Жамият | 20:48 / 10.09.2024
7848
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда кондуктор маст ҳолда бўлган шахсни куч ишлатиб автобусдан тушириб юборди

Ҳар икки шахснинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида ички ишлар органларига тақдимнома киритилгани айтилмоқда.

Фото: Видеодан кадр

Тошкент шаҳрида йўловчи ташиш билан шуғулланувчи автобус кондуктори йўловчини куч ишлатиб автобусдан тушириб юборган. “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ ахборот хизматининг хабар беришича, ҳодиса юзасидан текширув ўтказилган.

Маълум қилинишича, ҳодиса бугун 2024 йил 10 сентябр куни 1-Автобус саройига қарашли King Long русумли 93-сонли автобус йўналиши ҳайдовчиси Р.О. томонидан ёрдамлашиш учун ишга жалб қилинган Шерали исмли фуқаро ва йўловчи ўртасида содир бўлган.

Ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида, автобусга ўрнатилган видеокузатув камераларидаги ёзувлар текширилган. Унга кўра йўловчи автобусга маст ҳолатда чиққан ва жамоат транспортида юриш қоидасига ҳамда маданиятига амал қилмай, автобус салонидаги бошқа йўловчилар, шу жумладан аёл йўловчига қўполлик қилган.

Шундан сўнг у автобус ҳайдовчисининг таниши бўлган Шерали исмли фуқаро томонидан автобусдан тушириб юборилган ва автобус ташқарисида ўзаро келишмовчилик келиб чиққан.

Қайд этилишича, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, ўзаро жанжаллашиб, жамоат тартибини бузгани учун кондуктор ва маст ҳолатда ҳаракатланган йўловчининг ҳатти-ҳаракатига ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида, ички ишлар органларига тақдимнома киритилган.

Мавзуга оид