Жаҳон | 11:54 / 04.09.2024
9663
6 дақиқада ўқилади

Лвивга ракета зарбаси: қурбонлар ва яраланганлар бор

4 сентябрга ўтар кечаси Россия дрон ва ракеталарни қўллаган ҳолда Украина бўйлаб навбатдаги ёпирилма зарбаларни йўллади. Расмийларнинг хабарларига кўра, Лвив энг кўп зарар кўрган, бу ерга бир неча ракета, жумладан гипертовушли «Кинжал» ракеталари тушган.

Фото: Roman Baluk / Reuters / Scanpix / LETA

Лвив шаҳри маъмурияти раҳбари Андрей Садовой ўз телеграм-каналида ракета зарбаси оқибатида шаҳарда етти  киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган. Қурбонларнинг уч нафари болалар.

53 киши яраланиб шифохонага ётқизилган, шундан камида етти нафари болалар. Яраланганлардан беш нафари оғир аҳволда.

Қурбонлардан бири шаҳар поликлиникасида ишловчи 50 ёшли ҳамшира, яна бири 14 ёшли қиз экани маълум.

Зарба оқибатида асосий вокзал ҳудуди шикастланган. Шаҳар марказида жами 50 дан ортиқ бинога зарар етган, жумладан икки мактаб ва иккита тиббиёт муассасасига.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, маҳаллий вақт билан соат 5:40 атрофида Лвив маркази устидан бир неча ракета учиб ўтган, шундан кейин жуда кучли портлаш овозлари эшитилган ва чақнаш кўринган.

Шаҳар узра қуюқ тутун кўтарилган, зарба келиб тушган жойларга тез ёрдам кареталари етиб келган.

«Шаҳардаги оддий турар жойлар, мактаблар, тиббиёт муассасалари жабрланди», — дея Лвив бўйлаб зарбага муносабат билдирган Украина президенти Володимир Зеленский.

Зеленскийнинг сўзларига кўра, тунда Лвивдан ташқари Кривий Риҳга ҳам ҳужум қилиниб, бу ерда беш киши жароҳатланган. У «террорга адолатли жавоб қайтариш» учун яна бир бор иттифоқчилардан Украинага узоқ масофага ҳаракатланувчи қуроллар сўраган.

Садовойнинг хабарига кўра, зарба ҳудудига айланган учта кўчада жойлашган уйларнинг кўплаб деразалари тўкилиб тушган. Бундан ташқари, шаҳар ўққа тутилиши туфайли иккита мактабда ўқув йили очилиши кейинга қолдирилган.

Садовой темирйўл вокзали атрофидаги вайронгарчиликлар акс этган фотосуратларни ҳам намойиш этган. Суратда Анна ва Елизавета черкови акс этган бўлиб, уни шаҳарга келган сайёҳлар вокзалдан шаҳар марказига келишда томоша қилишлари мумкин эди.

Лвив области маъмурияти раҳбари Максим Козицкий област ҳудудига «Shaheed» дронлари ва «Кинжал» ракеталари билан комбинациялашган ҳужум уюштирилганини маълум қилган. У зарба берилган ҳудудларда инфратузилмалар ҳам, ҳарбий объектлар ҳам бўлмаганини қўшимча қилган.

Тунги ҳужум

Тун аввалида Украина қуролли кучлари Ҳаво кучлари Россиянинг Ту-95МС русумли бир неча стратегик бомбардимончилари Оленя аэродромидан ҳавога кўтарилганини маълум қилган.

Маҳаллий вақт билан эрталабки соат тўртлар атрофида Украина осмонида қанотли ракеталарнинг бир неча гуруҳи ҳаракатланган, уларнинг кўпчилиги Лвив томонга учган.

Шунингдек, Россия «Кинжал» гипертовушли ракеталарини учирадиган «МиГ-31» русумли иккита самолётини ҳавога кўтарган. Ҳаво кучлари маълумотига кўра, бу аэробаллистик ракеталар ҳам Лвив области йўналишида ҳаракатланган.

Дарҳол област маъмурияти раҳбари Максим Козицкий Лвивга «Кинжал» ракеталари таҳдид солаётгани ҳақида огоҳлантирган ва соат 5:46 да шаҳарда жуда кучли портлаш рўй бериб, деворлар титраб кетган. «Кинжаллар Лвив ҳудудида. Ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари ишламоқда», — дея хабар берган шунда Садовой.

Бундан ташқари, Россия бу тунда «Shaheed» типидаги учувчисиз учар қурилмаларини учирган, уларнинг аксари Лвив атрофига зарба берган ва шаҳар устидан учиб ўтган.

Лвивга зарба вақтида жабрланган кишилардан бири, 2024 йил 4 сентябр
Roman Baluk / Reuters / Scanpix / LETA
Лвивда турар жой биносига зарба оқибатларини бартараф этаётган қутқарувчилар, 2024 йил 4 сентябр
Roman Baluk / Reuters / Scanpix / LETA
Лвивда зарба оқибатида шикастланган турар жой, 2024 йил 4 сентябр
Roman Baluk / Reuters / Scanpix / LETA

Полша ҳарбий самолётларини ҳавога кўтарган

Полша қуролли кучлари оператив қўмондонлиги Россиянинг Украинага навбатдаги ҳужуми туфайли мамлакат ҳарбий самолётлари ҳавога кўтарилган.

Полшалик ҳарбийлар Х (собиқ твиттер) ижтимоий тармоғида қолдирган хабарда «Россиянинг Украинадаги нишонларга ҳаво ва ракета ҳужумлари билан боғлиқ ҳолда Россиянинг узоқ масофали авиациясининг қизғин фаоллиги кузатилаётгани» айтилган.

Хабарда Полша «мамлакат ҳаво кенгликлари хавфсизлигини таъминлаш учун барча зарур чораларни кўраётгани» таъкидланади. «Биз Полша ва иттифоқчиларнинг ҳарбий самолётлари ҳаракатга келтирилганидан огоҳлантирамиз», — дея хабар қилган мамлакат қуролли кучлари.

Reuters агентлиги Полша авиацияси сўнгги саккиз кун ичида учинчи марта Россиянинг Украина бўйлаб зарбалари вақтида ҳавога кўтарилганини эслатган.

Россиялик ҳарбийлар Лвив бўйлаб зарбалар юзасидан ҳозирча изоҳ бермади.

Ғарбда жойлашган Лвив Украинанинг шарқий, шимолий ва марказий ҳудудларидан фарқли ўлароқ, Россия зарбаларига тез-тез дучор бўлмайди.

Лвивда РФ армияси зарбалари оқибатида жиддий шикастланиш ҳолатлари сўнгги бор июн ойи ўрталарида кузатилганди.

Ўшанда шаҳар ва унинг атрофида дронлар парчалари тушиши оқибатида бир неча уй шикастланган, илмий-тадқиқот институти қисман вайрон бўлган, камида икки киши жароҳатланганди.

Лвив бўйлаб зарба Полтава баллистик ракеталар билан ўққа тутилишидан кейинги куни йўлланди. Бир кун олдинги зарба оқибатида 50 киши ҳалок бўлиб, 271 киши яраланган. Расмийларнинг маълум қилишича, Алоқа институти биноларидан бири қисман вайрон бўлган, қурбонларнинг аксари ҳарбий хизматчилардир.

Мавзуга оид