Жаҳон | 09:47 / 06.09.2024
11730
3 дақиқада ўқилади

Павел Дуров: Telegram Францияни тарк этиши мумкин

Telegram асосчиси Павел Дуров Францияда ҳибсга олинганига илк бор изоҳ берди. У француз ҳукумати томонидан ўзига қўйилган айбловларни «нотўғри ёндашув» деб атади.

Фото: AP

Telegram мессенжери асосчиси Павел Дуров ушбу платформада учинчи шахслар томонидан содир этилган жиноятлар учун Франция расмийлари томонидан Telegram бош директори сифатида унга қўйилган айбловларни «нотўғри ёндашув» деб атади. 5 сентябр, пайшанба куни Дуров Францияда ҳибсга олинишини биринчи марта изоҳлар экан, ҳеч бир инноватор келажакдаги фойдаланувчилар томонидан юзага келиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликлар учун шахсан жавобгар бўлиши мумкинлигини билса, янги технологиялар яратмайди, деди. Унинг таъкидлашича, француз ҳукумати ҳибсга олинишидан олдин ҳам у билан «кўп жиҳатдан», хусусан, «тез-тез меҳмон» бўлган Дубайдаги Франция консуллиги орқали боғланиши мумкин эди.

Дуров: Telegram хавфсизроқ бўлади

«Баъзи оммавий ахборот воситаларининг Telegram қандайдир анархик платформа эканлиги ҳақидаги даъволари мутлақо ёлғон», деди тадбиркор ва жамоаси «ҳар куни миллионлаб зарарли нашрлар ва каналларни» ўчириб ташлашини қўшимча қилди. Бироқ, мессенжер фойдаланувчилари сонининг кескин ўсиши ундаги «суиистеъмолликка ёрдам берди», деди Дуров. Унинг сўзларига кўра, «август воқеалари» Telegram «хавфсизроқ ва кучлироқ» бўлишига олиб келади.

Павел Дуров Telegram махфийлик ва хавфсизлик ўртасидаги «тўғри мувозанат» бўйича келишиб бўлмайдиган мамлакатларни тарк этаётганини алоҳида таъкидлади. «Биз буни кўп марта қилганмиз. Россия кузатувни фаоллаштириш учун шифрлаш калитларини топширишни талаб қилганида, биз рад этдик - ва Telegram Россияда тақиқланган эди». Дуровнинг сўзларига кўра, худди шундай вазият Эронда ҳам бўлган, ўша мамлакат ҳукумати «тинч намойишчилар»нинг Telegram-каналларини блоклашни талаб қилган. «Биз ўз тамойилларимизга тўғри келмайдиган бозорларни тарк этишга тайёрмиз, чунки биз буни пул учун қилмаяпмиз», - дея огоҳлантирди Павел Дуров.

Павел Дуров иши

24 август куни Ле-Бурже аэропортида қўлга олинган Telegram асосчиси 28 август куни Париждаги ҳибсдан 5 миллион евро гаров эвазига озод қилинди. Унга Францияни тарк этиш тақиқланган ва ҳафтасига икки марта полицияга ҳисобот бериши шарт.

Париж прокуратураси баёнотида айтилишича, 39 ёшли Дуров бир нечта жиноятларда гумон қилиниб, тергов қилинмоқда. Улар орасида ноқонуний фаолият олиб бориладиган платформани бошқариш, расмийлар томонидан сўралганда маълумот беришдан бош тортиш, пул ювишда иштирок этиш, болаларга нисбатан жинсий жиноятлар, гиёҳванд моддалар савдоси ва фирибгарлик бор.

Мавзуга оид