Ўзбекистон | 10:29 / 04.09.2024
3255
4 дақиқада ўқилади

Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишни терроризмга қарши курашнинг асоси деб ҳисоблаймиз – Шавкат Мирзиёев

Шавкат Мирзиёев ШҲТ ва МДҲ тузилмалари иштирокидаги халқаро конференция иштирокчиларига йўллаган мурожаатида Ўзбекистонда Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бўйича миллий стратегиясини изчил амалга ошираётганини таъкидлади. Шунингдек, давлат раҳбари минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш мақсадида ушбу давлатлар махсус хизматлари фаолиятини мувофиқлаштириш устувор йўналиши бўлиб қолишини билдирди.

Фото: Президент матбуот хизмати

4-5 сентябрь кунлари Тошкент шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий аксилтеррор тузилмаси ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Аксилтеррор марказининг терроризм ва экстремизмга қарши курашишда ҳамкорликни мустаҳкамлашга бағишланган Халқаро конференцияси бўлиб ўтади.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев форум қатнашчиларига мурожаат йўллаб, ушбу муҳим халқаро тадбир минтақада тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш борасида якдиллик ва ҳамкорликка интилишни тасдиқлашини таъкидлади.

«Конференция кун тартибига энг муваффақиятли миллий тажрибаларни ўрганиш, терроризмга қарши курашда ҳамкорлик ҳамда фан ва таълим соҳасида алмашинувнинг самарали механизмларини йўлга қўйиш, экстремизм ва радикализм ғояларининг тарқалишига имкон бермаслик бўйича амалий воситаларни шакллантириш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришнинг олдини олиш борасидаги вазифаларга оид долзарб масалалар киритилган.

Аминманки, эртага мамлакатимизда илк бор ўтказиладиган «Шарқ – Аксилтеррор – 2024» қўшма аксилтеррор машғулотлари ҳам хавфсизликка нисбатан умумий таҳдидларга қарши курашишда ўзаро амалий ҳамкорликни кенгайтириш ва махсус кучлар бўлинмаларининг салоҳиятини оширишга хизмат қилади», — дейилади мурожаатда.

Мурожаатда айтилишича, геосиёсий кескинлик ва низоларнинг кучайиши, ўзаро ишонч тақчиллиги терроризм ва экстремизм таҳдидларига қарши курашишда халқаро ҳамкорликнинг ривожланишига салбий таъсир кўрсатмоқда.

«Шу билан бирга, кибермаконда хавф-хатар ва таҳдидлар кучайиб бормоқда. Бунда ноқонуний фаолият, ёллаш ва радикал ғояларни тарғиб этиш бўйича фаол ишлар миллий чегаралар ва қонунчилик нормаларини тан олмайдиган интернет тармоқлари ҳамда каналлари воситасида тобора кўп амалга оширилмоқда. Бунинг оқибатида бугунги кунда аҳолининг нисбатан заиф қатламлари вакиллари, жумладан, бизнинг ёшларимиз ва меҳнат мигрантлари «онлайн манқуртлаштириш» қурбонига айланмоқда, турли ноқонуний гуруҳларга жалб этилмоқда ва жиноят содир этмоқда».

Шу боис қонунчилик базасини такомиллаштириш ва халқаро ташкилотлар доирасида бундай таҳдидларни бартараф этиш, уларга тезкорлик билан жавоб қайтариш бўйича қўшма тадбирларни ўтказиш энг муҳим вазифалар ҳисобланади.

«Таъкидлаш лозимки, мамлакатимизнинг Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бўйича миллий стратегияси кенг қамровли, инклюзив ва тизимли ёндашувга асосланган бўлиб, профилактик ва превентив чораларни қўллаш ҳамда вақтида амалий жавоб қайтаришни ўзида мужассам этади. Жамиятда ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш ва очиқ мулоқотни ривожлантириш, таълим-тарбия соҳасини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, иш ўринларини яратиш ва аҳолининг ишончли ижтимоий ҳимоясини таъминлаш бу борадаги устувор йўналишлар ҳисобланади.

Шу билан бирга, биз инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ва илгари суриш, қонун устуворлиги тамойилига сўзсиз риоя этишни терроризм ва экстремизмга қарши курашишнинг фундаментал асоси деб ҳисоблаймиз», — дейди Ўзбекистон президенти.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бўйича миллий стратегия изчил амалга ошираётгани, «қайноқ нуқталар»дан қайтариб олиб келинган шахсларни тинч ҳаётга мослаштирилаётгани ҳақида айтиб ўтган. Маълум бўлишича, ШҲТ ва МДҲ доирасида мамлакатлар махсус хизматлари фаолияти мувофиқлаштириб борилади.

«Мурожаатимнинг якунида шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, минтақада мустаҳкам тинчлик ва барқарорликни таъминлаш мақсадида яқин ҳамкорлик ва мамлакатларимиз махсус хизматлари фаолиятини самарали мувофиқлаштириш келгусида ҳам давлатлараро ҳамкорликнинг устувор йўналиши бўлиб қолади», — деган президент Шавкат Мирзиёев.

Мавзуга оид