Ўзбекистон | 16:01 / 31.08.2024
3615
2 дақиқада ўқилади

Қуёш ва шамол электр станциялари томонидан қанча электр ишлаб чиқарилгани маълум бўлди

Энергетика вазирлиги жорий йилда Ўзбекистондаги қуёш ва шамол электр станциялари томонидан қанча электр энергияси ишлаб чиқарилганини маълум қилди.

Ўзбекистондаги қуёш ва шамол электр станциялари томонидан 2024 йил бошидан бери ишлаб чиқарилган электр энергияси миқдори 3 млрд кВт⋅соатни ташкил қилди.

Бугунги кунда мамлакатнинг 7 та вилоятида умумий қуввати 2,4 ГВт бўлган 9 та қуёш фотоэлектр станцияси ҳамда битта шамол электр станцияси “яшил” энергия ишлаб чиқармоқда.

Ушбу “яшил” электр станциялар томонидан 2024 йил 31 май соат 15:00 га қадар 1 млрд кВт соат  миқдорида, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида 1,6 млрд кВт соат миқдорида, 2024 йил 17 июл соат 18:20 ҳолатига кўра эса 2 млрд кВт соат миқдорида электр энергияси ишлаб чиқарилган эди.

Шу пайтгача қуёш электр станциялари томонидан 2 млрд 677,8 млн кВт соат, шамол электр станцияси томонидан эса 322,2 млн кВт соат электр энергияси ишлаб чиқарилди.

Энергетика вазирлигининг хабар беришича, ушбу кўрсаткичлар йил якунига қадар мазкур электр станциялар ва янги генерация қувватлари (“яшил” станциялар) ҳисобидан 5 млрд 740 млн кВт соатга етиши кутилмоқда.

Мавзуга оид