Спорт | 10:24 / 30.08.2024
3971
6 дақиқада ўқилади

«Реал» мавсум стартида иккинчи бор очко йўқотди

Жамоа уч ўйинда жами беш очко тўплаган. Мбаппе эса ҳали лигадаги биринчи голини урмади.

Фото: Florencia Tan Jun/Getty Images

Ла Лига3-тур
«Лас
-Палмас»  «Реал» 1:1
Голлар:
Молейро (5) — Винисиус (68, пеналти). 
«Лас-Палмас» – Силлессен, Мармол, Маккенна, Суарес, Марвин, Кампаня (Луаодис, 81), Молейро (Бенито Рамирес, 61), Родригес (Фустер, 81), Хави Мунйос, Сандро Рамирес (Вити, 78), Макберни (Мата, 78).
«Реал» – Куртуа, Менди (Фран Гарсия, 46), Рюдигер, Милитао, Васкес (Карваҳал, 76), Чуамени, Валверде, Винисиус (Эндрик, 86), Модрич (Гулер, 64), Диас (Родриго, 46), Мбаппе.
Огоҳлантиришлар: Менди (40), Милитао (88).

«Реал» Испания чемпионатининг янги мавсумида иккинчи бор очко йўқотди. Учинчи турда Карло Анчелотти жамоаси сафарда «Лас-Палмас»ни мағлуб этолмади. Мадридликлар энди «Барселона»дан тўрт очкога ортда қолмоқда.

Дастлабки икки турдан кейиноқ Анчелотти Килиан Мбаппеда гол йўқлиги тўғрисидаги саволга жавоб беришига тўғри келганди:

«Мбаппе ўсмоқда. У ишламоқда, жараён яхши кетмоқда. Мослашиш ҳам. Килиан ҳали Ла Лигада гол урмагани хавотирга соладими? У охирги бор 14 август куни гол урганди! Атиги икки ҳафта ўтди. Хавотирланадиган нарса йўқ. Унда ҳам, бизда ҳам. У гол уришни хоҳлайди, бу тушунарли. Ва у уради…

Мбаппенинг марказдаги позицияси унинг жамоа ўйинига ҳиссасини камайтирадими? Йўқ, мен бундай ўйламайман. Мбаппе – ажойиб ҳужумчи, у жуда тезкор, тўпсиз яхши ҳаракатланади. Унда учта имконият бўлди. Ўйлайманки, у бу позициядан гол уради, доим уриб келганидек. Уни ўнгга ёки чапга ўтказиш керак деб ўйламайман. У шу ердан голлар уради».

Ҳозирча Мбаппе ва «Реал», албатта, Анчелотти кўришни истайдиган ҳолатда эмас. Испаниянинг амалдаги чемпиони «Лас-Палмас» билан ўйинда ҳам катта қийинчиликка учради. Айниқса учрашув дебютида «қаймоқранглилар» умуман ўзига ўхшамади. Мезбонлар енгилроқ ва кескинроқ ҳаракатланди, меҳмонлар эса оғир юк босиб тургандек. Бу ёзда миллий жамоалар сафида йирик турнирларда иштирок этган футболчилар бугунги кунда турлича спорт формасида экани билан ҳам боғлиқ.

«Лас-Палмас» бешинчи дақиқадаёқ илк хавфли ҳужумни гол билан якунлади. Мезбонлар «Реал» мудофаасини марказдан ёриб ўтишди. Шотландиялик марказий форвард Макбарни тўпни Молейронинг йўлига ташлаб берди, у эса моҳирлик билан Милитаони йўлдан олди ва ерлатиб узоқ бурчакни аниқ нишонга олди, Куртуа бу тўпга етолмасди. Анчелоттида марказий ҳавбек ва марказий ҳимоячиларга савол бўлиши аниқ. Қолаверса, беш дақиқа ўтиб Тчуамени тўп йўқотиши ортидан Макбарни иккинчи голни ҳам уриши мумкин эди.

«Реал» бўлимнинг иккинчи қисмида фаоллашган бўлса-да, футболчиларга ҳужумда тезкорлик етишмади. Илк голли вазият стандартдан кейин юзага келди. «Барселона»нинг собиқ посбони Силлессен Валверде марказдан ерлатиб берган мураккаб зарбани қайтарди. Мбаппенинг жарима майдони ташқарисидан йўллаган зарбаси эса унга умуман қийинчилик туғдирмади. «Лас-Палмас» ҳимоячилари унинг бошқа ҳужумларини ҳам тўхтатишди. Танаффус арафасида «Реал» жарима майдонида баҳсли вазият юзага келди: Макбарни Рюдигер билан яккакурашдан кейин газонга йиқилди – трибунадагилар шовқин кўтаришди ва пеналти талаб қилишди. Аммо видеотакрорда шотландиялик футболчи ўзи йиқилишни кўпроқ хоҳлагани кўриниб қолди.

Танаффусда Анчелотти иккиталик алмаштириш амалга ошириб, Менди ва Диасни майдондан олиб, Фран Гарсия ва Родригони туширди. «Реал» мураббийи қанотларни янгилади, шунга қарамай, чемпионларга голли вазиятлар яратишда нимадир етишмасди. «Лас-Палмас» эса иккинчи бўлим бошида ҳам тезкор гол уришга яқин келди. Килиан гол ура олмаётган паллада Кирян қаҳрамонга айланиши мумкин эди – мезбонлар ҳавбеки Родригес. «Лас-Палмас» чап қанотда яхши комбинация уюштирди, кейин эса Кирян нозик пас билан Рамиресни яккама-якка вазиятга чиқариб юборди. Аммо «Барселона»нинг собиқ ҳужумчиси «Реал»ни кечирди.

Лекин «Реал» барибир савия ҳисобига мувозанатни тиклади. Мезбонлар иккинчи бўлимда чарчаб қолишди. Мадридликлар стандартлар эвазига хавфли ҳужумлар уюштирди. Аввалига Тчуамени Модричнинг бурчакдан узатмасидан кейин бош билан гол уриши мумкин эди, кейин эса Анчелотти шогирдлари пеналти ишлади. Яққол фол – Суарес тўпни қўли билан ўйнади. 11 метрлик жарима зарбасини эса Мбаппе эмас, балки Винисиус Жуниор ижро этди. Бразилиялик ҳужумчи марказроқдан кучли бўлмаган зарба берди. Силлессен сейв қилиши мумкин эди, аммо тўпга ета олмади.

«Реал» ташаббусни қўлга олди, «Лас-Палмас» ўйиннинг охирги қисмида қарши ҳужумлар ҳам уюштира олмай қолди ва ҳисобни ушлашга ўйнади. Натижада чемпионлар зарбалар бериш бўйича яққол устунликка эришди – 25:7 (жарима майдони ичидан йўлланган зарбалар бўйича – 18:4, дарвоза соҳасига аниқ борган зарбалар бўйича – 8:2). Бу зарбалардан тўққизтаси Мбаппе томонидан йўлланди, аммо «қаймоқранглилар»нинг янги юлдузи бу сафар ҳам майдонни голсиз тарк этди. 85-дақиқада Килиан ўзи учун қулай вазият яратди, аммо яқин масофадан туриб аниқ зарба йўллай олмади. «Лас-Палмас» эса кутилмаганда стандарт вазиятдан кейин дарвозани ишғол этди! Аммо офсайд қайд этилди ва дуранг ҳисоб сақланиб қолди.

Мавзуга оид