Жаҳон | 23:21 / 09.09.2024
4772
2 дақиқада ўқилади

Танзанияда ўғирлаб кетилган мухолифат вакили ўлик ҳолда топилди. Унинг юзига кислота сепилган

Мамлакат президенти «шафқатсизларча қотилликни» қоралаб, масъулларни тергов ўтказишга чақирди. Дафн маросимига келган юзлаб одамлар йиғилганларга ҳамдардлик билдиришга уринган Танзания ички ишлар вазирининг истеъфосини талаб қилди.

Фото: AFP

Танзания президенти Самия Сулуху мамлакатдаги Чадема мухолифат партиясининг юқори мартабали аъзосини шафқатсизларча ўлдириб кетилганини қоралади.

Қайд этилишича, 6 сентябр куни Танга шаҳрига кетаётган автобус ичидан 69 ёшли Муҳаммад Али Кибао хавфсизлик хизмати агентлари экани айтилаётган шахслар томонидан тушириб қолинган.

Партия раиси Фримен Мбовенинг AFP агентлигига маълум қилишича, текширув давомида Кибао «қаттиқ калтакланиб, юзига кислота сепиб юборилгани» аниқланган. Унинг ўлими мухолифат ва инсон ҳуқуқлари гуруҳларининг сиёсий фаоликка қўйилаётган чекловлар хавотири фонида рўй берди.

Президент Самия «шафқатсизларча қотилликни» қоралаб, тергов ўтказишга чақирди. «Тергов органларига имкон қадар тезроқ менга ушбу дашҳатли ҳодиса бўйича батафсил маълумот беришларини буюрдим. Биз демократик мамлакатда яшаяпмиз ва ҳар бир фуқаромиз яшаш ҳуқуқига эга», — деб ёзади у ўзининг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасига.

Кибаонинг дафн маросимига келган юзлаб одамлар йиғилганларга ҳамдардлик билдиришга уринган Танзания ички ишлар вазири Ҳамад Масаунининг истеъфосини талаб қилган. «Қани ҳукумат? Одамларни ўғирлашмоқ ва ҳеч қандай чора кўрилмаяпти. Вазир Масаунига истеъфо, истеъфо, истеъфо», — деб бақиришган улар.

Марҳум Кибао ҳарбий разведканинг собиқ офицери бўлиб, Чадема партиясига 2008 йилда қўшилган. Унинг ўлдирилиши бутун мамлакат бўйлаб турли муҳокамаларни юзага келтирди: аҳолининг аксарияти ҳукуматдан одам ўғирлиш ҳолати бўйича чора кўришни талаб қилмоқда.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид