Спорт | 23:04 / 30.08.2024
13414
3 дақиқада ўқилади

Паралимпия ўйинларида иштирок этаётган ягона фаластинлик спортчи «Ғазода ҳам ҳаёт борлигини» кўрсатиб қўймоқчи

Жорий ҳафта бошида спортчилар Париждаги Паралимпия ўйинлари очилиш маросимида иштирок этди. Уларнинг кўпчилиги гуруҳ-гуруҳ бўлиб, жамоадошлари ва ҳамюртларига елкама-елка ҳаракатланган бўлса, Фади Алдиб исмли спортчи ёлғиз чиқиш қилди.

Фото: Umit Bektas/Reuters

Қайд этилишича, Фади Алдиб Парижда ўтказилаётган Паралимпия ўйинларида Фаластин байроғи остида иштирок этаётган ягона вакил. Алдибнинг фикрича, у олдинлари ўзини ҳозиргидек муҳим аҳамиятга эга инсон сифатида ҳис қилмаган.

Спортчи ватанида Исроил ва ҲАМАС ўртасида жанглар кетаётган бир пайтда ўйинларда иштирок этаётгани учун ўзини «бахтли» ҳамда «омадли» ҳис қилаётгани, аммо бурч туйғуси қамраб олганини таъкидлади.

«Бу ростдан ҳам жуда кўп стресс, жуда улкан масъулият… Бу Фаластин байроғи — биз ҳамон тирикмиз, биз ҳали ҳам шу ердамиз ва Фаластинда ҳам ҳаёт борлигини кўрсатмоқчимиз», — дейди Паралимпия ўйинларида иштирок этаётган фаластинлик ягона спортчи.

39 ёшли Алдиб Ғазо секторида туғилган бўлиб, у ногиронлик аравачасида ядро улоқтириш бўйича беллашувга киришади.

«Мен бу ерга фаластинлик сифатида, бутун дунёга Фаластин мавжуд эканини, биз йўқолиб кетмаётганимизни ва Ғазода ҳам, Фаластинда ҳам инсонийликни қидираётган одамлар борлигини кўрсатиб қўйиш учун келдим», — дейди Алдиб.

1995 йилда Миллий олимпия қўмитаси Фаластин Миллий олимпия қўмитасини ўз аъзоси сифатида тан олган. Бир неча ҳафта олдин Париж-2024 Олимпиада ўйинларида фаластинлик саккиз нафар спортчи енгил атлетика, таэквондо, ўқ отиш, сузиш, дзюдо ва бокс бўйича иштирок этди.

Уйдан узоқда кечган 10 йил

Алдиб охирги маротаба Ғазодаги оиласи билан бундан 10 йил олдин кўришган. Асли баскетболчи бўлган Фади Туркия ва Грецияга кўчиб ўтган, ҳозирда эса Францияда истиқомат қилади. Аммо бу ўз юртида бўлаётган зўравонликлар унга таъсир кўрсатмаганини билдирмайди.

2001 йили Фаластинда юз берган исёнда Алдиб ўқ еган. Ўша вақтда у 18 ёш бўлган ва келажаги порлоқ волейболчи эди. 14 ой тўшакка михланган спортчи иккита шифохонада ўзини қайта тиклашга мажбур бўлган ва шундан бери ногиронлик аравачасида юради.

Алдиб спорт карьерасини тўхтатиб қўймаган. У 2004 йилда баскетбол билан, 2007 йилда эса енгил атлетика билан шуғулланиб кўради. «Ғазода соғлом одамлар яшай олмаяпти, имконияти чекланган одамнинг яшашини қандай тасаввур қиласиз? Шу боис 10 йилдан бери оиламни, укаларим, сингилларимни кўра олганим йўқ», — дейди у.

Мавзуга оид