Жаҳон | 22:15 / 04.09.2024
3944
2 дақиқада ўқилади

Грета Тунберг Ғазо секторидаги урушга қарши ўтказилган норозилик акциясида ҳибсга олинди

Фаоллар Копенгаген университети Исроил таълим муассасалари билан ҳамкорликни давом эттираётгани учун ОТМга кириш йўлагини тўсиб қўйган. Натижада полиция намойишчиларнинг олти нафарини қўлга олган.

Фото: Globe Eye News

Дания полицияси таниқли экофаол Грета Тунбергни Копенгагенда Ғазо секторидаги урушга қарши ўтказган норозилик намойиши вақтида ҳибсга олди, деб хабар беради The Guardian.

Полиция вакилининг маълум қилишича, 4 сентябр куни Копенгаген университетида 20 киши бинога киришни тўсиб қўйгани учун уларнинг олти нафари қўлга олинган.

Полиция ҳибсга олинганларнинг шахсини тасдиқлашдан бош тортган, аммо «Талабалар босқинчиликка қарши» ташкилотига кўра, улар орасида 21 ёшли Тунберг ҳам бор.

Extra Bladet янгиликлар нашри томонидан эълон қилинган Тунбергнинг суратида унга кишанлар тақилгани тасвирланган. Шу билан бирга Тунберг ўзининг Instagram саҳифаси орқали полиция бинога киришдаги тартибсизликка қарши курашгани тасвирланган суратларни бўлишган.

«Мен ҳибсга олинганлар шахсини тасдиқлай олмайман… Улар бинога ноқонуний кирганликда ва кириш йўлагини тўсиб қўйганликда гумонланмоқда», — дейди Копенгаген полицияси вакили.

«Талабалар босқинчиликка қарши» ташкилоти томонидан эълон қилинган баёнотда айтилишича, «Фаластинда вазият тобора ёмонлашаётган бир вақтда Копенгаген университети Исроил таълим муассасалари билан ҳамкорликни давом эттирмоқда».

Стокҳолм суди Грета Тунбергни март ойида Швеция парламентига асосий кириш йўлини икки марта тўсиб қўйгани учун 6000 швед кронаси (тахминан 512 евро) миқдорида жаримага тортганди. Ундан олдин ҳам Тунберг Швецияда намойишларда қатнашгани учун икки марта жаримага тортилган.

Мавзуга оид