Қорақалпоғистонда Бухоро буғусини ноқонуний овлаган браконер 3,5 йилга озодликдан маҳрум қилинди
Суд браконерни ҳайвонот дунёсидан фойдаланиш тартибини бузиш ҳамда ўқотар қуролни ноқонуний сақлашда айбли деб топди. Судланувчидан давлат фойдасига табиатга етказилган зарар – 510 млн сўм ундириш ҳам белгиланган.
Беруний туманида ноқонуний равишда 1 бош Халқаро Қизил китоб ва Ўзбекистон Қизил китобига киритилган Бухоро буғусини овлаган шахс жиноий жазога тортилди.
Kun.uz ўрганган суд ҳужжатида келтирилишича, судланувчи Р.Ж. 2024 йил 11 январдан 12 январга ўтар кечаси буғу овлаш мақсадида мотоциклида туманнинг Бийбазар овули ҳудудига, Қуйи Амударё давлат биосфера резерватининг ўтиш зонаси ҳисобланган “Қурал-Рисгул” фермер хўжалиги дала майдонига борган. Унинг ёнида тегишли рухсатномасиз, ноқонуний равишда сақлаб келаётган ов қуроли бўлган.
Р.Ж. ноқонуний ов жараёнида 1 бош Бухоро буғусини отиб, нобуд қилган. Бу орқали у ҳайвонот дунёсига 510 млн сўм миқдорида моддий зарар етказган.
Р.Ж. судда айбига иқрорлик билдирмасдан, милтиқни 2024 йил 11 январ куни тушдан кейин уйи ёнидаги ўтинлар орасидан қопга солинган ҳолда топиб олганини билдирган.
“Милтиқни олиб, мотоциклда Бийбазар овулининг “Таллиқ” аҳоли пунктига бордим. Милтиқдан бир неча бор ўқ узиб кўрдим. Сўнгра дала бўйлаб тахминан 200-300 метр юрдим. Шунда дала четида 1 бош Бухоро буғуси ўлик, жонсиз ҳолда ётганини кўрдим. Унинг айрим жойларини кесиб, олиб кетиш фикри пайдо бўлди”, деган судланувчи ўз кўрсатмасида.
Гарчи айбига иқрорлик билдирмаган бўлса ҳам, унинг қилмиши гувоҳлар кўрсатмалари ва бошқа далиллар билан ўз исботини топган.
Суд ҳукми билан Р.Ж. Жиноят кодексининг 202-моддаси (ҳайвонот ёки ўсимлик дунёсидан фойдаланиш тартибини бузиш) 3-қисми “е, ж” бандлари ҳамда 248-моддаси 1-қисмида (ўқотар қуролнинг, ўқ-дориларнинг, ўқотар қурол асосий қисмларининг, портловчи моддаларнинг, портлатиш воситаларининг ёки портлатиш қурилмаларининг қонунга хилоф муомаласи) назарда тутилган жиноятларни содир қилишда айбли деб топилган. Унга нисбатан 3 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Шунингдек, Р.Ж.дан давлат фойдасига 510 млн сўм табиатга етказилган зарарни ундириш, тергов органи томонидан унинг уйидан хатланган 6,6 млн сўмлик мулклар (телевизор, кондиционер, музлаткич ва чангютгич)ни сотиш орқали тушган пулни зарарни қоплашга қаратиш белгиланган.
Мавзуга оид
17:03 / 16.11.2024
Қорақалпоғистоннинг Бўзатов туманига янги ҳоким тайинланди
10:30 / 10.11.2024
Қорақалпоғистонда содир бўлган ЙТҲда пиёда вафот этди
18:32 / 28.10.2024
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисига янги ўринбосар тайинланди
21:17 / 25.10.2024