Жаҳон | 21:15 / 03.09.2024
3520
2 дақиқада ўқилади

ФҚБ арманистонлик талаба Туркия ва Озарбойжон элчихоналарига ҳужум уюштиришни режа қилганини аниқлади

Чикаго университетида ўқиган талабанинг ётоқхонасида порох аралашмаси оқибатида ёнғин келиб чиққан. Тинтув давомида у ердан портловчи моддалар тайёрлашда ишлатиладиган компонентлар аниқланган.

Фото: TRT

АҚШ Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) Чикаго университетининг собиқ талабаси Арам Брансон Туркия ва Озарбойжон дипломатик ваколатхоналарига ҳужум уюштиришга уринганини аниқлади. ФҚБ баёнотига кўра, Брансон бомбалар тайёрлашни ўрганиб, керакли материалларни тўплаган.

2023 йил 2 январ куни Брансоннинг университет ётоқхонасидаги хонасида порох аралашмаси оқибатида ёнғин келиб чиққан. Тинтув давомида портловчи моддалар тайёрлашда ишлатиладиган компонентлар аниқланган. Содир бўлган воқеадан кейин Брансон қочиб кетган, бироқ кўп ўтмай онаси билан қайтиб келган ва ФҚБ агентларига бир-бирига зид бўлган кўрсатмалар берган.

Тергов давомида аниқланишича, Брансон Туркия ва Озарбойжоннинг Вашингтон, Бостон ва АҚШдан ташқаридаги дипломатик миссиялари қаерда жойлашгани бўйича маълумот қидирган. Шунингдек, у элчилар қароргоҳига кириб бориш йўллари билан қизиққан ва арман террорчиларининг дипломатик ваколатхоналарга уюштирган олдинги ҳужумларини ўрганган.

ФҚБ томонидан топилган видеода Брансон бомбалар тайёрлаш қобилиятини намойиш этгани ва қуролли террорчилик гуруҳларини яратишни истаган арманларни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини айтгани тасвирланган. Бундан ташқари, у бошқа арманлар билан дунёнинг турли давлатларида бомбалар тайёрлашни ўргатиш имкониятини муҳокама қилган.

Брансон 2022 йил ноябрдан бери арманларнинг «Дашноқсутюн» террорчилик ташкилоти аъзоси. 2023 йил августда у юкхонасидан портловчи моддалар топилганига қарамай, Ереванга учиб кетган.

Айни вақтда Брансон Арманистонда бўлиб, АҚШга қайтишдан бош тортмоқда. ФҚБ унга нисбатан ёлғон кўрсатма бериш ва далилларни яширганлик бўйича айблов эълон қилган.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид