Ўзбекистон | 19:23 / 31.08.2024
2381
5 дақиқада ўқилади

Сўхда бозор, Сариосиёда кичик ГЭС ва Навоийда спорт иншоотлари – байрам арафасида қандай объектлар фойдаланишга топширилди?

Мустақилликнинг 33 йиллиги муносабати билан республиканинг турли ҳудудларида кўплаб ижтимоий ва ишлаб чиқариш объектлари иш бошлади. Улар орасида таълим масканлари, турли корхоналар, трикотаж фабрикаларидан тортиб нефтни қайта ишлаш заводигача бор. Фойдаланишга топширилган ишлаб чиқариш объектлари минглаб янги иш ўринлари очилгани билан ҳам аҳамиятли.

Ўзбекистонда мустақиллик байрами арафасида янги объектларни фойдаланишга топшириш анъана тусига кирган. Мустақилликнинг 33 йиллиги байрами арафасида ҳам республиканинг турли ҳудудларида юзлаб объектлар очилди ва иш бошлади. Уларнинг айримлари ҳақида тўхталиб ўтамиз.

Чегарадаги бозор

Фарғона вилоятининг Сўх туманида Дўстлик бозори очилди. Ўз номи билан ўзбек ва қирғиз халқларининг дўстлик алоқаларини ифодаловчи бозор Соҳибкор маҳалласидаги Ўзбекистон-Қирғизистон чегара назорат-ўтказиш пункти ҳудудида жойлашган.

Объектнинг очилиш маросимида қўшни Қирғизистон фуқаролари ҳам қатнашган.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги
Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги
Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги

Мазкур савдо мажмуасида савдо-сотиқ билан шуғулланадиган тадбиркорлар учун 410 та савдо растаси ва 60 та ёпиқ дўконлар ташкил этилган.

Қарийб 150 млрд сўмлик ип-йигирув фабрикаси

Қашқадарё вилоятининг Муборак туманида пахта-тўқимачилик кластерининг ип-калава ишлаб чиқариш корхонаси фаолият бошлади. Лойиҳа қиймати 147 млрд сўм бўлган фабрика йилига 6,5 минг тонна ип-калава ишлаб чиқариш қувватига эга.

Фото: Қашқадарё вилояти ҳокимлиги
Фото: Қашқадарё вилояти ҳокимлиги
Фото: Қашқадарё вилояти ҳокимлиги

Қайд этилишича, маҳсулотнинг 90 фоизи экспортга йўналтирилади. Фабрикада 200 дан ортиқ янги иш ўрни яратилган.

Фабриканинг очилиш маросимида вилоят ҳокими Муротжон Азимов иштирок этиб, корхонанинг ишга туширилиши нафақат Муборак тумани, балки вилоятнинг иқтисодий жиҳатдан янада ривожланишида катта аҳамиятга эга эканини таъкидлаган.

Сариосиёликлар учун кичик ГЭС

Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида «Зарчоб-1A» кичик ГЭС ишга тушди. Лойиҳа қиймати 3,3 млн долларга тенг. ГЭС қуввати 3 MVt’га тенг, йилига ўртача 13,3 млн KW•h электр энергияси ишлаб чиқаради.

Фото: «Ўзбекгидроэнерго»
Фото: «Ўзбекгидроэнерго»
Фото: «Ўзбекгидроэнерго»

ГЭСни қуриш ишлари Gidro Texnik МЧЖ томонидан бажарилди. Унга френцис туридаги 1 та вертикал гидроагрегат ўрнатилган. Ҳисоб-китобларга кўра, «Зарчоб-1А» ишлаб чиқарадиган электр энергияси 4750 та хонадонни таъминлайди.

Янги корхона ва 200 иш ўрни

Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳрида трикотаж ва тикув маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси фойдаланишга топширилди.

Умумий қиймати 8,8 млрд сўм бўлган корхонага Хитой, Туркия, Япония, Германия давлатларидан ускуналар келтириб ўрнатилган. Корхонада 201 та янги иш ўрни яратилган. Йил якунига қадар қўшимча 400 та доимий иш ўрни яратиш кўзда тутилмоқда.

Фото: Савдо-саноат палатаси
Фото: Савдо-саноат палатаси
Фото: Савдо-саноат палатаси

Корхона томонидан йилига 25,5 минг дона трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.

3 млн долларлик завод

Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманида нефтни қайта ишлаш кичик заводи иш бошлади.

Маълум қилинишича, лойиҳанинг умумий қиймати 3 млн долларни ташкил этади. Завод йилига 50 минг тонна нефт маҳсулотларини қайта ишлаш қувватига эга. Ишлаб чиқариладиган маҳсулот қиймати йилига 405 млрд сўм дея баҳоланаётган лойиҳанинг биринчи босқичи ишга тушиши натижасида 35 та янги иш ўрни ҳам яратилган.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги
Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги
Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги

Қайд этилишича, ишлаб чиқарилган нефт маҳсулотлари биржа орқали ички бозорда сотилиши билан биргаликда, дастлабки босқичда қўшни Афғонистон, Тожикистон ва Қирғизистон давлатларига экспортга ҳам йўналтирилади. Айни кунларда корхонада параллел равишда лойиҳанинг иккинчи босқичини ҳам ишга тушириш борасидаги амалий тадбирлар давом этмоқда.

Бир вақтда 33 та спорт объекти иш бошлади

Навоий вилоятида мустақилликнинг 33 йиллигига бағишлаб бир вақтнинг ўзида 33 та спорт объекти фойдаланишга топширилган. Тадбирда вилоят ҳокими Нормат Турсунов иштирок этиб, мажмуалар фаолиятига старт берувчи рамзий тугмани босган.

Фото: Навоий вилояти ҳокимлиги
Фото: Навоий вилояти ҳокимлиги
Фото: Навоий вилояти ҳокимлиги

Жумладан, Навоий олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида жамоавий спорт турлари учун 18х42 ўлчамдаги спортзал ҳамда 11х25 ўлчамдаги ёпиқ турдаги сузиш ҳавзаси иш бошлаган. Шунингдек, вилоятнинг турли ҳудудларида бир вақтнинг ўзида 21 та универсал, 8 та стритбол-воркаут спорт майдончалари фойдаланишга топширилган.

Булардан ташқари, ҳудудларда юзлаб мактаб ва боғчалар, маҳаллалар ҳамда бошқа ижтимоий соҳа объектлари байрам арафасида янги бинода иш бошлаган.

Мавзуга оид