Жамият | 17:12 / 30.08.2024
4312
3 дақиқада ўқилади

Янгийўлда аҳоли бир ойдирки тутун ичида яшамоқда. Масъулларга қилинган мурожаат иш бермаган

Туманнинг Ифтихор маҳалласи ҳудудидаги чиқинди полигонида қарийб бир ой олдин ёнғин келиб чиққан. Ҳудудда яшовчи аҳоли шундан буён атрофни қоплаб олаётган тутунни ютиб яшамоқда. “Айниқса, қариялар ва болалар нафас олишда қийналиб, азият чекяпти: аччиқ тутун уларнинг соғлигига жиддий таъсир кўрсатмоқда”, дейилади Kun.uz’га йўлланган мурожаатда.

Фото: Видеодан кадр

Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида қарийб бир ойдан бери чиқинди полигони тутаб ёнмоқда. Бу ҳақда Kun.uz’га ҳудудда яшовчи аҳоли мурожаат билан чиқди.  

Мурожаатчиларга кўра, чиқинди полигонидан чиқаётган тутун атрофни қоплаб олган ва бунинг оқибатида ҳудудда яшовчи аҳоли азият чекмоқда. Уларнинг масъулларга қилган мурожаатлари эса натижасиз бўлган.

Чиқиндихона бир ойдан буён ёнмоқда, аммо ҳеч кимнинг иши йўқ, биров келиб шуғулланмади бу муаммо билан. Унинг тутунидан қариялар ва болалар нафас олишга қийналишяпти, бу уларнинг соғлигига жиддий таъсир қилмоқда. Тегишли жойларга мурожаат қилдик, фойдаси бўлмади. Улардан фақат “энди ёнмайди”, деган бир хил жавобни эшитяпмиз”, дейилади мурожаатда.

Ушбу чиқиндихона биринчи бор ёнаётгани йўқ. Полигонда олдин ҳам ёнғин чиққан ва аҳоли ундан азият чеккан. Бироқ бу бирор мутасаддининг эътиборини тортмаган. 

Масалан, 2019 йилда мазкур чиқиндихонани ободонлаштириш масаласи кўтарилганида Янгийўл тумани ҳокимлиги масалани “Тоза ҳудуд” ДУК зиммасига юклаб қўяқолганди

“Бу чиқинди полигони 37,5 гектар ер майдонидан иборат. Янгийўл тумани ва шаҳрига хизмат қилади. У “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси балансида бўлганлиги учун ушбу масалага аниқлик киритиш ва ечимини топиш учун “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонасига мурожаат этиш мақсадга мувофиқ”, дейилганди ўшанда ҳокимлик ахборотида. 

Масъуллар муаммони бу шаклда бир-бирига “улоқтираётган” бир пайтда бир ойдирки атмосферани ифлослантираётган тутун экология ходимларининг ҳам эътиборини тортмагани қизиқ. Бир бош эчки кичик бир ниҳолнинг баргини еганида бундан дарҳол хабардор бўладиган экологлар катта бир ҳудудда қарийб 40 гектарлик чиқиндихона тутаб ётганлигини кўрмай қолиши эҳтимолдан анча йироқ. 

Ҳудуд аҳолиси масъуллар тезроқ масала эътибор қаратишидан, тутаётган тутун тўхтатилишидан ва тоза ҳаводан нафас олишларидан умидвор. 

Мавзуга оид