Ўзбекистон | 18:29 / 03.09.2024
17220
6 дақиқада ўқилади

“Кўз ўнгимда дўстимга ўқ тегиб, жони узилди”: Сариосиё жангларида қатнашган ҳарбий ҳикояси

2000 йилнинг август ойи. Сурхондарё вилоятининг Сариосиё ва Узун туманларига террорчилар тўдаси ҳужум уюштирди. Ўша пайтда махсус операциялар баталонида хизмат қилаётган Бобомурод Нуротов жангариларга қарши курашиш учун жанг майдонига жўнаб кетди. “Босқинчиларни ер тишлатдик, лекин қурбонлар эвазига. Кўз ўнгингизда дўстингизга ўқ тегиб жони узилса, бундан даҳшати йўқ. Жанг майдонида бир неча сафдошларимдан айрилдим”, дейди у.

Сариосиё воқеалари иштирокчиси бўлган захирадаги сержант Бобомурод Нуротов Kun.uz журналистига уруш даҳшатлари ҳақида сўзлаб берди.

Ҳарбий либосга меҳр

“Андижон вилояти Қўрғонтепа туманининг чекка қишлоқларидан бирида туғилганман. Ёшликдан чиниқиб катта бўлганмиз, полвонлар сулоласиданман, бобом машҳур полвон бўлган.

Бобомурод Нуротов

Акаларимнинг бири ҳарбий, яна бири МХХ (ҳозирги ДХХ) ходими бўлгани учун ҳам соҳага муҳаббат болаликдан уйғонган. Ҳарбий либосларини кўриб улардай бўлишга интилганман.

Муддатли ҳарбий хизматни миллий гвардия тизимида ўтказдим. 65-баталонда шартнома асосида хизматни давом эттирдим. Бизнинг баталон махсус операцияларни бажариш учун тайёргарлик кўрарди ва шу сабабдан унга чиниққан, тезкор қарор қабул қилувчи ёш йигитлар саралаб олинганди.

Мустақилликка эришганимизга энди 7-8 йил бўлганди. Юрт ҳимояси мард ва жасур йигитларнинг зиммасида бўлади доим. Биз ҳам ватан ҳимояси учун тайёргарлик кўрадиган гуруҳ эдик.

Баъзи гуруҳлар, жамиятлар Ўзбекистонимиздаги тинчликка рахна солиш учун босқинчилик ҳаракатларини уюштириб туришарди. Булардан бири Сурхондарёнинг Узун ва Сариосиё туманларида юз берди. Сурхон тоғларида кўплаб сафдошларимизнинг жон берганига гувоҳ бўлдим. Бу воқеаларни шунчаки айтиб бериш азоб.

Ўляпман, ўртоқ командир”

2020 йилнинг август ойида террористлар суқилиб кирган Сариосиёга етиб бордик. Асосий жанг тоғ тепасида бўлган. Тоғли ҳудудларда жойлашган 5 қишлоқни жангарилар эгаллаб олган экан.

Уруш қурбонларсиз бўлмайди, албатта. Бу жангда Сайёр Садинов, Маҳмуджон Жалилов, Улуғбек Барноев, Юнусжон Охунов, Дониёр Тожибоев, Исматжон Хаджаев каби сафдошларимиз қаҳрамонларча ҳалок бўлишди. Ҳозир исмларни санаяпман ва ҳар бирининг бир хислати кўз олдимда гавдаланмоқда. Биз сафдошлар уларни унутишимиз жуда қийин.

Ҳамон ёдимда. Маҳмуджон Жалилов жангда ўзи ўқ еса ҳам, шифокор ёрдам бериш учун келганда мени эмас, бошқа сафдошимни қутқаринг деб буйруқ берган. Мана шу ҳам бу йигитларнинг қанчалар фидокор, ватан ҳимояси учун жонини беришга ҳам тайёр эканликларидан далолатдир.

