Жаҳон | 21:11 / 31.08.2024
2719
2 дақиқада ўқилади

Вучич Сербия 2028 йилда Европа Иттифоқи аъзоси бўлишига ишонмаслигини айтди

Вучичнинг баёноти Сербия Франциянинг Dasault Aviation компанияси билан қурол-яроғ етказиб бериш бўйича тарихий битимни имзолаганидан икки кун ўтиб янгради.

Фото: Reuters

Сербия президенти Александр Вучич ўз мамлакати 2028 йилда Европа Иттифоқига қўшилишига ишонмаслигини айтди, деб хабар беради Reuters.

«2028 йилда Европа Иттифоқининг бир қисми бўлишимизга ишонмайман. Бу [ЕИга аъзолик — таҳр.] амалга ошмайди, мен ўз халқимга ёлғон гапирмайман», — дейди Вучич Прагада ўтказилган Globsec хавфсизлик конференциясида.

Сербия президентининг қўшимча қилишича, кимдир ЕИга аъзо бўладиган бўлса ҳам бу 2030 йилдан эрта амалга ошмайди. «Бу вақт ичида нималар содир бўлишини ҳеч ким билмайди», — дея таъкидлайди у.

Вучичнинг баёноти Сербия Франциянинг Dasault Aviation компанияси билан қурол-яроғ етказиб бериш бўйича тарихий битимни имзолаганидан икки кун ўтиб янгради. Битим доирасида Сербияга 12 та янги Rafale қирувчи самолётлари етказиб берилади.

Европа Иттифоқига қўшилиш учун Сербия демократия, қонун устуворлиги, суд тизими, иқтисодиётни яхшилаши, коррупция ва уюшган жиноятчиликни йўқ қилиши керак.

Globsec экспертлар гуруҳида чиқиш қилган Черногория президенти Яков Милатович эса ҳозирда НАТО аъзоси бўлган ўз мамлакати 2028 йилда ЕИга қўшилишига умид қилишини билдирди. «Биз финал босқичига чиқишни хоҳлаяпмиз ва ҳозирда мақсадимиз — 2028 йилда ЕИга аъзо 28-давлат бўлиш. Бу улкан мақсад, лекин бу ҳақиқатга яқин бўлишига умид қиламан», — дейди у.

Мавзуга оид