Жаҳон | 18:57 / 07.09.2024
2843
3 дақиқада ўқилади

Брюсселдаги Audi заводи ёпилиши мумкин

Audi компанияси бир йилдан сўнг Брюсселдаги заводда автомобил йиғиш тўхтатилишини тасдиқлади. Завод ходимлари бунга қарши норозилик билдирмоқда.

Фото: Reuters

Брюсселдаги Audi Forest заводи ходимлари келажагидан жиддий хавотирда. Audi автомобилсозлик компаниясини ўз ичига олган Volkswagen концерни 2025 йилдан кейин Брюссел заводида Q8 e-трон электрокроссовернинг асосий моделини ишлаб чиқариш режалаштирилмаётганини тасдиқлади.

Касаба уюшмалари бу қарор завод ёпилишини англатади деб ҳисобламоқда. Уч мингдан ортиқ ходим ишдан бўшатилиши мумкин. Субпудратчиларни ҳам шундай тақдир кутмоқда. 4 август куни завод ишчилари норозилик белгиси сифатида ишга чиқмади. Одамлар умидсизликка тушган.

Нимани ҳис қиляпмиз? Бўлаётган ишлардан, заводнинг ёпилиши ҳақидаги қарордан ғазабдаман. Уни сақлаб қолишнинг бошқа йўллари бўлса эди... Лекин биз бунга ишонмаймиз”, деди Audi субпудратчиси Хоакин Малпика. У заводда 2006 йилдан бери ишлайди.

Раҳбарият заводнинг ёпилиши кун тартибида эмаслигини ва бошқа имкониятлар ўрганилаётганини таъкидламоқда.

Audi Forest заводи расмий вакили Питер Д’Ҳоорнинг сўзларига кўра, яна бир нечта вариантлар, мақбул ечимлар мавжуд.

Масалан, бу ерда амалга ошириш мумкин бўлган муайян лойиҳаларни зиммамизга олишимиз мумкин. Дейлик, бошқа заводлар учун деталлар ишлаб чиқариш имкониятини кўриб чиқсак бўлади. Шунингдек, потенциал инвесторлар билан музокара олиб боряпмиз, вазият ойдинлашгач улар билан учрашишни режалаштиряпмиз. Бироқ ҳозирча аниқ бир нарса айтолмайман”, деди у.

Volkswagen Европанинг етакчи автомобил гуруҳидир. Шу ҳафта концерн ўз харажатларини қисқартириш режасини эълон қилди. Қарийб 90 йиллик тарихида биринчи марта компания Германиядаги иккита заводини ёпишни ва мураккаб иқтисодий шароитларда рақобатга бардош бериш учун ходимларни ишдан бўшатишни режалаштирмоқда.

Касаба уюшмаси вакили Паскал Дебрюлл Audi машиналарини ишлаб чиқариш Мексикага кўчирилиши ҳақида гапирди:

Мексика ва АҚШда уни сотиш имкониятлари анча юқори. Ишчи кучи арзонроқ. Уларда АҚШдагидек импорт солиқлари йўқ. Шунинг учун ишлаб чиқаришни очиқчасига кўчиряпмиз, чунки келажакдаги тахминий сотувларнинг 50 фоизи Америкага тўғри келади”.

16 сентябр, душанба куни Брюсселда Audi ишчиларининг катта намойиши режалаштирилган. Акцияга Германиянинг Volkswagen концерни касаба уюшмалари вакиллари ҳам қўшилиши кутилмоқда.

Мавзуга оид