Фан-техника | 20:52 / 05.09.2024
3371
2 дақиқада ўқилади

Volvo 2030 йилга бориб фақат электромобиллар сотиш режасидан воз кечмоқда

Бу айрим асосий бозорларда электомобилларга талаб камайгани ва Хитойда ишлаб чиқарилган электомобиллар учун савдо божлари жорий этилгани фонида содир бўлмоқда.

Фото: Getty Images

Volvo компанияси 2030 йилга бориб фақат электромобиллар ишлаб чиқариш борасидаги режасидан воз кечди, деб хабар беради BBC.

Автомобил ишлаб чиқарувчи уч йил олдин эълон қилинган қароридан бозор шартлари ўзгаргани учун воз кечаётганини билдирди. Бу айрим асосий бозорларда электомобилларга талаб камайгани ва Хитойда ишлаб чиқарилган электомобиллар учун савдо божлари жорий этилгани фонида содир бўлмоқда.

Анъанавий равишда ўзининг экологик репутациясини намойиш этиб келадиган Volvo General Motors ва Ford каби бошқа йирик автомобил ишлаб чиқарувчилар билан бирга электромобиллар соҳасидаги режаларидан воз кечмоқда.

Компания 2030 йилга бориб ўз маҳсулотларининг камида 90 фоизини электромобиллар ва гибрид автомобиллар ташкил этишини маълум қилди. Швеция компанияси, шунингдек, чекланган электр энергиясида ҳаракатланадиган анъанавий транспорт воситасига ўхшаш «юмшоқ гибридлар»ни ҳам сотувга чиқариши мумкин.

«Келажагимиз — электрга боғлиқ эканига ишонамиз. Аммо табиийки, электрлаштиришга ўтиш бирдан амалга ошмайди ва истеъмолчилар ҳамда бозор турли тезликда олдинга ҳаракатланмоқда», — дейди Volvo бош директори Жим Роуэн.

Компания, шунингдек, электр транспорт воситалари учун бизнес муҳити зарядлаш инфратузилмасининг секин ишга туширилиши ва истеъмолчиларни рағбатлантиришнинг бекор қилиниши каби омиллар туфайли ўзгарганини айтди.

Мавзуга оид