Ота-боболаримиз ҳар бир фарзандга мос исмларни бежизга танлаб қўймаган. Исми билан туғилган бир сафдошимиз бор эди. У йигит Сирдарё вилояти, Сирдарё туманидан, Отажонов Эломон Холмурод ўғли.

Эломон Отажонов

Эломондаги жасоратни ҳатто филмларда ҳам очиқ кўрсатиб бера олишмайди. Қулоқларимизда ҳануз Эломоннинг овози жаранглайди. Унинг жасоратини шунчаки айтиб бера олмайман. Доимо бу ҳақида ўйласам вужудим титрайди, юрагимда нимадир узилгандай бўлади. У баталон бошлиғи сифатида душман билан жуда яқин масофада жанг олиб борган.

Эломон бизга йўлбошчи эди. Ҳарбий гуруҳимиз қаерга йўл олса, у йўл кўрсатар, душман пистирмаси бор-йўқлиги ҳақида бизга хабар бериб қўярди. Бир вақт рация орқали ўқ егани ҳақида айтди, аммо ўша ҳолатда ҳам жангчиларимизга топшириқлар бериб, душманнинг қаерда жойлашганини айтиб турди. Тасаввур қилинг, охирги жони чиқаётганида ҳам у ўз касбига содиқ қолиб, вазифани муваффақиятли адо этишга ҳаракат қилди. Бу қанчалар оғир ҳолат аслида. Унинг охирги сўзлари ҳамон қулоғим остида жаранглайди: “Мен ўляпман, ўртоқ командир, оиламдан хабар олиб туринг!”. Шу унинг сўнгги сўзлари бўлган. Бугунги кунда Эломон Отажоновнинг ота-онаси ҳолидан хабар олиб турамиз.

Дўстларим ўлмаган

Дўстларимиз ўғилларига фидокор сафдошларимизнинг номларини қўйиб келмоқда. Мен ҳам ўғлимга Дўстмурод деб исм қўйганман. Барчамизни умумий муродимизга Аллоҳ етказсин деган маънода.

Жангда ўлган Садинов Сайёр, Дилшод ака, шунингдек, барча ҳалок бўлган сафдошларимизнинг оила аъзолари билан доимий алоқада бўлиб, хабар олиб турамиз. Ватанимиз, халқимиз бу фарзандларини ҳеч қачон унутмайди.

Мустақилликни сақлаб қолишда жонлар фидо бўлган

Барча даврларда мард йигитлар Ватан ҳимоясига отланган. Ҳарбий либос кийиб кўчада юрган йигитга ҳамма ҳавас қилиши аниқ. Лекин унинг зиммасидаги масъулият, касбидаги машаққатни, либоснинг ортидаги жавобгарликни ҳамма ҳам кўтара олмайди. Воқеалар жараёнида кўздан уйқу, қўрқувлар кетади. Фақат бир нарса бўлади хаёлда: Ватан ва унинг келажак авлод ҳаётини асраш. Тунги жангларга тайёргарлик даврлари, ўқлар ёмғири, ҳар бир босган қадамингиздаги эҳтиёткорлик, буларнинг барчаси масъулият аслида. Бу жиноятчи, босқинчиларга ватанимни бериб қўймайман деган фикр доим қалбимизда айланаверади.

Айтмоқчиманки, тинч замонларга етиб келишда, мустақилликни сақлаб қолишда кимларнингдир жони фидо бўлган. Осуда ҳаёт ортида матонатли инсонларнинг қаҳрамонликлари турибди. Буни унутмаслик керак”.

Бобомурод Нуротов гул ўстиришга қизиқар экан. Деворига байроқ ўрнатилган шинамгина ҳовлида захирадаги сержантнинг тувакдаги гуллари саҳнни безаб турибди.

Сарвар Зиёев, Kun.uz
Монтаж устаси: Сардор Мамиров

Мавзуга оид