Спорт | 22:15 / 01.09.2024
8094
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Паралимпия чемпионлари билан телефон орқали суҳбатлашди

Президент Ўзбекистон терма жамоаси ҳисобидаги олтин медаллар сонини бештага етказган енгил атлетикачилар Элбек Султонов, Ёрқинбек Одилов ва таэквондочи Асадбек Тоштемировни самимий қутлади.

Президент Шавкат Мирзиёев Париждаги Паралимпия ўйинларида ғалаба қозониб, Ўзбекистон терма жамоаси ҳисобидаги олтин медаллар сонини бештага етказган енгил атлетикачилар Элбек Султонов, Ёрқинбек Одилов ва таэквондочи Асадбек Тоштемиров билан телефон орқали суҳбатлашди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон президенти ўз номидан ва барча юртдошлар номидан спортчиларни самимий қутлаб, бу зафарлар энг азиз, энг улуғ байрам – Мустақиллик кунига муносиб совға бўлганини таъкидлади. Паралимпиячилар муросасиз беллашувларда кўрсатаётган юксак маҳорат ва метин ирода бутун халқимиз, айниқса, ёшларни руҳлантираётгани қайд этилди.

Президент йигитларнинг мураббийлари ва ота-онасига миннатдорлик билдириб, кеча совриндор бўлган спортчиларга ҳам салом ва табрик сўзларини йўллади.

«Чемпионлар ҳар бир чиқишда давлатимиз раҳбари ва халқимиз қўлловини ҳис этганларини таъкидлаб, юртимизда паралимпия ҳаракати ривожига қаратилаётган эътибор ва яратилган шароитлар учун раҳмат айтдилар», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, куни кеча Шавкат Мирзиёев Франция пойтахти Париж шаҳрида ўтаётган Паралимпия ўйинларида олтин медалларни қўлга киритган Асила Мирзаёрова ва Қудратулла Маъруфхўжаев билан телефон орқали мулоқот қилганди. Асила Мирзаёрова узунликка сакрашда 5,22 метр натижа қайд этиб, салкам 30 йил олдинги паралимпия рекордини янгилади. Қудратулла Маъруфхўжаев эса ядро улоқтириш баҳсида ғолиб бўлди.

Мавзуга оид