Жаҳон | 14:50 / 03.09.2024
3580
6 дақиқада ўқилади

Нетаняҳу: Ҳамас гаровга олинганларнинг ўлими учун қаттиқ жавоб беради

Ҳамас томонидан гаровга олинган олти киши ўлдирилганидан кейин Исроилда ҳамасчилар келишув талаби илгари сурилган кенг кўламли намойишлар бўлиб ўтди. Нетаняҳу уларнинг талабига бўйсуниш ниятида эмас.

Фото: AP

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Ғазо секторидаги ҳарбий амалиётни Ҳамас ташкилоти мағлубиятга учрамагунча ва жангчилар қўлида қолган исроиллик гаровга олинганлар озод қилинмагунча давом эттиришга қатъий қарор қилди. Бу ҳақда Исроил ҳарбий вазирлар маҳкамаси раҳбарининг Рафаҳ шаҳри яқинидаги туннеллардан бирида гаровга олинган олти кишининг жасади топилганидан кўп ўтмай, 2 сентябр, душанба куни кечқурун ўтказилган матбуот анжуманида берган баёнотларида айтилган.

30 август куни Ғазо сектори жанубида тўрт эркак ва икки аёлнинг жасади топилган эди. Исроил Соғлиқни сақлаш вазирлиги 31 август куни ўтказилган суд-тиббий экспертизадан сўнг маълум қилишича, гаровга олинганлар 2-3 кун аввал «Ҳамас томонидан яқин масофадан бир нечта ўқ узиш натижасида» ўлдирилган.

2 cентябр куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида ушбу фожиани изоҳлар экан, Нетаняҳу ҳалок бўлганларнинг яқинларидан Исроил ҳукумати уларни тириклайин уйига қайтара олмагани учун кечирим сўради. «Биз яқинлашдик, аммо муваффақиятга эриша олмадик», деб тан олди у. Шу билан бирга, Исроил бош вазири Ҳамас бу жиноят учун қаттиқ жавоб беришини таъкидлади.

Исроил мухолифати умумий иш ташлашга чақирди

Ғазо секторида гаровга олинган олти нафар исроилликнинг жасади топилиши ортидан Исроил мухолифати етакчиси Яир Лапид Бинямин Нетаняҳу ҳукуматига қарши норозилик намойишлари ва умумий иш ташлашга чақирди. 

«Нетаняҳу ва ўлим кабинети гаровга олинганларни қутқармасликка қарор қилишди, - деб ёзди Лапид 1 сентябр куни X платформасида. - Улар ўлимлар учун жавобгардир». Лапид «юраги эзилган ҳар бир фуқарони» Тел-Авивдаги намойишда иштирок этишга чақирди. У касаба уюшмалари, иш берувчилар ва маҳаллий ҳокимият органларини иш ташлашга чақирди.

Шу куни Исроилнинг энг йирик касаба уюшмалари федерацияси ҳукуматга босимни кучайтириш мақсадида умумий иш ташлаш эълон қилди. Ғазо секторидаги гаровга олинганларни энди «ёлғиз қолдириш» мумкин эмас, деди Гистадрут касаба уюшмаси раҳбари Арнон Бар-Давид. 

«Мен фақат бизнинг аралашувимиз уйғонишга муҳтожларни уйғотиши мумкин деган хулосага келдим», деди Бар-Давид бош вазир Бинямин Нетаняҳу ҳукуматига қарата. 2 сентябр куни эрталаб соат 6 дан бошлаб «бутун Исроил иқтисодиёти кенг кўламли иш ташлашга киришади», деб ёзган касаба уюшмаси раҳбари. 

Исроилда умумий иш ташлаш муддатидан аввал тугатилди

Исроилнинг Ҳистадрут касаба уюшмалари конфедерацияси раҳбари Арнон Бар-Давид 2 сентябр, душанба куни Ғазо секторида гаровга олинганларнинг оилалари билан бирдамлик учун эрталаб бошланган умумий иш ташлаш якунланганини маълум қилди. Унинг баёноти Бат-Ям шаҳри меҳнат муносабатлари судининг иш ташлашни муддатидан олдин тўхтатиш тўғрисидаги қароридан кейин чиқди. «Биз қонуний давлатда яшаяпмиз ва суд қарорини ҳурмат қиламиз, шунинг учун мен барчани соат 14.30 да ишга қайтишга чақираман. Бирдамлик эътирози муҳим қадам бўлганини таъкидлаш муҳим ва мен буни қўллаб-қувватлайман», - деди Бар-Давид.

Касаба уюшмаси раҳбари иш ташлашни юз минглаб Исроил фуқаролари қўллаб-қувватлаганини таъкидлаб, барча иштирокчиларга кўрсатган ёрдамлари учун миннатдорчилик билдирди. 

АҚШ Ғазо секторида ўт очишни тўхтатишга эришишда қатъий эканини билдирди

Қўшма Штатлар Ғазо секторидаги маҳбусларни озод қилиш имконини берадиган оташкесимга эришиш тарафдори. Бу ҳақда АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин исроиллик ҳамкасби Йоав Галант билан телефон суҳбатида маълум қилди.

Остин Х ижтимоий тармоғида Галант билан Ғазо жанубидаги Рафаҳ шаҳрида ўлик ҳолда топилган 23 ёшли АҚШ фуқароси Херш Голдберг-Полин ва яна беш асир билан боғлиқ вазиятни муҳокама қилганини ёзган. 

АҚШ мудофаа вазирлиги раҳбари ҳалок бўлган асирларнинг оила аъзоларига самимий ҳамдардлик билдирди. 

Остиннинг таъкидлашича, у ва Галлант барча асирлар озод этилишини таъминлаш, имкон қадар тезроқ ўт очишни тўхтатишда қатъий эканини яна бир бор тасдиқлади.

Яқин Шарқдаги кескинлашув

2023 йил 7 октябр куни эрталаб Ҳамаснинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

Ҳамаснинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган. Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида Ҳамасга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 40,7 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид