Жаҳон | 14:07 / 04.09.2024
2723
3 дақиқада ўқилади

Германияда «яшил» энергия улуши 60 фоиздан ошди

2024 йилнинг биринчи ярмида Германияда ишлаб чиқарилган умумий энергиядаги «яшил» энергиянинг улуши 61,5 фоизни ташкил этди.

Германияда 2024 йилнинг биринчи ярмида қайта тикланадиган манбалардан олинадиган энергия ҳажми 135,2 миллиард кВт/соатни ташкил этди, бу 2023 йил биринчи ярмига нисбатан 9,1 фоизга кўпдир. Шундай қилиб, 2024 йилнинг биринчи ярмида Германияда ишлаб чиқарилган энергия умумий ҳажмидаги «яшил» энергия улуши 61,5 фоизни ташкил этди - бу статистик маълумотларнинг бутун даври давомида, яъни 2018 йилдан бери ушбу соҳадаги максимал кўрсаткич. Бу ҳақда 4 сентябр, чоршанба куни мамлакат Федерал статистика идораси хабар берди.

Таққослаш учун: 2023 йилнинг биринчи ярмида Германия энергетика соҳасида «яшил» энергия улуши 53,3 фоизни ташкил этди.

Таъкидланишича, асосий ўсиш шамол энергиясидан келиб чиққан. 2024 йилнинг биринчи ярмида ушбу манбадан ишлаб чиқарилган энергия ҳажми ўтган йил шу даврига нисбатан 11,9 фоизга – 65,5 миллиарддан 73,4 миллиард кВт/соатгача ошди. «Бу ўсиш 2024 йилнинг айниқса шамолли биринчи ярми натижасидир», деб тушунтиради Висбадендаги Германия статистика идораси.

Германияда энг муҳим муқобил энергия манбалари

Германияда миллий энергия ишлаб чиқариш нуқтайи назаридан шамол энергияси энг муҳим манба эканлиги исботланган. Унинг Германия энергия ишлаб чиқаришдаги улуши 33,3 фоизни ташкил этди.

Шу билан бирга, қуёш панеллари ёрдамида ишлаб чиқарилган энергия улуши ўсди: 13,9 фоизгача. Мутлақ қийматда ушбу манбадан ишлаб чиқарилган энергия ҳажми 2024 йилнинг биринчи ярмида бир йил аввалгига нисбатан 28,2 миллиарддан 30,5 миллиард кВт/соатга ошди. Мутахассислар буни қуёш энергияси ишлаб чиқарадиган янги қувватлар қурилиши билан боғлашмоқда.

Германия энергетика соҳасида кўмир улуши 

Шу билан бирга, кўмир Германиянинг иккинчи муҳим энергия манбаи бўлиб қолмоқда. 2024 йил биринчи ярмида мамлакатда ишлаб чиқарилган барча энергиянинг 20,9 фоизи унинг ҳиссасига тўғри келди. Германияда бундай энергия ҳажми 2023 йилнинг биринчи ярмидан бошлаб 62,5 миллиарддан 45,9 миллиард кВт/соатгача камайди. «Бу 2018 йилда статистика юритиш бошланганидан бери йилнинг биринчи ярмида қайд этилган кўмирдан ишлаб чиқарилган энергия энг кичик миқдори», деб таъкидлайди Федерал статистика идораси. 

Германияга электр энергияси импортини ошириш 

2024 йилнинг биринчи ярмида Германияга электр энергияси импорти ҳажми ўтган йил шу даврига нисбатан 22,5 фоизга – 30,6 миллиарддан 37,5 миллиард кВт/соатгача ошди. Шу билан бирга, экспорт қилинадиган энергия ҳажми 15,2 фоизга – 32,6 миллиарддан 27,7 миллиард кВт/соатга камайди.

Умуман олганда, 2024 йилнинг биринчи ярмида Германияда 220 миллиард кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилиб, тармоққа тортилди. Федерал статистика идораси дастлабки маълумотларига кўра, бу - мамлакатда электр энергияси ишлаб чиқариш 232,3 миллиард кВт/соатни ташкил этган 2023 йилнинг биринчи ярмига нисбатан 5,3 фоизга кам.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид