиер Милей бошқаруви остида қочқин мақомини йўқотди. У аввалроқ Италияда 27 йиллик қамоқ жазосига сиртдан ҳукм қилинган эди. У Буэнос-Айресда ушланди, унинг ҳибсга олинишида Италия полицияси ҳозир бўлди.

«Қизил бригадалар» 1970-1980 йилларда Италияда ўнлаб шафқатсиз ҳужумлардаги ўлимлар, жумладан Италиянинг собиқ бош вазири Алдо Моро ўғирланиши ва ўлдирилиши учун жавобгар ҳисобланади.

«Бертулацци демократик қадриятлар ва кўплаб қурбонлар ҳаётига путур етказган жиноятлар учун жавобгардир», дейилади Аргентина ҳукумати баёнотида.

1980 йилдан бери қочоқ мақомида бўлган Бертулацци 1977 йил январ ойида Генуя шаҳрида денгиз муҳандиси Пиеро Костанинг ўғирланишида иштирок этганликда айбдор деб топилган. Генуянинг энг бой кема эгалари оиласи аъзоси бўлган Коста ўз уйи яқинида ўғирлаб кетилган эди.

Жиноятчилар дастлаб 10 миллиард лира тўлов талаб қилди, бироқ Коста оиласи билан олиб борилган музокаралар натижасида талаб 1,5 миллиард лирагача камайган. Тўлов амалга оширилди ва Коста 1977 йил апрел ойида қўйиб юборилди.

Тергов маълумотларига кўра, Костанинг ўғирланишидан мақсад террорчилик фаолиятини молиялаштириш учун маблағ топиш эди. Кейинчалик жиноятчилар Римдан квартира сотиб олиш учун 50 миллион лира сарфлаган. Улар 1978 йили бош вазир Алдо Морони ўғирлаб кетиб, шу квартирада сақлаган. Кейинчалик, орадан 55 кун ўтгач, унинг ўқлардан илма-тешик бўлган жасади автомобил юкхонасидан топилди.

Бертулацци Италияда қидирувга берилганига ва қаердалигини ҳамма билганига қарамай, эркин одам сифатида яшаш имконини берувчи мураккаб ҳуқуқий вазият ўртасида қолган эди. У 2002 йилда Буэнос-Айресда Интерпол билан ҳамкорликда олиб борилган терговдан сўнг ҳибсга олинди, бироқ саккиз ойдан сўнг қўйиб юборилди. Чунки Италиядаги суд жараёнлари сиртдан ўтказилгани туфайли, унинг экстрадиция этилишини истисно қиларди.

Италия бош вазири Жоржия Мелони ҳукумати унинг ҳибсга олингани ҳақидаги хабарни олқишлади. «Қочиб кетган «Қизил бригадалар» аъзосининг ҳибсга олиниши Италия суд тизими, Аргентина расмийлари ва Интерпол ўртасидаги интенсив ва самарали ҳамкорлик туфайли мумкин бўлди», дейилади баёнотда.

Италия расмийлари унинг тез орада Италияга қайтишини кутмайди. Бертулацци адвокатлари Аргентина қочқинлар комиссиясининг унинг қочқинлик мақомини бекор қилиш ҳақидаги қарори устидан апелляция шикояти берди ва у рад этилган тақдирда ҳам экстрадиция жараёни узайтирилиши мумкин.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид