“Жаҳаннам дарвозаси”. Туркманистондаги энг диққатга сазовор жойлардан бири бўлган газ кратери ҳақида нималар маълум?
Қорақум чўлида жойлашган кратердаги олов неча йиллардан бери ўчгани йўқ. Минглаб сайёҳларни ўзига тортаётган объект қачон ва қандай пайдо бўлган? У ерга қандай борилади?
Саноат аварияси камдан кам ҳолларда йирик туристик объектни ҳосил қилиши мумкин. Шундай ҳодисалардан бири Туркманистонда юз берган. Бундан 50 йил аввал совет разведка гуруҳи табиий газ қидириб, мамлакатда қудуқлар қазишга киришганда, занжир реакцияси юзага келгани айтилади, натижада Дарвоза газ кратери — улкан оловли туйнук пайдо бўлган. Бир неча йиллардан буён бу туйнук Туркманистондаги энг диққатга сазовор жойлардан бири бўлиб келмоқда.
Кратер “Жаҳаннам дарвозаси” ва “Қорақум ёғдуси” номлари билан ҳам аталади. Ўранинг туби ва деворларидаги юзлаб тешиклардан доимий равишда аланга отилиб туради. Унинг яқинида туриб, кратердан чиқаётган кучли иссиқликни ҳис қилиш мумкин. Ловуллаётган олов айниқса, тунда, юлдузли осмон остида даҳшатли манзара ҳосил қилади.
Туркманистонга сафар қилган деярли барча меҳмонлар Қорақум чўлидаги қумтепаликлар билан ўралган ушбу кратерда тўхтаб ўтади.
Дарвозага туристлар келишни бошлаган дастлабки йилларда ҳудудда бирорта ҳам сайёҳлик хизмати бўлмаган, тунаш учун зарур нарсаларнинг барчасини улар ўзи билан олиб келишга мажбур эди. Ҳозир эса кратер яқинида учта лагер мавжуд, улар тунаш учун ўтов ёки чодир, озиқ-овқат, пиёда юришни хоҳламайдиганларга транспорт таклиф қилишади.
Кратернинг кенглиги тахминан 70, чуқурлиги эса 30 метр. Унинг туби тошлоқ майдончани эслатади. Ташриф буюрувчилар ёнаётган воронкага жуда яқин келмаслиги учун 2018 йилда туйнук четига ҳимоя тўсиғи ўрнатилди.
Туркманистон ҳукумати кратерни беркитиш чорасини топиш ҳақида бир неча бор гапирган. Дарвозага кўп йиллардан бери келадиганларнинг айтишича, ҳозир кратер алангаси илгаригидан анча паст.
“Туйнукда ҳозир мен у ерга биринчи марта борганимдаги (2009 йил) аланганинг атиги 40 фоизи қолган”, - дейди британиялик Дилан Люпин. Унинг Lupine Travel сайёҳлик компанияси Туркманистонга туристларни жалб қилишда етакчилардан ҳисобланади.
“Ўшанда кратердаги олов анча катта майдонни қопларди. Ҳозир у кичикроқ, аланга ҳам илгаригидек баландмас”.
Маҳаллий гидлардан бири сўнгги етти йил ичида аланга заифлашиб бораётганини тасдиқлади.
Аммо бу кратернинг жозибасини камайтирмайди. Айниқса, қум бўрони атрофни қоплаган пайтда ҳам ер қаъридаги оловнинг милтиллаб туриши кишини ҳайратга солади.
Кратернинг пайдо бўлиши сирлигича қолмоқда
Газ кратери қачон пайдо бўлганини ҳеч ким аниқ билмайди, чунки совет давридаги ҳисоботлар йўқ қилинган ёки чала ва ҳалигача махфий сақланади.
“Ҳодиса қандай бошлангани ҳақида кўплаб мунозаралар ва қарама-қарши фикрлар мавжуд” — дейди канадалик сайёҳ ва телебошловчи, газ кратерининг ички қисмини ўрганган ягона таниқли шахс Жорж Курунис.
“Ҳатто нимага ишонишни ҳам билмайман. Бу жойга алоқадор қанчадан-қанча афсона ва ривоятлар бор”.
Куруниснинг айтишича, энг кенг тарқалган назарияга кўра, кратер 1971 йилда пайдо бўлган ва кўп ўтмай ёнишни бошлаган.
“Аммо Туркманистонда вақтим биз билан бирга кратерга ҳукуматдан икки нафар геолог келди. Улар менга кратер аслида 1960 йилларда пайдо бўлганини, ундан анча вақт давомида газ чиққанини, 1980 йилларга келибгина ёнғин бошланганини айтди”, - деди у.
Газ қандай қилиб ёнишни бошлагани — алоҳида жумбоқ.
“Баъзиларнинг айтишича, бунга қўл гранатаси сабаб бўлган”, - дея қўшимча қилди Курунис. “Бошқалар эса, советлар шунчаки у ерга гугурт чақишганини айтади. Маст фермер тракторда кратерга киргани ҳақидаги ҳикояни ҳам эшитганман”.
Маҳаллий гид бошқа назарияни илгари сурди:
“Эшитишимча, ўша пайтларда яқин орада қишлоқ бўлган, улар газ ҳиди ҳавони бузишини истамаган, шу сабабли кратерга ўт қўйган. Одамлар газ бир-икки ҳафта ичида ёниб кетади деб ўйлашган”.
Ёнаётган кратерга тушишдан ташқари, Курунис National Geographic томонидан молиялаштирилган илмий миссияда иштирок этди. Улар бундай муҳитда омон қолишга қодир ҳаёт шаклларини излади. Кратердан олинган тупроқ таҳлил қилингач, унда бактериялар ва термофиллар каби оддий организмлар аниқланди.
Дарвозага қандай борилади?
Газ кратери мамлакат пойтахти Ашхободдан тўрт соатлик масофада жойлашган. Икки чизиқли нотекис тош йўл ва Дарвозага олиб борадиган қумли йўллардан ўтиш учун тўхтамаслик тавсия этилади.
Йўлда дайди туяларни тез-тез учратиш мумкин.
Ашхободдан чиққач, йўл бўйида олис Бокурдак ва Ербент қишлоқларидаги дўконлардан бошқа озиқ-овқат ғамлайдиган жой йўқ.
Дарвоза лагери – тунаш учун учта вариант ичида энг ҳашаматлиси. Кратер чеккасидан тахминан беш дақиқалик масофада жойлашган лагер каравотлар ва стуллар билан жиҳозланган ўтовлар, салқин емакхона ва биоҳожатхоналарни таклиф қилади.
Кратернинг қарама-қарши томонида Гарагум лагери жойлашган бўлиб, у ерда меҳмонларни анъанавий туркман гиламлари тўшалган ўтовлар, қуёш батареялари билан ишлайдиган чироқлар ва очиқ осмон остида столга тортиладиган кечки таом-барбекюлар кутади.
Кратер чеккасидан Гарагумгача тахминан 10 дақиқалик йўл. Лагердан сал нарироқда кичкина қояли тоғ бор, у ерда ташриф буюрувчилар қуш парвози баландлигидан туриб “Жаҳаннам дарвозаси”ни томоша қилиши мумкин.
“Дарвозага тунда келиш энг мақбули” - дейди саёҳатчи Гед Гиллмор. “Саҳрода бир неча соат йўл босгандан кейин узоқдан ақл бовар қилмас манзарани кўрасиз. Атрофда ундан бошқа бирорта ёруғлик йўқ, ўзингизни ҳақиқатан жаҳаннам дарвозаси олдида тургандек ҳис қиласиз”.
Кратердан сал нарироқда шунга ўхшаш бошқа туйнуклар ҳам бор, аммо улар “Жаҳаннам дарвозаси”дек таъсирли эмас.
Газ кратери йўқ қилинадими?
Туркманистон ҳукумати ёнғинни ўчириб, Дарвозани табиий газ қазиб оладиган жойга айлантирмоқчилиги ҳақида кўп йиллардан бери гап-сўзлар юради.
2022 йилда “Нейтрал Туркманистон” давлат газетаси президент вазирлар маҳкамасига ёнғинни ўчириш йўлини топиш учун олимлар билан маслаҳатлашишни топширгани ҳақида хабар берганди. Бунга сабаб сифатида қимматли табиий ресурсларнинг беҳуда совурилиши, атроф-муҳитга етказилган зарар ва соғлиқ билан боғлиқ муаммолар кўрсатилган.
Ўшандан бери кратернинг ёпилиши ҳақида кўплаб муҳокамалар ўтказилди, аммо ҳукумат яқин орада оловни ўчирмоқчи эканига аниқ далиллар йўқ.
Баъзиларнинг таъкидлашича, ҳукумат аллақачон яқин атрофда тадқиқот қудуғини қазиган, у эса кратердан оқиб чиқаётган газнинг катта қисмини тортиб олган ва аланга даражасини сезиларли даражада пасайтирган.
“Бу шунчаки миш-миш”, — дейди маҳаллий гид. “Ҳозирча унинг ёпилиши ҳақида расмий маълумот йўқ”.
“Ўрани цемент ёки кўпик билан тўлдириши мумкин, лекин газ бошқа жойдан чиқиб кетади. Уни қандай ёпиш мумкин, ёпса бўладими ўзи, билмаймиз”
Бу йил кратерга қайта ташриф буюрган Люпин Дарвоза тугатилиши мумкин, деган фикрга қўшилади.
“Одамлар орасида катта хавотир бор, чунки уларнинг фикрича, кратер ўчирилса, Туркманистонда туризм жиддий зарар кўради ва маҳаллий аҳолининг аксарияти ишсиз қолади”, — дедй Люпен.
Айни пайтда газ кратери Қорақум чўлидан узоқ ва машаққатли йўл босиб келаётган меҳмонларни ҳайратда қолдиришда давом этмоқда.
Мавзуга оид
16:23 / 28.10.2024
Туркманистон Россияга газ етказиб беришни тўхтатди
22:15 / 25.10.2024
БМТ Марказий Осиёни «Тинчлик, ишонч ва ҳамкорлик ҳудуди» деб эълон қилди
18:51 / 12.10.2024
Ашхободдаги кўчага президентни даволаган немис шифокорининг номи берилди
13:35 / 08.10.2024