Жаҳон | 08:36 / 10.09.2024
3158
3 дақиқада ўқилади

Испания бош вазири Хитой ва ЕИ ўртасидаги савдо можаросини бартараф этишга уриниб кўрди

Педро Санчес Пекинда Си Жинпинг билан учрашди. Reuters манбасига кўра, музокаралар жуда конструктив ўтган.

Педро Санчес Фото: AP /Geert Vanden Wijngaert

Хитой Испания Хитой ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантиришда «конструктив рол» ўйнашига умид қилмоқда. Бу ҳақда 9 сентябр, душанба куни Хитой раҳбари Си Жинпинг девонининг Пекинда Испания бош вазири Педро Санчес билан учрашув якунлари бўйича тарқатган баёнотида айтилади.

Хитой ва ЕИ ўртасидаги савдо можароси фонида сиёсатчилар кескинликни юмшатишга тайёр эканликларини маълум қилишди, деб хабар бермоқда Reuters. Санчеснинг сўзларига кўра, Мадрид яқинроқ, кенг қамровли ва мувозанатли муносабатлар ўрнатиш мақсадида конструктив ёндашув тарафдори. Испания Европа Пекин билан савдо урушидан қочишига умид қилмоқда.

Агентлик манбасининг айтишича, учрашув «жуда яхши» ўтган. Томонлар сунъий интеллект, энергетика ва юқори технологияларни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.

Хитойдан электромобиллар учун ЕИнинг қўшимча божлари

Июл ойи бошида Европа Иттифоқи Хитойдан олиб келинган электромобиллар учун вақтинча қўшимча божхона тўловларини жорий қилди. Брюсселга кўра, у Хитойда ишлаб чиқарилган электромобиллар учун ҳукумат субсидияларига шу тарзда жавоб берган, бу эса, тартибга солувчи орган таъкидлаганидек, Хитой ва Европа ишлаб чиқарувчилари ўртасидаги адолатли рақобатга путур етказади.

Якуний қарор октябр ойи охирида қабул қилинади, дея аниқлик киритди Reuters.

Пекиннинг ЖСТга шикояти

Хитой ХХРда ишлаб чиқарилган электромобилларни Европа Иттифоқига олиб киришга қўшимча божлар жорий этиш тўғрисидаги Еврокомиссия қарори устидан Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) расман шикоят қилди, деб хабар қилди Хитой савдо вазирлиги 9 август куни Пекинда. Брюсселнинг қарори ЖСТ қоидаларига зид келади ва «иқлим ўзгаришига қарши курашда глобал ҳамкорликка» путур етказади, дея таъкидланади Хитой савдо вазирлиги баёнотида.

Идора Европа Комиссиясини «зудлик билан ўзининг нотўғри амалиётини тузатишга» ҳамда «Хитой ва Европа Иттифоқи ўртасидаги иқтисодий ва савдо-сиёсий ҳамкорлик барқарорлигини, шунингдек, электромобиллар учун саноат ва логистика занжирларини биргаликда сақлашга» чақирди.

Мавзуга оид