Жаҳон | 21:19 / 31.08.2024
6723
5 дақиқада ўқилади

АҚШ F-16 қирувчиларига хизмат кўрсатувчи мутахассисларини Украинага юборишни рад этди – The Wall Street Journal

Оқ уй ва разведка идоралари америкалик мутахассислар Россиянинг эҳтимолий нишонига айланишидан хавотирда, дейди нашр манбаларидан бири. Бундан ташқари, Украина Қуролли Кучлари F-16 самолётларига мустақил техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш учун, бошқа давлатлар каби, хусусий компаниялар хизматларидан фойдаланиши кутиляпти. Бу хизмат Нидерландия томонидан молиялаштиради.

Украина мудофаа вазири Рустем Умеров ва МХМ Кенгаши котиби Александр Литвиненко F-16 қирувчиси олдида. Украинанинг номаълум ҳудуди.
Фото: Валентин Огиренко / Reuters

АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти Ғарб ҳарбий техникаси, жумладан F-16 қирувчи самолётларига хизмат кўрсатиш учун америкалик пудратчилар, муҳандисларни Украинага юбориш таклифини рад этди. Бу ҳақда The Wall Street Journal нашри ўз манбаларга таяниб хабар бермоқда.

Таклиф АҚШ Миллий Хавфсизлик Кенгаши томонидан кўриб чиқилган, лекин разведка идоралари америкалик мутахассисларни юбориш жуда хавфли эканини айтиб, бу таклифга қарши чиққан. «Разведка идоралари Россия Украинадаги америкалик мутахассисларни нишонга олиш эҳтимолидан хавотир билдирди», деган нашр суҳбатдошларидан бири. Оқ уй – америкалик мутахассислар Украинада ҳужумга учраб қолса, унга қарши жавоб бериш учун етарли режалари йўқлигидан хавотирда.

Байден маъмурияти Европа давлатлари F-16 самолётларига техник хизмат кўрсатиш бўйича масъулиятнинг катта қисмини ўз зиммасига олишига умид қилмоқда. Пентагон кутилмаларига кўра эса украиналиклар F-16 самолётларини мустақил равишда сақлаб туриши мумкин. Чунки шу турдаги қирувчи самолётларга эга барча давлатлар, жумладан Қўшма Штатлар ҳам техник хизмат кўрсатишда у ёки бу даражада хусусий компаниялар хизматларидан фойдаланади.

Шу билан бирга АҚШ қўшимча дипломатлар, ҳарбий хизматчилар ва бошқа давлат мутахассисларидан кичик контингентини Киевдаги элчихонасига юборган.

26 август куни Украина Қуролли кучлари Ғарб иттифоқчиларидан олинган биринчи F-16 қирувчисини йўқотди. Украина ва АҚШ расмийлар ҳалокат сабабларини ошкор этмади ва ҳозирча текширув давом этмоқда.

АҚШ ҳарбий ҳаво кучларининг энг машҳур реактив қирувчи самолётлари бири бўлган F-16 доимий равишда юқори малакали техник хизмат кўрсатиш, жумладан парвоз вақтининг ҳар бир соати ҳам хизмат кўрсатишни талаб қилади. Одатда ҳар бир жангчи-учувчи билан ўнлаб малакали ёрдамчи ходимлар ишлайди.

Ҳарбий самолётларга техник хизмат кўрсатиш Украинанинг ўз ҳудудини ҳимоя қилиши учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиши мумкин. Чунки расмий Киев F-16 самолётлари Россиянинг ҳаводаги устунлигига тўсқинлик қилиб, ҳарбий ва фуқаролик инфратузилмасига учирилган ракеталарни уриб туширишига умид қилмоқда. Самолётларнинг қисмларни таъмирлаб, алмаштирувчи фуқаролик мутахассисларисиз – Украина Ғарб техникаларини сақлаб қолиш учун ҳам курашиши керак бўлади.

«Биз Украинага жанг қилиш учун АҚШ ҳарбийларини юбормаймиз, буни аниқ айтганмиз. Лекин Мудофаа вазирлиги пудратчилари борасида бундай қарор йўқ», — деди Пентагон расмийси.

Украина Голландия, Норвегия, Дания ва Белгиядан эски ва янгиланган F-16 қирувчиларини олиши кутилмоқда.

Piroschka van de Wouw / Reuters

Нашрнинг ёзишича, Нидерландия юқори мартабали ҳарбий офицери мамлакат F-16 самолётларини сақлаш, техник хизмат кўрсатиш бўйича фуқаролик компанияси ва Украина армияси ўртасида тузиладиган шартнома пулини тўлаб беришини тасдиқлаган.

«Биз Украина ҳукуматини хусусий шериклар билан шартномалар тузишда улар келажакда самолётни ишга тушира оладими ёки йўқлигини кўриш учун молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаймиз», деди Нидерландия мудофаа вазири Онно Эйхелшайм Вашингтонда журналистлар билан суҳбатда.

Украиналиклар бундан ташқари, АҚШ тақдим қилган Абрамс каби танкларни асраш учун ҳам ҳаракат қилмоқда. Чунки, бу техникаларни таъмирлаш учун Украина ҳарбийлари хориждаги мутахассислар билан видео алоқа қилишга мажбур бўлишмоқда. Ёки таъмирталаб техникалар хорижга таъмирлаш учун хорижга юборилади. Бу эса урушдаги давлат техникаларни кечикишига олиб келмоқда.

Украина жорий йил июль ойида ваъда қилинган 79 та F-16 қирувчиларининг дастлабки ўнтасини қабул қилиб олди. Бу йил Украина ушбу самолётлардан 20 тасини олиши керак, қолганлари 2025 йилда келади.

Фото: AP / Efrem Lukatsky

26 август куни эса Украина иттифоқчиларидан олган биринчи F-16 қирувчисини йўқотди. Ҳалокатда учувчи подполковник Алексей Мес ҳалок бўлди. Ҳалокатидан кўп ўтмай, Украина президенти Владимир Зеленский Украина Қуролли кучлари Ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондони Николай Олешчукни ишдан бўшатди.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид