Ўзбекистон | 18:21 / 31.08.2024
7591
6 дақиқада ўқилади

“Олий маълумотли бўлиш эйфорияси университетларни жамоат кутубхоналарига айлантириб юбормоқда” — эксперт

Саноқли кунлардан сўнг янги ўқув йили бошланади. Талаба ва ўқувчилар ОТМ ҳамда мактаблар бағрига қайтади. Таълим бўйича халқаро эксперт Азамат Акбаровнинг фикрича, Ўзбекистонда ҳамма олий маълумотли бўлиши керак деган тенденция кучайиб бормоқда. Бу эса келажакда олий маълумотли ишсизлар армиясини пайдо қилиши мумкин. Университетларнинг эса бу кетишда жамоат кутубхоналаридан фарқи қолмайди.

Таълимдаги аҳвол қандай?

Халқаро эксперт Азамат Акбаров фикрича, таълимнинг аҳволи ачинарли бўлиб қолмоқда. Бунинг асосий сабаби – мактаб таълимига бориб тақалади. Чунки мактабдан билимсиз бўлиб чиққан ўқувчини 4-5 йилда ОТМлар билимли қилиб қўёлмайди. Бундан ташқари, республикада ҳамма олий маълумотли бўлиши керак, деган ижтимоий тенденция йилдан йилга кучаймоқда. Ўқишдан асосий мақсад эса оила қуриш ёки ижтимоий статусни яхшилашдан иборат. ОТМлардаги баъзи йўналишлар эса бугунги кун талабларига умуман мос келмайди. Лекин фақатгина диплом илинжидаги талабалар бу йўналишларни маҳкам ушлаган. Ҳам ота-онанинг, ҳам давлатнинг, ҳам талабалар зарарига ишлаётган бундай йўналишларни ёпиш керак, дейди Акбаров.

Энг паст баллар – техникада. Бу фожиа

Экспертга кўра, йилдан йилга ҳаттоки, кириш баллини ҳам тўплай олмаган абитуриентлар сонининг юз минглаб бўлиши – мактаб таълими ўзини оқламаётганини кўрсатади. Айниқса, энг паст баллар аниқ ва табиий фанлар бор йўналишларда. Давлат ривожи, ЯИМнинг ўсиши аввало саноат тараққиётига боғлиқ. Бу эса биринчи навбатда физика, кимё, техника фанларини яхши ўзлаштириш ва билим ортидан бўлади. Ўзбекистонда эса баллари энг паст, талаб юқори бўлмаган йўналишлар – техникада. Акбаровнинг фикрича, бу чинакам фожиа. Реал муаммони тан олиш ва унга қарши курашиш керак. Ижтимоий-гуманитар фанлар ривожи давлат тараққиётига асос бўлмайди. Давлатни аниқ ва табиий фан билимдонлари ривожлантиради. Бизда эса акси, дейди суҳбатдошимиз.

Хусусий университетлар ўзини оқлаяптими?

Азамат Акбаров таҳлилига кўра, Ўзбекистондаги хусусий университетлар, афсуски, ўзини оқлай олмади. Бунинг бир қатор сабаблари бор: биринчиси, ОТМларнинг талабага мижоз ва фойда манбайи сифатида қарагани. Агар мижоз кетса, фойдадан қуруқ қолиш қўрқуви – сифатни унутишга олиб келди. Иккинчиси, хусусий ОТМларни таълимдан буткул йироқ инсонлар очган ва бошқармоқда. Бу эса жаҳондаги ва давлатдаги стандартларнинг оёқости бўлишига олиб келмоқда. Учинчиси, хусусий университетлар мақсадсиз очилган. Аниқ мақсад бўлмаган таълим муассасаси ривож топмайди. Тўртинчиси эса, улардаги йўналишлар. Деярли барча хусусий ОТМларда бир хил йўналиш, на лаборатория, на амалиёт хоналари ҳамда жиҳозлари бор. Бу қўшимча харажат дегани, университетлар эса буни истамайди, дейди эксперт. Лекин жаҳон тажрибасида энг нуфузли университетлар – хусусий. Чунки таомилга кўра, хусусий ОТМларда таълим яхши ва самаралироқ бўлади, қарорлар тез қабул қилинади, саноат ва кадрлар бозори билан мувофиқ иш олиб борилади.

Сиртқи таълим тури нега керак?

Советлар даврида қайсидир завод ёки фабрикада ишлаган олий маълумоти йўқ ишчилар ёки компартияда нуфузи ошишини истаганларга имконият бериш мақсадида сиртқи таълим тури очилган. Капиталистик дунёдан ажралган советлар жаҳонга ўзини “билимлилар юрти” сифатида кўрсатиш учун ҳам бу йўналишларни ёпмаган. Лекин бугун мактабни энди тамомлаган ёшлар ҳам сиртқи таълим йўналишларини устун кўрмоқда. Азамат Акбаров фикрича, сиртқи таълим – бу аслида таълим йўқ дегани. Бир йилда икки марта ўқиш – таълимга кирмайди. Бунда назоратни ота-оналар қўлига олиши керак, дейди у.

ОТМлар кадрлар бозори билан ҳисоблашмайди

ОТМлар ўзида ўқиётган талабаларнинг келажакда касб ва иш топа олишини ҳам ҳисобга олиши керак. Классик таълим маскани – Буюк Британия университетлари ҳар йили йўналишларни таҳлилдан ўтказади. Керак эмас, деб топилганларини ёпади. Бу кадрлар бозоридаги талаб ва таклифдан келиб чиқиб ҳал қилинади. Ўзбекистонда ҳам кадрлар бозори танқидий даражада турибди, чунки иш ўринларига мос кадрлар йўқ. Иккинчи томонда эса битирувчиларга иш йўқ. Муаммонинг сабаби эса – таълимнинг кадрлар бозоридан узилганида. ОТМлар ўқитишда давом этмоқда, бироқ баъзи касблар бутунлай йўқолиб кетиш остонасида. Масалан, сунъий интеллектнинг яратилиши ва фаол қўлланиши 2030 йилга бориб, бир неча юз миллион кишини ишсиз қолдириши прогноз қилинмоқда. Ғарб компаниялари эса ўз ходимларини саралаш ва қайта ўқитишни бошлаган. Шундай шароитда Ўзбекистон ва ундаги компаниялар, университетлар жаҳондаги трендлардан орқада. Бирор ректор кадрлар бозоридаги вазиятни ўрганмайди, ўз талабаларини иш берувчиларга “сота олмайди”. Чунки бизнинг ректорлар микробошқарув билан овора, дейди таҳлилчи.

Шохрух Мажидзода суҳбатлашди.

Мавзуга оид