Жаҳон | 22:10 / 02.09.2024
9481
4 дақиқада ўқилади

Reuters: тадқиқотчилар сунъий йўлдош суратлари орқали «Бўронқуш» ядровий ракеталари қаерда жойлашганини аниқлади

Россия президенти Владимир Путин ядровий каллакка эга «Бўронқуш» қанотли ракеталари ҳақида 2018 йилда гапирган эди. Орадан кўп ўтмай Мудофаа вазирлиги ракета синови тасвирланган видео билан бўлишганди.

Фото: Reuters

Сунъий йўлдошлар орқали олинган суратларни ўрганган америкалик тадқиқотчилар Россия президенти Владимир Путин 2018 йилда айтган ядровий каллакка эга «Бўронқуш» қанотли ракеталари жойлашган ҳудудни аниқлашга муваффақ бўлди, деб ёзади Reuters.

Planet Labs компанияси томонидан 26 июл куни олинган суратларда «Вологда-20» ҳарбий шаҳарчаси ҳудудидаги ядровий жанговар каллаклар сақланадиган омбор яқинида қурилаётган объектларни кўриш мумкин. Ўз навбатида у Вологда вилоятидаги Чебсара посёлкаси атрофида — Вологданинг ўзидан тахминан 70 километр ғарбда ва Москвадан 500 километр шимолда жойлашган.

CNA тадқиқот ташкилоти таҳлилчиси Декер Эвелетнинг сўзларига кўра, суратларда тўққизта учириш майдончаси тасвирланган. Улар уч гуруҳга бўлинган ва тупроқ уюмлари билан ўралган — бу майдончалардан бирида портлаш юз берса ёки ҳужумга учраса қолганларини ҳимоялаш учун керак.

Тупроқ уюмлари Эвелетнинг ҳисоблаши бўйича ракеталарга хизмат кўрсатиладиган бинолар, шунингдек, ядровий жанговар каллаклар сақланадиган бешта бункер билан боғланган. Эвелетнинг фикрича, ушбу жой «йирик стационар ракета тизими» учун мўлжалланган, Россияда эса бундай турдаги ягона лойиҳа «Бўронқуш» ҳисобланади.

Миддлбери халқаро тадқиқот институти вакили Жеффри Люис ҳам Эвелетнинг тахминларига қўшилган. Унинг фикрича, «Бўронқуш»нинг эҳтимолий жойлашуви Россия сўнгги йилларда бир қатор синовлардан сўнг лойиҳани ишга туширишни бошлаганидан далолат беради.

Америка олимлари федерациясидан бўлган яна бир тадқиқотчи Ханс Кристенсенга кўра, суратларда учириш майдончалари ва «Бўронқуш»га боғлиқ бошқа объектлар ҳам тасвирланган бўлиши мумкин. Аммо унинг таъкидлашича, бундай тахминлар аниқ эмас, чунки Россия одатда ракеталарни учириш майдончаларини ядровий жанговар каллаклар омбори яқинига қурмайди.

Россия Мудофаа вазирлиги журналистларнинг бу борадаги саволларига жавоб қайтармаган. Кремл матбуот котиби Дмитрий Песковнинг маълум қилишича, ушбу савол билан ҳарбийларга мурожаат қилиш керак.

«Бўронқуш» қанотли ракетаси яратилаётгани тўғрисида Путин 2018 йили Федерал йиғинга мурожаатида маълум қилганди. Орадан кўп ўтмай Россия Мудофаа вазирлиги ракета синови тасвирланган видео билан бўлишди.

Американинг Nuclear Threat Initiative таҳлилий маркази разведкага таяниб 2017 йилдан 2019 йилгача Россия «Бўронқуш»нинг камида 13 та синовини ўтказгани, бироқ уларнинг фақат иккитаси «қисман муваффақиятга» эришганини ёзганди. 2019 йилда Архангелск вилоятидаги полигонда портлаш юз бериши оқибатида «Росатом» ҳамда Мудофаа вазирлигининг етти нафар ходими ҳалок бўлганди. Тадқиқотчилар ва ОАВ ўшанда айнан «Бўронқуш» ракетаси портлаганини тахмин қилган эди.

2023 йил октябрда Путин Россия «Бўронқуш» қанотли ракетасининг «охирги муваффақиятли синовини» ўтказганини маълум қилди. Шу билан бирга The New York Times сунъий йўлдош суратларини ўрганиб, Россия Янги Ер архипелагидаги полигонда синовларга тайёргарлик кўраётгани тўғрисида хулосага келганди.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид