Жамият | 13:59 / 31.08.2024
6195
6 дақиқада ўқилади

Mpox вируси билан вазият қандай тус оляпти? – АҚШдаги ўзбек вирусологи билан суҳбат

Mpox вируси Ўзбекистонга қанчалик хавф солиши, унга қарши вакциналар самараси ҳақида АҚШнинг Калифорния университети вирусологи Шароф Тугизов гапириб берди. Профессор чечакка қарши вакцинани яна қайтариш керак деган таклифлар пайдо бўлаётгани, бу қанчалик асосга эга эканлигига ҳам тўхталди.

Дунёда mpox вируси билан вазият қандай тус оляпти?

– Ҳозир дунёда mpox вирусининг 10-марта қайталаниши. Марказий Африка давлатларида тарқалаётган вирус 2023 йилда бошланган эди. Бу вируснинг Ib клади ҳисобланади. Бу клад яна Швеция ва Таиландда ҳам аниқланган. Ib кладнинг патогени кучлироқ бўлиб, 10 фоизгача ўлимга сабаб бўлади. Клад II Ғарбий Африкада 2022 йилда бошланганди ва ўшанда 100дан ортиқ мамлакатга тарқалиб кетганди. Ҳозир Африкада вазият яхши эмас. 18-20 минг одамда вирус аниқланиб, 600 киши вафот этди. ЖССТ Африкада касалликнинг кенг тарқалмаслиги олдини олиш учун 6 ойлик режани эълон қилди. Кураш учун 135 миллион доллар пул ва 10 миллион доза вакцина керак экан. Африкада вакцина масаласи доим оғир

Янги пандемия бошланиши мумкинми?

– 2022 йилги вазиятга қарасак, бу вируснинг ҳам тарқалиб кетиш эҳтимоли бор. Лекин ковид давридагидек катта пандемия бўлмайди. Чунки маймун чечаги ковидчалик тез тарқалиб кетолмайди. Агар терида шикастланган, шилинган жойи бўлса, ўша ердан вирус юқиши осон. Аммо соғлом тери орқали инсон организмига кира олмайди. Маймунчечак вируси организмга тушгандан кейин 1-4 ҳафта давомида туради, агар тошмалар ёрилмаса вирус ташқарига ажралмайди.

Маймунчечак қандай йўллар билан юқади?

– Бу вируснинг бошқа одамга юқиши учун вирусни олиб юрган одам билан алоқада бўлиш керак. Қучоқлашиш ёки ўпишиб кўришиш сингари. Вирус пуфакчалари оғиз шиллиқ қаватида ҳам пайдо бўлиши мумкин. Суюқлик тўпланган пуфакчалар ёрилиб кетмаса ёки атайлаб ёрилмаса, одамларга юқиш хавфи анча паст. Вирус юққандан кейин 1-3 ҳафта ичида клиник даври бошланади. Дастлаб терига қизил тошма тошади ва 5-6 кундан кейин ичига суюқлик тўпланади. Яна 5-6 кундан кейин тошма тошган тери соҳаси қорайиб, чандиққа айланиб қолади.

Сувчечак ва чечакдан қандай фарқи бор?

– Сувчечак ҳам маймунчечак сингари яра ичига суюқлик тўплаш орқали пайдо бўлади. Сувчечакни бошқа вирус чақиради. Бу касалликларни фарклаш учун полимераза занжири реакцияси тести билан лабораторияда диагностика килиш керак. Шунда аниклаш мумкин.

Чечакка қарши вакциналашни қайтариш керакми?

– Вирусга қарши вакциналар Германия, Америка ва Францияда ишлаб чиқарилмоқда. Бу вакцина 85 фоизгача фойда беради. Аммо вакциналар етмай қолиши мумкин. Шу учта давлат компаниялари Африкага ҳам кўмак бермоқда. Аммо бу анча кеч амалга оширилмоқда. Чунки 40 миллион вакцина Африкадаги эндемик зоналарга юборилиши керак эди, аммо бу иш амалга оширилмади. Агар шу Марказий Африкада ўз вақтида вакцинация қилинганда эди, бу қадар кўп давлатларга тарқалмаган бўларди.

Нега вирус Африкада тарқалишни бошлади?

– Баъзи олимлар вакцинацияни қайтариш керак деб ҳисобламоқда. Аммо ҳозирча бунга эҳтиёж йўқ. Вирусни Африканинг ўзида локализация қилишнинг ўзи кифоя. Ҳозирча дунёнинг бошқа қисмларида эндемик зоналар йўқ. Аммо вирус тарқалишининг олди олинмаса, бу эндемик зоналар кўпайиши мумкин. Африка табиатида вирус ташувчи ҳайвонлар бор. Сичқонлар, каламушлар, итлар, олмахонларда бу вирус ташиб юрилмоқда. Шунинг ҳисобига ҳам касаллик тез тарқалди бу ҳудудга. Одам билан ҳайвоннинг ўртасида контакт бўлса, бу вирус одамларга юқади. Бошқа ҳайвонларга ҳам бу вирус юқса, буни тўхтатиш қийин бўлади. Шунинг учун тезда локализация чораларини кўриш зарур.

Ўзбекистонда кўрилаётган чоралар етарлими?

– Мутасаддиларнинг айтишича, Ўзбекистонда бу вирусга қарши кураш учун барча шароитлар тайёрлаб қўйилган. Аммо вакцина сотиб олинганидан ҳали хабарим йўқ, лекин вакцинани олиш керак. Чунки Ўзбекистон туристик мамлакат бўлгани учун бутун дунёдан одамлар боришади. Турист ўзи билмаган ҳолда яширин даврдаги маймунчечак вирусини ўзи билан олиб кириши мумкин. Африкадан туристлар кам боради Ўзбекистонга дейишингиз мумкин. Лекин европаликлар кўпроқ Африкага боришади. Шундан бу вирус тарқалиши мумкин. Шу сабабдан эҳтиёт чораларини кўриш зарур. Бу аслида туристик давлатлар учун стратегик масала ҳисобланади.

Вирусдан ҳимояланиш учун одамлар нима қилиши керак?

– Касалликдан сақланиш учун биринчи навбатда табиатни асраш керак. Чунки иқлим ўзгариб бориши натижасида ер шари тобора қизиб бормоқда. Бунинг натижасида ҳайвонлар миграцияси бузилмоқда. Ҳайвонлар одамларга аралашиб кетиши натижасида ҳайвонларда бор турли касалликлар одамларга юқмоқда. Жанубий Америкадаги Амазон урмонлари атрофида яшовчи сичқонлар, каламушлар ва кўршапалаклар мисолида буни кўришимиз мумкин. Ўрмонлар кесилмоқда, табиатга зарар етказилмоқда. Бу ҳам ўз натижасини мана шундай вируслар кўринишида кўрсатмоқда.

Шахсий гигиенага риоя қилиш керак. Бирор даврада танасида ёки қўлида пуфакчалари бор одамни кўриб қолсангиз, унга докторга мурожаат қилишини ва одамлар кўп бўладиган жамоат жойларида вақтинча камроқ бўлишини айтиш зарур. Ва энг самарали усул оммага вируслар ҳақида маълумот бериш, тарғибот ишларини олиб бориш керак.

Вирусология фанини Ўзбекистонда ривожлантириш керак. Бу давлатга катта фойда келтиради. Агар бу фанни ривожлантирсак, Ўзбекистонда бошқа давлатларга вакцина сотишни ҳам йўлга қўйишимиз мумкин.

Зуҳра Абдуҳалимова суҳбатлашди.

Мавзуга оид