Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Германияда «суиқасд мақсадида» олти кишини гаровга олган собиқ аскар устидан суд бошланди
Афғонистонда хизмат қилган шахс муляж қуроллар билан қаҳвахонага бостириб кириб, у ердагиларни гаровга олган. Прокуратурага кўра, айбланувчи полиция ходимларини «ўқ отишга ундаган».
Германияда полициячилар ўзини отиб ташлашлари учун атайдан олти кишини гаровга олган эркак устидан суд жараёнлари бошланди, деб хабар беради Bild.
Қайд этилишича, 2024 йил 26 январ куни Стефано Б. қуролланган ҳолда Улм шаҳридаги Starbucks қаҳвахонасига кирган ва у ердаги мижозларни гаровга олган. Ўша куни гумонланувчининг қўлида Glock 19 тўппончаси ва Heckler & Koch 416 винтовкасига ўхшаш муляж бўлган. Одамларни гаровга олишдан олдин у қўшни столда ўтирган жуфтликни «Кетинглар ва полицияни чақиринглар» дея огоҳлантирган.
Шундан сўнг Стефано Б. муляж қуролларини чиқариб, олти кишини гаровга олган. Уларнинг икки нафари полициячилар кўриши учун бар ўриндиғига ўтқазилган. Гаровга олинганлар орасида 13 ва 14 ёшли қизлар ҳам бўлган.
Охир-оқибат Стефано Б. гаровга олинган шахсларнинг беш нафарини қўйиб юборган, охиргисини эса Улм собори томон йўналтирган. Шу вақтда полициячилар ўқ узиб, унинг елка ва жағ қисмини яралаган.
Суд жараёни аввалида айбланувчининг адвокати Торстен Шторп ўз мижози барча айбловларни тан олишини маълум қилди. «У гаровга олинганларнинг барчасидан узр сўрашни хоҳлайди. У ўз хатти-ҳаракатлари билан ҳеч кимга зарар етказмоқчи бўлмаган», — дейди адвокат.
Прокуратура эса ўз навбатида Стефано Б. суицид ниятида жиноят содир этганини — у «полициячиларни ўқ отишга ундаганини» таъкидламоқда.
Маълум бўлишича, айбланувчи Бундесвер аскари сифатида Афғонистон яқинидаги шаҳарда хизматни ўтаган. У ерда ҳарбий хизматчи оддий фуқаронинг бошига ўқ узишганига гувоҳ бўлган. Германияга қайтгач Стефано Б. посттравматик стрессдан азият чека бошлаган. Шу боисдан прокурорлар айбланувчини руҳий касалликлар шифохонасига жойлаштириш кераклигини айтмоқда. Собиқ ҳарбийга нисбатан суд ҳукми 10 октябр куни эълон қилинади.
Мавзуга оид
07:55 / 23.04.2025
Қозоғистонда Чимкент ҳокими ўринбосарининг ҳаётига суиқасд қилинди
12:02 / 24.02.2025
Трамп Германиядаги сайловларнинг дастлабки натижаларига муносабат билдирди
10:38 / 24.02.2025
Германияда парламент сайловлари. Консервативлар биринчи ўринни эгаллади
10:01 / 24.02.2025