Жаҳон | 15:02 / 04.09.2024
4149
2 дақиқада ўқилади

Полшада авиация саккиз кун ичида учинчи марта тревога бўйича осмонга кўтарилди

Полша самолётлари Украина ғарбида зарбалар берган Россия узоқ масофали авиациясининг фаоллиги сабабли тревога бўйича осмонга кўтарилди. Лвовда турар жой бинолари ёнмоқда.

Фото: AP

Полша ва иттифоқчиларнинг жанговар самолётлари Россия узоқ масофали авиацияси фаоллиги, улар нишонларга, хусусан Украина ғарбий қисмига зарба бериши сабабли тревога бўйича Полша осмонига кўтарилди. Бу ҳақда 4 сентябр, чоршанба куни Полша қуролли кучларининг X оператив қўмондонлиги ижтимоий тармоқда маълум қилди.

Унинг маълумотларига кўра, шу муносабат билан мамлакат жануби-шарқида «шовқин даражасининг ошиши» кузатилиши мумкин.

Полша ҳаво ҳудуди хавфсизлигини таъминлаш учун барча зарур тартиб-қоидалар ишга туширилди ва тезкор қўмондонлик «вазиятни доимий равишда кузатиб боряпти», дейилади хабарда.

Reuters хабарига кўра, самолётлар саккиз кун ичида учинчи марта осмонга кўтарилмоқда.

Сикорский: Полша Украина осмонида ракеталарни уриб туширишга мажбур 

Полша ташқи ишлар вазири Радослав Сикорскийнинг айтишича, Варшава Россия ракеталарини Украинанинг ғарбий ҳудудлари осмонида, уларнинг мамлакат ҳаво ҳудудига кириб келишини кутмасдан уриб туширишга мажбур. Бу ҳақда Британиянинг Financial Times нашри 2 сентябр куни вазирнинг бевосита нутқига таяниб ёзди. 

«Мен шахсан ишонаманки, душман ракеталари бизнинг ҳаво ҳудудимизга кирганда, ўзини ҳимоя қилиш, уларга зарба бериш қонуний бўлади, чунки улар бизнинг ҳаво ҳудудимизга кирганда, вайроналар кимнидир жароҳатлаши мумкин», - деди Сикорский.

Бундай ҳаракатлар билан Полша ўз фуқароларининг хавфсизлигини таъминлаши керак, деди мамлакат ТИВ раҳбари. Сикорский Украина билан чегарадош бошқа Европа давлатларини ҳам Россия ракеталарини ҳаво ҳудудига киргунга қадар йўқ қилишга чақирди.

Аввалроқ Киев ўзининг ғарбий иттифоқчиларини Украина ғарбини НАТОга аъзо давлатлар ҳудудидаги ҳаво мудофаа тизимлари билан ёпишга, шунингдек, Украина узра парвозлар тақиқланган ҳудудни яратишга чақирган эди. Бироқ Шимолий Атлантика алянси бундай чоралар Россия Федерацияси ва НАТО ўртасида тўғридан тўғри можарога олиб келиши мумкин, деб ҳисоблайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид