Ўзбекистон | 18:07 / 06.09.2024
31206
11 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг давлат қарзи илк марта 37 млрд долларга етди. Умумий қарзлар эса 60 млрд доллардан ошган

1 июл ҳолатига, Ўзбекистоннинг давлат қарзи илк марта 37 миллиард доллардан ошган. 2017-2023 йилларда бу миқдор 3 баробарга кўпайган. Халқаро валюта жамғармасига кўра, йил бошида Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 53 млрд доллар бўлган. Ташқи қарзлар нега бунчалик тез ўсяпти, хавотирлар қанчалик асосли?

Фото: Kun.uz

2024 йилнинг 1 июл ҳолатига, Ўзбекистоннинг давлат қарзи илк марта 37 млрд доллардан ошди. Тегишли маълумот Иқтисодиёт ва молия вазирлиги расмий сайтига жойланган.

Давлат қарзининг 30,9 млрд доллари – ташқи қарз, 6,1 млрд доллари эса – ички қарзни ташкил этади.

Давлат қарзи 2024 йил 1-чорагига нисбатан 1 млрд 679 млн долларга кўпайган. ЯИМга нисбатан улуши ҳам 1,5 фоизга ошиб, 31,7 фоиздан 33,2 фоизга етган.

Таққослаш учун, 2023 йилнинг 1 июл ҳолатига давлат қарзи 31 млрд 628 млн долларни ташкил этган. Бир йил ичида ушбу кўрсаткич 5,4 млрд долларга ёки 17 фоизга ошган.

Юқори суръатда ўсаётган қарз

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ташқи қарзининг ўсиш суръати кескин ошди. Хусусан, 2017 йил якунлари бўйича давлат қарзи 11,6 млрд долларни ташкил этган бўлса, 2023 йилнинг охирига келиб 34,9 млрд долларга етди ёки 3 баробарга кўпайди.

Жалб қилинган қарз маблағлари нимага ишлатилган?

Биринчи ярим йиллик якунига кўра, жами давлат ташқи қарзининг 42 фоизи (13 млрд доллар) бюджетни қўллаб-қувватлашга, 19 фоизи (5,7 млрд доллар) ёқилғи-энергетика соҳасига, 9 фоизи (2,7 млрд доллар) транспорт ва транспорт инфратузилмасига, 9 фоизи қишлоқ ва сув хўжалигига (2,7 млрд доллар) йўналтирилган.

Ўзбекистон кимлардан қарз олган?

Жорий йил 1 июл ҳолатига давлат ташқи қарзининг кредиторлар кесимида тақсимланиши қуйидагича:

  • Жаҳон банки — 6,7 млрд доллар;
  • Осиё тараққиёт банки — 6,5 млрд доллар;
  • Халқаро инвесторлар (халқаро евробондлар) — 4,2 млрд доллар;
  • Хитой молия ташкилотлари – 3,8 млрд доллар;
  • Япония молия ташкилотлари — 2,5 млрд доллар;
  • Осиё инфратузилма инвестициялари банки — 1,3 млрд доллар;
  • Ислом тараққиёт банки — 921 млн доллар;
  • Франция молия ташкилотлари – 823 млн доллар;
  • Корея молия ташкилотлари — 735 млн доллар;
  • Халқаро валюта жамғармаси — 735 млн доллар;
  • Германия давлат банки — 268 млн доллар;
  • Европа тикланиш ва тараққиёт банки— 226 млн доллар;
  • Бошқа халқаро молиявий ташкилотлар — 2,2 млрд доллар.

Ўзбекистоннинг қарзи қанча: 37 млрд долларми ёки 60 млрд доллар?

Ташқи қарз икки турга бўлинади: давлат қарзи ва хусусий (корпоратив) қарз. Айни пайтда Ўзбекистоннинг давлат қарзи 37 млрд доллар, бу ҳақда юқорида батафсил ёздик. Ўз навбатида, Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган субъектлар давлат кафолатисиз ташқи қарз олса, бу хусусий ташқи қарз дея қайд этилади. Шундай бўлса-да, бундай “хусусий” қарзларнинг катта қисми давлатга тегишли компаниялар ҳиссасига тўғри келади. Масалан, Ўзсаноатқурилишбанк, Асакабанк ва Алоқабанк Хитой банкларидан кредит олиб, янги бинолар қурмоқда.

Агар Ўзбекистондаги давлат банки ёки корхонаси ўз номидан ва давлатнинг расмий кафолатисиз қарз олса, бу хусусий қарз ҳисобланади. Лекин бу қарз давлат банки томонидан олинаётгани сабабли, уни “ярим давлат” ёки “квази-давлат” қарзи сифатида ҳам таснифлаш мумкин, чунки қарз олувчи – давлатга тегишли ёки давлат томонидан назорат қилинадиган ташкилот. Бу қарз давлат қарзига кирмайди, лекин давлатнинг молиявий барқарорлигига таъсир қилиши мумкин, айниқса, давлат корхонаси олган қарзини қоплашда қийинчиликка дуч келган пайтда.

Ўзбекистон Марказий банки ҳам, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳам давлат ташқи қарзи ва умумий ташқи қарз ҳақида тўлиқроқ ва кенгайтирилган ҳисобот шаклида маълумот бериб боришни тўхтатиб қўйган. Масалан, Марказий банкнинг “Ўзбекистон Республикаси тўлов баланси, халқаро инвестицион позицияси ва ташқи қарзи” ҳақидаги ҳисоботи охирги марта 2022 йил 1-чорак якунлари бўйича эълон қилинган. ИМВнинг “Давлат қарзи ҳолати ва динамикаси шарҳи” 2022 йилнинг 3-чорак якунлари бўйича тақдим қилинган.

Ҳар иккала идора ҳам, Kun.uz сўровига жавобан, кенгайтирилган маълумотлар бериб боришнинг тўхтатилганини халқаро ташкилотлар бу борадаги талабни олиб ташлагани билан изоҳлади.

Охирги очиқланган маълумотларга кўра, 2022 йилнинг 1 апрел ҳолатига Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 38,8 млрд долларни (шундан давлат ташқи қарзи – 23,4 млрд доллар [ҳозир 30,9 млрд доллар], хусусий ташқи қарз – 15,4 млрд доллар) ташкил этган. Ўша пайтда хусусий ташқи қарзнинг 76 фоизи (11,75 млрд доллар) банк ва ёқилғи-энергетика секторига жалб қилинган бўлган.

Халқаро валюта жамғармаси маълумотларига кўра, 2023 йил якуни бўйича умумий ташқи қарз (давлат ва давлат томонидан кафолатланган қарз, кафолатланмаган давлат корхоналари қарзи ва хусусий ташқи қарз) 53 млрд доллар ёки ЯИМнинг 60 фоизига етган.

Шунингдек, 6,1 млрд долларлик давлат ички қарзи ҳам мавжуд экани, жорий йил биринчи ярмида ҳам қўшимча ташқи қарз маблағлари жалб қилинганини ҳисобга олсак, умумий қарз миқдори 60 млрд доллардан ошганини тахмин қилиш мумкин.

Ташқи қарз миқдори хавотирли даражадами?

Халқаро экспертларнинг қайд этишича, Ўзбекистоннинг қарзи бошқа паст даромадли мамлакатларга қараганда тезроқ ошиб боряпти. Аммо ХВЖ мамлакатнинг давлат қарзи билан боғлиқ муаммоларга учраш хавфини жуда паст даражада баҳолаган. Ҳукумат вакиллари ҳам ташқи қарз ҳажми мамлакат иқтисодиёти ва аҳоли сонига нисбатан катта эмаслигини таъкидлаб келади. Айримлар Япония ва АҚШ каби мамлакатларнинг ҳам катта қарзи борлигини мисол қилиб келтириб, Ўзбекистон учун ҳеч қандай таҳдидлар мавжуд эмаслигини айтади. Аммо бу ерда ушбу мамлакатлар билан жиддий фарқлар бор.

Қарз миқдорининг ошиб бораётгани қуйидаги омиллар сабаб эҳтимолий хатарларни юзага келтириши мумкин.

Биринчидан, Ўзбекистон иқтисодиёти етарли даражада диверсификацияланмаган. Мамлакат экспорти кўпроқ табиий ресурслар (олтин, уран, мис) ва маълум бир соҳаларга боғлиқ. Пул ўтказмаларининг ЯИМ ўсишидаги улуши катта. Бу турдаги иқтисодиёт ташқи бозор шокларига анчайин сезгир бўлади.

Ҳа, АҚШ (35 трлн доллар) ёки Япония (4,43 трлн доллар) каби ривожланган давлатларнинг ҳам катта миқдорда ташқи қарзи бор. Аммо юқоридаги мамлакатлар жуда катта ишлаб чиқариш ва экспорт потенциалига эга. Яъни уларнинг иқтисодиёти тўлиқ диверсификацияланган.

Улардан фарқли, олтин ёки мис нархининг тушиб кетиши, рубл курсининг тебраниши натижасида пул ўтказмаларининг қисқариб кетиши Ўзбекистон учун жиддий рискларни яратади.

Иккинчидан, миллий валютанинг қадрсизланиши билан боғлиқ хавфлар мавжуд. 2024 йилнинг 1 июл ҳолатига кўра, давлат ташқи қарз портфели валюта таркибининг 71,4 фоизи АҚШ доллари, 7,2 фоизи Япония иенаси, 7,1 фоизи СДР (махсус қарз олиш ҳуқуқлари), 7 фоизи евро, 2,2 фоизи юан, 2 фоизи ўзбек сўми, 3,3 фоизи бошқа валюталардаги ташқи қарз ҳиссасига тўғри келган.

Яъни давлат ташқи қарзининг қарийб 98 фоиз қисми хорижий валютада жалб қилинган. Валюта курсининг кескин ўзгариши ва ўзбек сўмининг эҳтимолий қадрсизланиши хизмат кўрсатиш харажатлари ва миқдорига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин. Масалан, 2023 йилда ўзбек сўми кучли босим остида қолди ва долларга нисбатан 9,8 фоизга қадрсизланди. Жорий йил 1 сентябр ҳолатига бу кўрсаткич 2,64 фоизни ташкил қилган. Қарзга хизмат кўрсатиш харажатлари учун маблағ миллий валютада шаклланишини инобатга олсак, қарз юки миллий валюта қадрсизланиши билан янада ортади.

Миллий валютанинг статуси жиҳатдан ҳам АҚШ ва Япония ташқи қарзи Ўзбекистонникидан фарқ қилади. АҚШ доллари халқаро захира валютаси бўлиб, Қўшма Штатлар қарзининг кўп қисми ўз миллий валютасида тўпланади. Бу АҚШга ўз қарз мажбуриятларини анча қулай шароитларда қайтариш имконини беради. Япония ҳам ички қарзнинг кўп қисмини ўз миллий валютасида (иена) олган. Ўзбекистоннинг миллий валютаси (сўм) халқаро бозор учун захира валюта ҳисобланмайди, бу эса халқаро қарзларни қайтаришда фоиз тўловларидан ташқари, алмашув курси тебраниши билан боғлиқ муқаррар тўловлар ҳам борлигини англатади.

Учинчидан, глобал инфляцион ҳолатнинг ёмонлашиши фонида Марказий банкларнинг қаттиқлаштириш сиёсати ва фоизларни ошириши халқаро бозорларда қарз ва капитал нархини кескин қимматлаштириб юборди. Бу эса Ўзбекистонга ўхшаган ривожланаётган мамлакатлар учун ташқи қарз жалб қилишни қийинлаштиради.

Япония ва АҚШ халқаро молиявий бозорларда юқори кредит рейтингига эга давлатлар ҳисобланади. Бу давлатларга инвесторнинг ишончи юқори бўлгани сабаб уларнинг қарз олишлари осон ва бу паст фоиз ставкалари билан амалга оширилади. Ўзбекистон учун бундай имконият йўқ.

Тўртинчидан, қарз учун хизмат кўрсатиш харажатлари ошиб боряпти. Масалан, 2023 йилда биргина давлат ташқи қарзига хизмат кўрсатиш харажатлари 2,82 млрд долларга етган. Таққослаш учун, бу кўрсаткич 2018 йилда 0,5 млрд доллар бўлган. Бу янги қарз олиш ва олдин олинган қарзни қайтариш миқдорларининг тенглашиб қолишига олиб келиши мумкин. Бундай шароитда эски қарз янги қарз билан ёпила бошлайди.

Шундай бўлса-да, реал иқтисодий ўсиш кутилмаларининг яхшилиги ҳисобига ХВЖ мутахассислари Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарз миқдорини 2023 йил охиридаги ЯИМнинг 60 фоизидан 2029 йил охирида ЯИМнинг 51 фоизигача пасайишини прогноз қилган.

Нега Ўзбекистон қарзи тез ўсяпти?

Биринчидан, Ўзбекистон каби ривожланаётган мамлакатларда инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш кўлами доимо ўсиб борувчи характерга эга. Бу каби вазифаларни амалга ошириш учун давлатда 2 та муқобил ечим мавжуд: солиқларни ошириш ёки ташқи қарз ва инвестиция маблағларини жалб қилиш.

Солиқларни ошириш истиқболда иқтисодиётни ривожлантириш рағбатларига путур етказиши ҳисобга олинса, кўплаб ривожланган давлатлар иккинчи йўлни танлашни афзал кўришади. Ўзбекистон мисолида олиб қарайдиган бўлсак, ҳукуматга нисбатан асосий саволлар қарз маблағларининг ошиб бораётгани билан бирга, жалб қилинган пулнинг самара бермаётган ва нархи қимматлаштирилган лойиҳалар учун ишлатилишида бўляпти.

Иккинчидан, ковид ва постковид даври дунёнинг кўплаб мамлакатларида ташқи қарз ўсишига олиб келди. Хусусан, ушбу омиллар таъсирида 2020 йилда қарз жалб қилиш миқдори кескин ошганини (17,8 млрд доллардан 23,4 млрд долларга) кўриш мумкин.

Учинчидан, давлат бюджети тақчиллигининг ошиб бораётгани. 2022 йилда ушбу кўрсаткич ЯИМнинг 3,9 фоизини ёки қарийб 35 трлн сўмни ташкил этди. 2023 йилда эса консолидацияланган бюджет тақчиллиги лимити ЯИМга нисбатан 3 фоиздан 5,5 фоизгача, йиллик ташқи қарз лимити 4,5 млрд доллардан 5,5 млрд долларгача кўпайтирилди.

Эслатиб ўтамиз, шу йил май ойида S&P халқаро кредит рейтинг агентлиги Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтингини “BB-” (барқарор кутилма) даражасида ўзгаришсиз қолдирган эди. Агентлик Ўзбекистоннинг ташқи қарзлари миқдори аввалги прогнозларга қараганда тезроқ ошиши кутилаётганини қайд этган.

Достон Аҳроров тайёрлади.

Мавзуга оид