Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Сувга тўймаётган сигирларим сут ҳам бермай қўйди” – Сицилияда қурғоқчилик сабаб қишлоқ хўжалиги ҳалокат ёқасига келди
Италиянинг Сицилия ороли мисли кўрилмаган сув инқирозларидан бирини бошдан кечирмоқда. Ўрта денгизда жойлашган энг катта ва аҳолиси энг кўп орол бугун чўлланиш хавфи остида. Шунга қарамай оролга сайёҳлар оқиб келишдан тўхтамаяпти, бу эса вазиятни чигаллаштиради.
2021 йил ҳудудда Европадаги рекорд ҳарорат — 48,8 градус қайд этилган. 2023 йилнинг сўнгги олти ойида оролга атиги 150 миллиметр ёмғир ёғди. Май ойида Рим ҳукумати фавқулодда ҳолат эълон қилди.
Маҳаллий аҳоли учун хавф туғдиришига қарамай, сув инқирози сайёҳларни оролга ташрифдан тўсмаяпти. Жанубий Европанинг бошқа қисмлари сингари, Сицилия ҳам сув танқислиги ва сайёҳлар оқими орасида мушкул аҳволда қолган. Туристлар ресурсларга қўшимча босим ўтказса-да, иқтисодиётнинг асосий драйверларидан бири сифатида қадрланади.
“Жанубий Европанинг Испания ва Сицилия каби туристик йўналишлари ҳамиша сайёҳлар орасида машҳур”, — дейди Катания университетининг экология ва иқлим фавқулодда вазиятлари профессори Кристиан Мюлдер. “Одатда туристлар сув танқислигига қарамай, қуёш нурини излайди, сувни бемалол топиш мумкин деб ўйлайди. Ўта меҳмондўстлик Сицилиянинг шусиз ҳам тақчил сув ресурсларига босимни кучайтиряпти, бу эса атроф-муҳит учун муқаррар оқибатларга олиб келади”.
Иқлим билан боғлиқ фавқулодда ҳолат туфайли Сицилиянинг 70 фоизи чўлланиш хавфи остида, дейилади Италия Миллий тадқиқот кенгаши маълумотларида. Оролдаги кўлларнинг аксарияти деярли қуриган. Сицилия марказидаги Фанако сунъий кўлида бир вақтлар 20 миллион метр куб сув бўларди, аммо ҳозирда атиги 300 минг қолган. Балчиқли кўлмакка айланган сув омборларидан атрофга ўлик балиқларнинг қўланса ҳиди тарқалади.
Сув таъминоти чеклангач қатор корхоналар ёпилди, минглаб оилалар ювиниш ёки овқат тайёрлаш учун идишда сув ғамлаб қўйишни бошлади. Сув хўжалиги бошқармаси миллий ассоциацияси маълумотларига кўра, март ойида ичимлик суви учун мўлжалланган айрим сув омборлари бор-йўғи 10 фоиз қувватда ишлаган.
“Бу мисли кўрилмаган қурғоқчилик ортидан юзага келган фавқулодда ҳолат”, — деди Сицилия губернатори Ренато Шифани.
Сувсизликка қўшимча ёзги ўрмон ёнғинлари ҳам ўсимликларни йўқ қилди. 2023 йили, минтақавий фуқаро муҳофазаси агентлигининг ҳисоб-китобларига кўра, ёнғинлар 60 миллион евродан ортиқ зарар етказган, оролда 693 гектардан ортиқ ўрмонлар вайрон бўлган.
Бу йил 19—20 август кунлари, орол бўйлаб камида 10 та ёнғин ўнлаб гектар ўрмонлар, қарағайзорлар ва қишлоқ хўжалиги ерларининг кулини кўкка совурди.
Италиянинг энг йирик фермерлар уюшмаси Колдиретти сунъий кўлларни танкерлар ёрдамида тўлдириш учун ўз ҳисобидан пул тўлаб, қишлоқ хўжалиги секторини қўллаб-қувватлашга уринмоқда. Аммо бу ҳаракатнинг ўзи етарли эмас.
Фожиа кўламини қурғоқчил тоғларда боқилаётган озғин қорамолларнинг кўринишидан ҳам билиш мумкин. Бу ерда кундузи ҳарорат 40 градусдан юқори. Чорва моллари учун ичимлик суви йўқ. Қишлоқ хўжалиги ёш тадбиркорлар уюшмасининг маълумотларига кўра, қурғоқчилик сабаб ёш сицилиялик фермерлар оролни тарк этяпти, ўнлаб чорвадорлар чорва молларини сотишга ёки сўйишга мажбур бўлмоқда.
Агригенто провинциясининг Каммарата ҳудуди атрофидаги қишлоқда 100 бош сигир ва 150 бош эчкига эгалик қилувчи 60 ёшли фермер Либорио Мангиапане, агар вазият яхшиланмаса, чорвасидан воз кечишга мажбур бўлишини айтди.
“Сувга тўймаётган сигирларим сут ҳам бермай қўйди. Ер аста-секин саҳрога айланяпти. Ҳатто ичишга ҳам оқар сув қолмагани учун рўзғорда қадоқланган сувдан фойдаланяпмиз” ,— дейди Мангиапане.
Сув инқирозига қарамай, Сицилиянинг кўплаб меҳмонхоналари ва курортлари гавжумлигича қолмоқда, асосий шаҳарларнинг кўчалари сайёҳларга тўла, ресторанлар тўлиқ банд қилинган, пляжлардаги одамларнинг ҳисоби йўқ. Музейлар, черковлар ва ёдгорликларни зиёрат қилиш учун узун навбатлар мавжуд.
“Сув инқирози ҳақида эшитгандим. Сицилиядаги дўстларим менга вазият кескин эмаслигини айтишди, шунинг учун бу ерга келишга қарор қилдим”, — дейди римлик 45 ёшли Лоренса Себастиани. “Иссиққа келсак, мен пойтахтнинг димиқ иссиғига ўрганиб қолганман”.
Data Appeal компанияси томонидан тўпланган рақамларга кўра, Сицилиянинг иккита асосий аэропорти — Палермо ва Катанияда август ойида оролга парвозлар сони ўтган йилга нисбатан мос равишда 20 ва 16 фоизга ошган.
Баъзи меҳмонхоналар сув резервуарларини бинога ўрнатиш орқали қурғоқчилик мавсумига олдиндан тайёргарлик кўришган, бошқалари эса резервуарларини тўлдириш учун юк машиналари хизматига мурожаат қиляпти.
“Ҳар куни эрталаб қиладиган биринчи ишимиз — сув сатҳини текшириш”, — дейди Агригентодаги Федералбергҳи меҳмонхоналар уюшмаси президенти Франческо Пикарелла. “Сайёҳлар Сицилия шаҳарларидан қочмайди. Бироқ баъзи меҳмонхоналар уларни кунлик сув билан таъминлашда қийинчиликларга дуч келяпти”.
Одатда, ичимлик суви оролдаги сувли қатламлардан, сув билан тўйинган ерости тоғ жинслари қатламидан олинади, қишлоқ хўжалиги учун эса иккинчи жаҳон урушидан кейин қурилган катта резервуарларда сув сақланади. Иккала тизим ҳам қишки ёғингарчиликка таянади, аммо табиий ёғингарчилик миқдори борган сари камаймоқда. Ўттиз йил давомида оролдаги суғориш тармоғига ҳам асосий техник хизмат кўрсатиш эътибордан четда қолган.
2023 йилнинг ноябр ойида еростида янги сувли қатлам топилгач, унга муҳим потенциал ресурс деб қаралмоқда. Геологлар Рагуса провинциясидаги Иблеи тоғлари остида тахминан 800 метрда ерости ҳавзасини аниқлади. Унда тахминан 17 миллиард куб метр сув мавжуд деб тахмин қилинади.
“Агар таҳлиллар унинг яроқлилигини тасдиқласа, бу улкан сув омбори ўрта ва узоқ муддатли истиқбол учун фавқулодда ресурс бўлиши мумкин”, — деди Шифани.
Мавзуга оид
14:59 / 27.05.2025
Ўзбекистон–Италия: 33 йиллик муносабатларга назар
10:02 / 26.05.2025
Жоржа Мелони 28-29 май кунлари Ўзбекистонга келади
15:50 / 19.05.2025
Италия 400 та фойдаланишдан чиқарилган зирҳли транспортёрини Украинага беради
19:56 / 13.05.2025