Жаҳон | 13:07 / 04.09.2024
4748
8 дақиқада ўқилади

Ғазода эмланаётган болалар, Қизил денгиздаги ҳужум ва Конго қамоқхонасидаги оммавий қочиш — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Фаластиндаги вазият

Исроилнинг Ғазо сектори жануби ва шимолий қисмига қилган ҳужумларида 15 фаластинлик қурбон бўлди.

Жанубдаги Хон Юнус ва Рафаҳ шаҳарлари ва секторнинг шимолидаги Ғазо шаҳрига ҳужумлар уюштирилган.

Хон Юнусдаги «Носир» шифохонасига 13 кишининг жасади келтирилган. Ғазо шаҳридаги «Ал-Аҳлий» баптистлар шифохонасида яна икки кишининг ўлгани хабар қилинган. Хабар қилинишича, Ғазонинг Зайтун мавзесида иккита кўчага ракета ёғдирилган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Фаластиндаги вакили Рик Пеперкорннинг хабар беришича, Ғазода 1 сентябр куни бошланган полиомиелитга қарши эмлаш кампаниясида 161 минг бола эмлаб бўлинган.

«Биринчи куни 86 минг, иккинчи куни 74 минг бола эмланган ва кампания олдига қўйилган мақсадга эришилган», — деган Пеперкорн кампания давом эттирилишини қайд этиб.

Рик Пеперкорн болаларнинг кўпчилиги ҳозир Ғазо марказида эканини айтиб, эмлаш кампаниясининг биринчи босқичида уларнинг аксарияти қамраб олинади. Яқин кунлар ичида 10 ёшгача бўлган 600 минг бола эмланиши кутилмоқда.

Энди кунлик нохуш статистика: Ғазодаги урушнинг 333-кунига келиб, Фаластин соғлиқни сақлаш вазирлиги Ғазо бўлими маълумотларига кўра, ҳалок бўлганлар сони 40 минг 819 кишига етган. 94 минг 291 киши яраланган. Сўнгги сутка ичида 33 киши ҳалок бўлган, 64 киши яраланган.

Исроилнинг янги таҳдидлари

ҲАМАС томонидан гаровга олинган олти киши ўлдирилганидан кейин Исроилда ҳамасчилар келишув талаби илгари сурилган кенг кўламли намойишлар бўлиб ўтди. Нетаняҳу уларнинг талабига бўйсуниш ниятида эмас.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Ғазо секторидаги ҳарбий амалиётни ҲАМАС ташкилоти мағлубиятга учрамагунча ва жангчилар қўлида қолган исроиллик гаровга олинганлар озод қилинмагунча давом эттиришга қатъий қарор қилди. Бунга сабаб Рафаҳ шаҳри яқинидаги туннеллардан бирида гаровга олинган тўрт эркак ва икки аёлнинг жасади топилгани бўлган.

Исроил Соғлиқни сақлаш вазирлиги суд-тиббий экспертизадан сўнг гаровга олинганлар 2-3 кун аввал «Ҳамас томонидан яқин масофадан бир нечта ўқ узиш натижасида» ўлдирилганини маълум қилган эди.

Буни изоҳлар экан, Нетаняҳу ҳалок бўлганларнинг яқинларидан Исроил ҳукумати уларни тириклайин уйига қайтара олмагани учун кечирим сўради. «Биз яқинлашдик, аммо муваффақиятга эриша олмадик», деб тан олди у. Шу билан бирга, Исроил бош вазири Ҳамас бу жиноят учун қаттиқ жавоб беришини таъкидлади.

Исроил мухолифати етакчиси Яир Лапид Бинямин Нетаняҳу ҳукуматига қарши норозилик намойишлари ва умумий иш ташлашга чақирди. 

«Нетаняҳу ва ўлим кабинети гаровга олинганларни қутқармасликка қарор қилишди, — деб ёзди Лапид X платформасида. — Улар ўлимлар учун жавобгардир».

Лапид «юраги эзилган ҳар бир фуқарони» Тел-Авивдаги намойишда иштирок этишга чақирди. У касаба уюшмалари, иш берувчилар ва маҳаллий ҳокимият органларини иш ташлашга чақирди.

Исроилнинг Ҳистадрут касаба уюшмалари конфедерацияси раҳбари Арнон Бар-Давид 2 сентябр, душанба куни Ғазо секторида гаровга олинганларнинг оилалари билан бирдамлик учун эрталаб бошланган умумий иш ташлаш якунланганини маълум қилди.

«Биз қонуний давлатда яшаяпмиз ва суд қарорини ҳурмат қиламиз, шунинг учун мен барчани соат 14.30 да ишга қайтишга чақираман», - деди Бар-Давид.

Қизил денгиздаги ҳужум

Яманнинг исёнчи ҳусийчилари Қизил денгизда яна иккита нефт хомашёси ташувчи танкерларга ҳужум қилди.

Панама байроғи остидаги, Греция томонидан бошқариладиган MV Blue Lagoon I ва Саудия Арабистони байроғи остидаги, Греция томонидан бошқариладиган MV Amjad кемалари ҳусийчиларнинг ҳужуми натижасида зарар кўрди, деб хабар бермоқда АҚШ Марказий қўмондонлиги.

Баёнотда ҳужум натижасида ҳар икки танкернинг ҳам зарар кўрганлиги билдирилди. CENTCOM маълумотларига кўра, MV Amjad тахминан икки миллион баррел нефтни ташиётган бўлган.

Бу 21 август куни ҳусийчилар ҳужумига учраган Грециянинг MV Delta Sounion танкерининг юкидан икки баробар кўп, дея эслатади муаллифлар.

Эрон томонидан қўллаб-қувватланган ҳусийчилар томонидан Яман қирғоқлари яқинида MV Sounion нефт танкерининг ўққа тутилиши бир миллион баррел нефтнинг Қизил денгизга сизиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин.

Танкер экипажи эвакуация қилинган, бироқ «ҳусийчилар кема ва унинг юкини денгизда чўктиришга қатъий қарор қилган кўринади», дея хабар берди АҚШ ташқи сиёсат идораси.

Россия-Украина уруши

Украина Россиянинг Курск областида эгаллаб олинган ҳудудларини президент Владимир Путинни музокаралар столига ўтиришга мажбурлаш учун ушлаб туришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Украина президенти Володимир Зеленский NBC News телеканалига берган интервюсида айтган.

«Бизга уларнинг ери керак эмас. Биз у ерга ўз турмуш тарзимизни олиб бормоқчи эмасмиз», деди у.

Украина урушни тугатиш бўйича «ғалаба режасига» эга ва унинг ажралмас қисми сифатида бу ҳудудларни «ушлаб туради», деди Зеленский ва бу таклифни АҚШ каби халқаро ҳамкорларга тақдим этишини қўшимча қилди.

«Ҳозир бу бизга керак», деди у Украина томонидан эгаллаб олинган Россия ҳудудлари ҳақида.

Украина қўшинлари ўз махфий операцияси натижасида қарийб бир ой олдин Россия чегарасидаги Курск областига бостириб кирган эди. Ҳозир Киев Россия ҳудудининг қарийб 500 км квадратини назорат қилишини даъво этмоқда ва юзлаб рус ҳарбий асирларини олган.

Россияда яна бир тақиқ таклифи

Россия Давлат думаси депутати, «Справедливая Россия» фракцияси раҳбари Сергей Миронов Марказий Осиёдан келган мигрантларга Россия фуқаролигини беришга вақтинчалик мораторий киритишни таклиф қилди, деб ёзди «Парламентская газета».

Парламент аъзоси «Справедливая Россия» 2022 йилда ҳам худди шундай ташаббус билан чиққанини эслатди. Энди кескинлашган миграция муаммолари қонунчиларнинг диққат марказида экан, бу масалани кўриб чиқишга қайтиш керак, деб ҳисобламоқда у.

Мироновнинг сўзларига кўра, давлат «ишчиларни оммавий паспортлаштириш»га қарши туриши ва миллий хавфсизлик соҳасидаги ўз манфаатларини Марказий Осиё мамлакатлари аҳолисига Россия фуқаролигини беришга мораторий жорий этиш йўли билан ҳимоя қилиши керак.

«Бу чекловни ҳеч бўлмаганда 2026 йилгача жорий қилиш керак. Бу вақт ичида қонунчиликни тартибга солиш, миграция хизматини ислоҳ қилиш, уни порахўрлардан тозалаш, шунингдек, аввал берилган паспортларнинг қонунийлигини текшириш мумкин», — деган депутат.

Конго қамоқхонасидаги оммавий қочиш

Конго Демократик Республикаси пойтахти Киншаса шаҳрида жойлашган «Макала» қамоқхонасидан маҳбуслар қочиб кетишга уринди.

Хабарларга кўра, маҳбусларнинг қочишга уриниши чоғида юзага келган ёнғин оқибатида қамоқхонанинг бир нечта биноси, жумладан, офислар, рўйхатга олиш хоналари, шифохона ва озиқ-овқат омборига зарар етган.

Мазкур қамоқхона 1,5 минг маҳбусга мўлжалланган бўлса-да, у ерда 12 мингдан ортиқ киши сақланган.

«Дастлабки ҳисоб-китоблар бўйича 129 киши ҳалок бўлган, уларнинг 24 нафари ўқотар қуроллар қурбонига айланган. Қолганлар юзага келган тиқилинч ва тўс-тўполонда ҳалок бўлган», — деган мамлакат ички ишлар вазири Лукоо Биханго.

Мамлакат адлия вазири Констант Мутамба қамоқхонада амалга оширилган қочишга бўлган уринишни «олдиндан режалаштирилган саботаж акти» дея қоралади. Мутамба прокурорларга «Макала»даги маҳкумлар сони ортиб кетганига оид муаммолар ҳал этилмагунча, маҳбусларни бу ерга юборишни тақиқлаб қўйди.

Мавзуга оид