Жаҳон | 22:32 / 02.09.2024
2741
2 дақиқада ўқилади

Бразилияда VPN орқали Х ижтимоий тармоғига кирганлар 9 минг доллар жаримага тортилади

Мамлакат суди Х ижтимоий тармоғини блоклади. Бу қарор ижтимоий тармоқнинг Бразилиядаги 20 миллион фойдаланувчисига таъсир кўрсатди.

Фото: Bloomberg

Бразилия Олий суди мамлакат ҳукуматининг Х ижтимоий тармоғини (собиқ Twitter) тақиқлаш қарорини қўллаб-қувватлади, деб хабар берди Bloomberg.

Бу ҳақдаги қарор 2 сентябр куни бўлиб ўтган онлайн йиғилишда қабул қилинди. Х ижтимоий тармоғи қарор устидан шикоят қилиш имкониятига эга.

Ижтимоий тармоқнинг мамлакатдаги фаолиятини тўхтатиш ҳақидаги қарор 30 август куни Олий суд судяси Алешандр де Мораэш томонидан чиқарилган. Қарор Х ижтимоий тармоғи эгаси Илон Маск суднинг бир қанча қарорларини бажармагани, жумладан компаниянинг мамлакатдаги расмий вакилини тайинлашдан бош тортгани учун қабул қилинган. Блоклаш қарори ижтимоий тармоқнинг Бразилиядаги 20 миллион фойдаланувчисига таъсир кўрсатди.

Ҳайъатдаги ҳакамлар ҳам Мораэш қарорини қўллаб-қувватладилар, унга кўра VPN орқали тақиқини четлаб ўтишга уринган шахс ёки компания кунига 50 минг реал (9 минг АҚШ доллари) миқдорида жаримага тортилади.

Ҳакамлар ҳайъати Илон Маскнинг Starlink сунъий йўлдош интернет провайдерининг банк ҳисобрақамларини блокировка қилиш қарорини муҳокама этмади. Bloomberg таъкидлаганидек, ҳисобрақамлар ижтимоий тармоққа қўйилган жарималарни тўлашга мажбурлаш учун блокланган. Starlink вакиллари ушбу қарор устидан судга шикоят киритган эди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид