Жаҳон | 09:42 / 03.09.2024
2311
4 дақиқада ўқилади

Нидерландия Киевга 200 млн евролик ёрдам юборади

Нидерландиянинг янги бош вазири лавозимга киришганидан кейин биринчи марта Украинага ташриф буюрди. Схоф Зеленский билан учрашди ва Запорижжяда фахрийлар билан суҳбатлашди.

Фото: AP

Нидерландия Украинага 200 миллион евродан ортиқ янги кенг кўламли ёрдам пакетини тақдим этади. Бу ҳақда 2 сентябр, душанба куни Запорижжяга ташриф буюрган Нидерландия бош вазири ҳамда бош разведка ва хавфсизлик хизмати собиқ раҳбари Дик Схоф маълум қилди

«Тўплам асосан энергетика инфратузилмасини ҳимоя қилиш ва таъмирлашга қаратилган бўлиб, гуманитар ёрдам учун қўшимча маблағ ажратишни ўз ичига олади», — деб ёзди вазирлар маҳкамаси раҳбари X ижтимоий тармоғида. 

«Украиналиклар фронтдан бир неча ўнлаб километр узоқликда жойлашган шаҳарда қандай яшаб, ўз ватанларини қўллаб-қувватлашда давом этаётганини кўриш ақлбовар қилмас нарсадир», деди у ва еростида жойлашган мактабга ташриф буюрганини, ўқув йили бошланишига бағишланган йиғилишда иштирок этганини қўшимча қилди. «Болалар ва ўқитувчилар доимий равишда бомба ва дрон таҳдидига қандай дош беришларини тасаввур қилиш қийин», дея қўшимча қилди Схоф. Шунингдек, у бир қатор фахрийлар билан урушда ўтган вақтлари, руҳий саломатлик муҳимлиги ҳақида гаплашганини айтди.

«Украинадаги одамлар эркин ва хавфсизликда яшаш ҳуқуқига эга. Россиянинг Украинага ҳужумларини тўхтатиш Нидерландиянинг ҳам, бутун Европанинг ҳам хавфсизлик манфаатларига тўғри келади», - дея таъкидлади Украинага биринчи марта ташриф буюрган Нидерландия бош вазири. 

Нидерландия Украинага Россия узра F-16'дан фойдаланишга рухсат берди 

Украина Россия ҳудудида Нидерландиядан олинган F-16 қирувчи самолётларидан фойдаланиши мумкин. Нидерландия қуролли кучлари қўмондони Онно Эйхелсхайм 29 август куни NOS миллий телерадиокомпаниясига берган интервюсида шундай деди: "Биз F-16 самолётларидан фойдаланиш ва парвоз масофасига ҳеч қандай чекловлар қўймадик".

Эйхелсхаймнинг сўзларига кўра, худди шу нарса Нидерландия томонидан етказиб берилган бошқа қуролларга ҳам тегишли - Украина қуролли кучлари агар бу халқаро гуманитар ҳуқуқ тамойилларига мос келса, уларни жанг майдонида «ўз хоҳишига кўра» тасарруф этиши мумкин. «Биз Украина урушда ғалаба қозонишини хоҳлаймиз ва бунинг амалга ошиши учун барча саъй-ҳаракатларни кўрамиз», деб тушунтирди ҳарбий амалдор.

Умуман олганда, Нидерландия Украинага 24 та F-16 қирувчи самолётини топширишга ваъда берди. Эйхелсхайм уларнинг қанчаси мамлакатда жойлаштирилганини айтмади.

Украина Ғарб томонидан етказиб берилган F-16 қирувчи самолётларини Россияга қарши ишлатишга тайёрланмоқда. Бу ҳақда Украина президенти Володимир Зеленский 26 август куни маълум қилди.

Россия ҳужумлари фонида НАТО Украинага ёрдамни оширмоқда 

Россиянинг Украина ҳудудига қилган оммавий ҳужумларидан сўнг Шимолий Атлантика алянси Киевни қўллаб-қувватлашни кучайтиришга тайёр. Бу ҳақда 28 август куни НАТО-Украина кенгаши йиғилишидан сўнг унинг бош котиби Йенс Столтенберг маълум қилди.

«Бугун иттифоқчилар Украинага ҳарбий ёрдамни ошираётганини тасдиқладилар, - деди у. - Украинани Россиядан ҳимоя қилиш учун зарур бўлган жиҳозлар ва ўқ-дорилар билан таъминлашда давом этишимиз керак». Шу билан бирга, алянс раҳбари Киевга ҳарбий юкларни кўпайтириш мамлакат мудофаасини таъминлашнинг асосий шарти эканини таъкидлади.

Столтенбергнинг сўзларига кўра, НАТО-Украина кенгаши йиғилишида жанг майдонидаги воқеалар ва Украинанинг устувор эҳтиёжлари муҳокама қилинган. Алянс аъзолари Россиянинг Украина тинч аҳолиси ва инфратузилмаларига қарши ҳаво ҳужумлари кучайганини кескин қоралади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид