Жаҳон | 21:30 / 06.09.2024
22252
14 дақиқада ўқилади

Украина қўшини бир ойдан буён Курск областининг бир қисмини эгаллаб турибди. Буёғига нима бўлади?

Бир ой муқаддам украин қўшини чегарани кесиб ўтиб, Курск областида Россия ҳудудига кирганди. Ҳозирда улар минг километр квадратдан ортиқ майдондаги ўнлаб қишлоқлар ҳамда Суджа райони марказини эгаллаб турибди. Бунақаси Россия тарихида 80 йилдан буён кузатилмаганди.

Украиналик ҳарбий Суджа шаҳрила. Фото: Getty Images

Украинлар амалиёти муваффақиятларидан бири — тезкорлик, ахборий сукут ва кутилмаганлик бўлди. Украина қуролли кучлари узоқ вақт мобайнида Суми области чегарасида қўшин тўплади ва буни Россия мазкур йўналишда ҳужумга ўтмоқчилиги билан изоҳлади.

Хусусан, бу ҳақда май ойида Украина мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси бошлиғи Кирилл Буданов ҳам айтиб ўтганди. У ўзидаги маълумотларга кўра, Россия қўшини Харкив областига бостириб кирилган 10 майдан кўп ўтмай Суми областига ҳам юриш бошлаши кутилганди.

Бу «юриш»га тайёргарлик кўриш Украинага ортиқча эътибор жалб қилмасдан чегара яқинида 8-10 минг жангчидан иборат зарбдор гуруҳ йиғиш имконини берди.

6 август тонгида украин армиясининг илк жанговар бўлинмалари мудофаадан ҳужумга ўтди ва Россия билан чегарадан кирди.

Курск операцияси қандай ривожланди?

Украина ҳукумати қарийб бир ҳафта мобайнида Курск областидаги операция хусусида сукут сақлаб, Украина қуролли кучлари Россия ҳудудида бўлиб турганини тасдиқламади ва рад ҳам этмади.

BBC украин хизмати маълумотига кўра, ҳатто жойлардаги командирлар ҳам тўлиқ ахборотга эга бўлмаган ва амалиётнинг якуний мақсадидан бехабар бўлишган.

Уларга маълумот қисқача ва фақат алоҳида босқичларда етказиларди.

Шунга қарамай, Украина қуролли кучларининг яхши тайёргарлик кўрган штурмчи қисмлари, жумладан, Десант-штурм қўшинлари 80-алоҳида бригадаси россияликларнинг чегара яқинидаги мудофаа чизиғини ёриб ўтиб, тезлик билан Россия ҳудуди ичкарисига ҳаракатланди ва рақиб бўлинмаларининг ортида пайдо бўлди. Россия армиясининг асосан муддатли ҳарбий хизматга чақирилганлар ва чегарачилардан иборат бўлинмалари кўп ҳолларда асир тушишга мажбур бўлди.

«Операциянинг илк кунларида биз кўп асир олдик, чунки бу душман учун кутилмаган ҳолат бўлганди, уларнинг разведкаси ишламаган, Украина қуролли кучлари бўлинмалари тўпланишини пайқамаганди», — дея вазиятни изоҳлайди бригада командири, полковник Павел Розлач украин телемарафони эфирида.

Курск областидаги юришга Украинанинг энг яхши тайёргарликка эга бўлинмалари жалб этилди
Viacheslav Ratynskyi / Reuters / Scanpix / LETA

Биринчи ҳафта давомида Украина қуролли кучлари «манёврли уруш» принципларидан фойдаланган ҳолда Курск области бўйлаб жадаллик билан ҳаракатланишга муваффақ бўлди. 

Яъни тезкор зирҳли техникалардаги кўплаб отрядлар тўқнашувга киришмасдан, рақиб мудофаа тугунларини қанотлардан айланиб ўтди, аммо уларга таъминот ва захира кучлар келадиган йўлларини тўсиб қўйди.

Украинлар бу тактикадан фойдаланган ҳолда россияликларнинг Суджа шаҳри ва Коренево посёлкаси атрофидаги асосий логистик йўлларини назорат қила бошлади. Шунингдек, Украина қуролли кучлари тезлик билан шимолга — Курск — Рильск трассаси ва атом электр станцияси жойлашган Курчатов шаҳри томон юра бошлади.

РФ мудофаа вазирлиги 2024 йил 10 август куни эълон қилган видеодан кадр. Унда Россия қўшини ва ҳарбий техникалари Курск областига олиб кетилиши акс этган
Министерство обороны РФ / EPA / Scanpix / LETA

Россия Курск областига олиб келган захиралар, биринчи навбатда денгиз пиёдалари бригадалари бу ҳаракатни секинлаштирди. Қўшимча кучлар украинлар ҳужум қилаётган йўналишларда Россия мудофаасини кучайтирди ва уларни манёврли уруш олиб бориш имкониятидан маҳрум этди.

Россия армияси муҳим объектлар, жумладан Курск АЭС атрофида истеҳкомлар қуришга киришди.

Курск областининг қайси ҳудудлари Украина қуролли кучлари назоратига ўтган?

Украина ҳам ўзи эгаллаб олган ҳудудларда хандақ қазиб, мустаҳкам жойлаша бошлади.

Шу билан бир вақтда, ўз плацдарми барқарорлигини таъминлаш учун Украина қуролли кучлари фронт чизиғини, биринчи навбатда Мартиновка ва Малая Локня қишлоқлари атрофида текислашни, шунингдек, назорат ҳудудини чегара бўйлаб Суджадан шарққа ва ғарбга кенгайтиришни бошлади.

Август ойининг иккинчи ярмидан бошлаб украин армияси Глушково шаҳри атрофидаги ҳудудни иҳоталаш бўйича амалиёт ўтказишга киришди. Украина қуролли кучлари авиацияси Сейм дарёси орқали ўтган кўприклар ва бошқа кечув жойларини яксон қилиб, ғарб ва шимолда ушбу сув тўсиғи билан, жанубда украин чегарасига туташган ҳудудда жойлаштирилган Россия гуруҳининг таъминотини қийинлаштирди — шарқдан эса Украина қуролли кучлари бўлинмалари таҳдид солиб турибди.

Россия армиясининг ушбу ҳудудга йўналтирилаётган қўшимча кучлари колонналарини украин армияси авиация зарбалари ва дронлар орқали йўқ қилмоқда.

Германиянинг Bild нашрига кўра, назарий жиҳатдан бу ҳудудда 2 мингдан 3 минггача россиялик ҳарбий қуршов ҳолатида қолган бўлиши мумкин.

Аммо украин армияси бу участкада фаоллашмаяпти ва сентябр ойи бошидаги ҳолатга кўра Глушково райони марказидан 10-12 км масофада турибди (DeepState портали маълумоти).

Катта эҳтимол билан, Украина қуролли кучлари Россия кучлари 2022 йил кузида Днипро орқали ўтган барча кўприклар вайрон қилинганидан кейин Херсон областининг ўнг соҳилдаги қисмини тарк этгани каби бу ҳудуддан ҳам чиқиб кетишга мажбур бўлишини кутмоқда.

Бошқа йўналишларга келсак, DeepState онлайн харитасига кўра, украинларнинг энг олдинги позицияларидан Рилск ва Лгов шаҳарларигача масофа 20-25 км, Курск АЭСгача — қарийб 35 км.ни ташкил этмоқда.

Украина қуролли кучлари бош қўмондони Олександр Сирскийга кўра, август ойи охирига келиб украинлар Россиянинг 1300 км кв ҳудуди ва 100 та аҳоли яшаш манзилини ўз назоратига олганди.

BBC украин хизмати Украина қўмондонига ушбу қишлоқ ва посёлкалар рўйхатини тақдим этишни сўраб мурожаат қилган.

Курск областидаги ҳарбий комендатура

Курск областидаги операция бошланганидан бир ҳафта ўтиб украин расмийлари у ерда ҳарбий комендатура ташкил этилганини маълум қилди.

У Суджа шаҳрида жойлашган. Уни машҳур бўлмаган, лекин тажрибали генерал-майор Эдуард Москалев бошқаради, у бунгача Одесса мудофаасига жавоб берган ва Украина қуролли кучлари бирлашган кучлари қўмондони бўлган.

Украина қуролли кучлари бош алоқа марказидагилар BBC сўровига жавобан комендатура «халқаро гуманитар ҳуқуқ нормаларига мувофиқ» ташкил этилганини билдирган.

Унинг фаолияти бош қўмондон Сирский буйруғи билан тасдиқланади, у комендатуранинг мақсади, вазифалари ва функцияларини белгилаб берган.

«Ҳарбий комендатура — жамоат тартиби ва хавфсизлигини (имкониятга қараб) сақлаш, тинч аҳолининг биринчи галдаги эҳтиёжларини қондириш, Украина қуролли кучлари ҳарбий хизматчилари ўртасида ҳарбий интизомни сақлаш, шунингдек, диверсия ҳаракатларининг олдини олишда иштирок этиши мўлжалланган бўлинмадир», — дейилади сўровга жавобда.

Украина қуролли кучлари украиналик ва хорижлик журналистларни Курск областининг эгаллаб олинган қисмига таклиф этиб, украиналик ҳарбийлар маҳаллий аҳолига қандай муносабатда бўлаётганини кўрсатган. Фото: Getty Images

Комендатура Женева конвенциясининг уруш даврида фуқароларни ҳимоя қилиш бўйича талабларига риоя этилишини таъминлаши керак.

Амалда ҳам украиналик ҳарбийлар Суджада маҳаллий аҳоли вакилларига егулик, ичимлик сув тарқатиш билан шуғулланмоқда ҳамда тиббий ёрдам кўрсатмоқда.

Тинч аҳоли вакилларини мажбурий эвакуация қилиш кузатилмаяпти, чунки бу халқаро конвенциялар билан тақиқланган. Аммо Украина расмийлари Курск области аҳолиси чиқиб кетиши учун гуманитар йўлак очиб беришга тайёрлигини маълум қилган.

Курск областида буёғига нима бўлади?

Сўнгги ҳафталарда украинларнинг Курск областида олдинга юриши анча секинлашган. Ва гап фақат ушбу йўналишга Россиянинг 30 минг кишилик захира кучлари ташланганида ҳам эмас.

Юриш суръатлари пасайиши Украина қуролли кучлари ўз юришидаги «оператив чуқурлик»ка етиб бўлгани ва ҳудуддаги қўшинлари таъминотини йўлга қўйиш учун танаффус олиши кераклиги билан боғлиқ, дея изоҳлайди Разумков марказининг ташқи сиёсат ва халқаро хавфсизлик дастурлари бошлиғи, захирадаги подполковник Олексий Мелник.

«Украин кучлари ҳозирда бундай юриш учун режалаштирилган оператив чуқурликка етиб борган… Оператив пауза вақтида ушбу маррада тўхташ ёки логистика ва захиралар олиб келингач юришни давом эттириш бўйича баҳо берилади».

У мисол сифатида Украина қуролли кучларининг 2022 йил кузида Харкив областида ўтказган қарши ҳужумини келтирган, ўшанда украин қўшини 35-40 км масофада ёриб кирганидан кейин ўз ҳаракатини тўхтатганди.

Бундай пауза ўнлаб километр масофага ҳаракатни давом эттиришга қодир бўлган кучли ва тайёр захираларга эга бўлмаган томон учун зарурдир.

Курск областидаги юриш украин армиясининг жанговар руҳиятини оширди, деб ҳисоблайди ҳарбий экспертлар
Viacheslav Ratynskyi / Reuters / Scanpix / LETA

Бундай шароитда қўмондонлик таъминотни таъминлаши, жумладан, ўқ-дорилар олиб келиб, қанотларни рақибнинг қарши ҳужумларидан ҳимоялаши керак бўлади.

Айни вақтда украин ҳарбийлари Курск областида айнан шу иш билан машғул, дея хулоса қилади таҳлилчи.

Ҳарбий эксперт, Австралия қуролли кучларининг истеъфодаги генерали Мик Райаннинг ҳисоблашича, август ойи охирига келиб украинларнинг Курск областидаги операцияси «муваффақиятни ривожлантиришнинг якуний босқичи» (limit of exploitation)га етган.

Унинг сўзларига кўра, бундан кейин Украинада ҳаракатланишнинг уч варианти бор. Биринчиси — Курск областида эгаллаб олинган барча ҳудудларни мудофаа қилиш. Иккинчиси — мудофаа учун қулай ҳудудни танлаш ва чекиниш йўлини тайёрлаш, учинчиси — қўшинларни Украинага қайтариб олиб кетиш.

«Афтидан, ҳозирда иккинчи вариант эҳтимоли юқори», — дейди эксперт.

«Украина юриши олдинга давом этиши муминми? Албатта ва у ҳозир ҳам олдинга силжимоқда, қўйилган вазифаларни бажаришга ҳаракат қилмоқда», — деган BBC мухбирига DeepState таҳлил маркази ҳаммуассисларидан бири Роман Погорелий.

Унинг маълумотига кўра, Украина қуролли кучларининг Курск областидаги ҳаракати бир вақтнинг ўзида бир неча йўналишда давом этмоқда, аммо муайян сабабларга кўра ОАВда «ёритилмаяпти».

Украиналик таҳлилчи Олексий Мелник 6 сентябрга келиб Курск областидаги операция аллақачон «мутлақ мақсадга мувофиқлигини исботлагани»га ишончи комил.

«Украина ҳарбий-сиёсий раҳбарияти қўл урган таваккалчилик бугунга келиб ўзини оқлади», — дейди у.

Унинг фикрича, Курск областидаги юриш ўз мақсадларига «қисман эришди. Бу Украина қуролли кучларига ўлжа қилиб олинган техникалар ва ўқ-дорилар ҳисобига ўз захираларини тўлдиришга имкон берди, «алмашув фонди»ни оширди, тинч аҳоли вакиллари ҳамда ҳарбийларнинг руҳияти кўтарди.

Володимир Зеленскийнинг сўзларига кўра, Украина ҳозирча Курск областидан кетмоқчи эмас

Шу билан бир вақтда, бу операция Россия президенти Владимир Путинни Донецк областидаги юришни секинлаштиришга мажбур қила олмади ва Суми областининг чегара ҳудудларида Россиянинг ҳаво зарбалари хавфи аригани йўқ.

Аммо Курск операциясининг якуний муваффақияти ёки барбод бўлгани ҳақида фақат у ўзининг мантиқий якунига етганидан кейин гапириш мумкин, дея таъкидлайди эксперт.

«Бу операция финали кўп жиҳатда Украинада exit strategy (чиқиш стратегияси) бор ёки йўқлигига боғлиқ», — дея қайд этади Мелник.

Exit strategy деганда у тўғридан тўғри Украина қўшинлари Россия ҳудудидан олиб чиқилишини эмас, балки Киев бу амалиётни ўз ҳарбий ва сиёсий мақсадларига қанчалик эришган ҳолда тўхтатишини назарда тутади.

Володимир Зеленский Курск областидаги воқеалар ривожини шарҳларкан, украин армияси ҳозирча бу ҳудудни тарк этмоқчи эмаслигини айтади.

«Биз бугун ўзимизда ушлаб туришни хоҳлаган ҳудудларни ушлаб турибмиз. Бу ўзига хос „буфер зона“, аммо бизнинг эмас, уларнинг ҳудудида», — деган у NBC телеканалига интервюсида ва Россия ҳудудларини «ушлаб туриш» Украина ғалаба режасининг бир қисми эканини таъкидлаган.

Владимир Путин Украинанинг Россия ҳудудига юришини «провокация» ва «терроризм» деб атаган.

5 сентябр куни у Россия армияси чегара ҳудудларда «вазиятни барқарорлаштиргани» ва рақибни сиқиб чиқаришни бошлаганини айтди.

«Россия қуролли кучларининг муқаддас бурчи душманни Курск областидан улоқтириб ташлаш ва фуқароларни ҳимоя қилишдир», — деган Путин.

У Украина қуролли кучларининг Курск операциясидан асосий мақсади – Россияни Донецк областидаги қўшинларни олиб ўтишга мажбур қилиш бўлганини таъкидлайди. Путиннинг сўзларига кўра, улар бу мақсадига эриша олмади ва аксинча, Россия армияси юриш суръатларини оширди.

Шу билан бирга, қайд этиш керакки, Украина ҳукумати ўз амалиётининг мақсадларини аниқ очиқламаган. Донбассдаги, хусусан, Покровск атрофидаги вазиятга келсак, президент Зеленский Курск областидаги воқеалар барибир Кремлни қўшинларни бу йўналишдан олиб кетишга мажбурлай олмаганини тан олган.

Аммо у Украина қуролли кучларига ғарблик иттифоқчилар ваъда қилган ва бир неча ойга кечиккан ҳарбий ёрдам етиб келмагунича Украина рақиб юришини қандай тўхтатиш бўйича режа ишлаб чиқишига тўғри келганини таъкидлаган.

Зеленскийнинг қайд этишича, Курск операциясининг яна бир мақсади Россия армиясининг ва шахсан Путиннинг Россия ҳудудини ҳимоя қилишдаги «заифлиги»ни кўрсатиш бўлган ва украинлар президентига кўра, бу мақсадга эришилган.

Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид