Жаҳон | 13:26 / 04.09.2024
2921
2 дақиқада ўқилади

Руминиялик депутатлар Patriot тизимини Украинага беришни маъқуллади

Бухарестдаги парламент қуйи палатаси Украинага Patriot ЗРК тизимини тақдим этишга рухсат берувчи қонун лойиҳасини маъқуллади. Бир кун аввал ушбу жараён Руминия ҳукумати томонидан маъқулланиб, масала парламент муҳокамасига қўйилди.

Фото: Jens Büttner/dpa/picture alliance

Руминия парламентининг қуйи палатаси 3 сентябр, сешанба куни Patriot зенит-ракета комплексини Украинага беғараз топширишга рухсат берувчи қонунни қабул қилди, деб хабар берди Reuters агентлиги. «Президент Клаус Йоханнис қонунни имзолаши биланоқ ҳукумат топшириш тўғрисида буйруқ чиқаради», — дейилади баёнотда. Руминия ҳукумати бир кун аввал Patriot ЗРКни Украинага ўтказишни маъқуллади ва қарорни тасдиқлаш учун парламент қуйи палатасига тақдим этди

Июн ойида Бухарест Украинага иккита Patriot тизимидан бирини иттифоқчилар уни кейинчалик худди шундай ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизими билан алмаштириши шарти билан беришини маълум қилди. Умуман олганда, ўзини Россиядан ҳимоя қилаётган мамлакатга НАТОга аъзо мамлакатлардан бешта стратегик ҳаво мудофаа тизими ваъда қилинган. Бу ҳақда июл ойида НАТОнинг Вашингтондаги саммитида келишувга эришилган эди. Учта Patriot ЗРК Германия томонидан Украинага топширилди, ваъда қилинган жараённинг охиргиси 21 июл куни бўлиб ўтди. 

Россия ҳужумлари фонида НАТО Украинага ёрдамни оширмоқда 

Россиянинг Украина ҳудудига қилган оммавий ҳужумларидан сўнг Шимолий Атлантика алянси Киевни қўллаб-қувватлашни кучайтиришга тайёр. Бу ҳақда 28 август куни НАТО-Украина кенгаши йиғилишидан сўнг унинг бош котиби Йенс Столтенберг маълум қилди.

«Иттифоқчилар Украинага ҳарбий ёрдамни ошираётганини тасдиқладилар, - деди у. - Украинани Россиядан ҳимоя қилиш учун зарур бўлган жиҳозлар ва ўқ-дорилар билан таъминлашда давом этишимиз керак». Шу билан бирга, алянс раҳбари Киевга ҳарбий юкларни кўпайтириш мамлакат мудофаасини таъминлашнинг асосий шарти эканини таъкидлади.

Столтенбергнинг сўзларига кўра, НАТО-Украина кенгаши йиғилишида жанг майдонидаги воқеалар ва Украинанинг устувор эҳтиёжлари муҳокама қилинган. Алянс аъзолари Россиянинг Украина тинч аҳолиси ва инфратузилмаларига қарши ҳаво ҳужумлари кучайганини кескин қоралади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид