Спорт | 22:44 / 30.08.2024
5358
2 дақиқада ўқилади

МҲЛ юлдузи Жонни Гордо вафот этди. У ва унинг укасини машина босиб кетган

Суриштирув давомида 31 ёшли ҳоккейчи ва унинг 29 ёшли укасини уриб юборган транспорт воситаси ҳайдовчиси маст ҳолатда бўлгани аниқланган.

Фото: Getty Images

Columbus Blue Jackets Миллий ҳоккей лигаси ҳужумчиси Жонни Гордо ҳамда унинг укаси Меттю Гордо йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳалок бўлди, деб хабар беради CNN.

Ҳодиса ака-ука Гордолар велосипедда кечки сайрга чиққанида юз берган. Ҳуқуқ-тартибот органлари маълумотларига кўра, Jeep Grand Cherokee маркали транспорт воситаси велосипедчиларнинг орқасидан келиб уриб юборган. Воқеа жойига етиб келган полиция ходимлари эркаклар олган тан жароҳати оқибатида вафот этганини қайд қилган.

Суриштирув давомида ҳоккейчи ва унинг 29 ёшли укасини уриб юборган транспорт воситаси ҳайдовчиси маст ҳолатда бўлгани аниқланган. Шу туфайли унга нисбатан бахтсиз ЙТҲ оқибатида ўлимга олиб келиш ва маст ҳолда автомобил бошқариш каби жиддий айбловлар илгари сурилган.

Жонни Гордо Миллий ҳоккей лигасининг ёрқин иқтидорларидан бири сифатида эътироф этиларди. 31 ёшли спортчи карераси давомида МҲЛда 763 та учрашув ўтказиб, ажойиб натижани кўрсатган — 743 очко.

«Жонни Гордонинг вафоти бутун ҳоккей жамияти учун улкан фожиа. Унинг иқтидори ва ўйинга бўлган садоқати мухлислар ҳамда ҳамкасблари хотирасида абадий қолади», — дейилади хабарда.

Жонни Гордо Columbus Blue Jackets жамоасининг энг яхши ҳужумчисига айланган эди. У етти маротаба МҲЛ юлдузлари иштирокидаги ўйинларга танлаб олинган.

TheKnot сайти маълумотларига кўра, ака-ука Гордолар жума куни Филаделфияда бўлиб ўтадиган синглисининг тўйида иштирок этиши керак бўлган.

Мавзуга оид