Жаҳон | 22:48 / 06.09.2024
3400
2 дақиқада ўқилади

Таиланднинг янги ҳукумати сиёсий нотинчликлардан кейин қиролга қасамёд келтирди

Аввалроқ Таиланд Конституциявий суди бош вазир Сеттха Тхависинни ахлоқ қоидаларини қўпол равишда бузганликда айбдор деб топиб, уни лавозимидан четлатган эди.

Фото: Reuters

Таиланднинг янги бош вазири Пэтонгтарн Чинават ҳамда унинг ҳукумати 6 сентябр куни қасамёд қабул қилди.

Қайд этилишича, 38 ёшли бош вазир ва Вазирлар Маҳкамасининг 35 нафар аъзоси Бангкокдаги саройда ўтказилган анъанавий маросимда мамлакат қироли Маха Вачиралонгкорнга садоқат қасамёдини келтирган. Администрациянинг сиёсий баёнотини якунлаш мақсадида Пэтонгтарн бошчилигидаги ҳукумат 7 сентябр куни ўзининг биринчи йиғилишини ўтказади.

Қасамёд қабул қилиш жараёни ҳукуматни шакллантириш йўлидаги бир ҳафталик жараённи якунлади. Аввалроқ Таиланд Конституциявий суди бош вазир Сеттха Тхависинни ахлоқ қоидаларини қўпол равишда бузганликда айбдор деб топиб, уни лавозимидан четлатган эди.

Пэтонгтарн Таиланд собиқ бош вазири Таксин Чинаватнинг кенжа қизи бўлиб, парламент томонидан Сеттханинг ўрнига сайланган эди, Пхеу Тхай партияси раҳбарлиги остидаги янги ҳукумат коалицияси таркиби деярли олдингидек ўзгаришсиз қолган.

Пэтонгтарн олдида мураккаб вазифа турибди — Таиланд иқтисодиётини жонлантириш ва унинг партияси бошчилигидаги тўртта олдинги ҳукуматни ағдарган ҳарбий тўнтаришлар ва суд аралашувларидан қочиш.

Мамлакат молиявий бозори ўтган ой йирик мухолифат партияси тарқатиб юборилганида бошланган сиёсий нотинчликнинг тугашини олқишлади. Пэтонгтарн номзоди 15 август куни янги етакчи лавозимига илгари сурилганидан кейин SET базавий индекси қарийб 11 фоизга, бат эса ушбу давр оралиғига 4 фоизга кўтарилди — бу бир йилдан ортиқ вақт давомида эришилган энг юқори даражадир.

Мавзуга оид