Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Евроиттифоқ Қримдаги «сайловлар»нинг ноқонунийлигини таъкидлади
Европа Иттифоқи Россия ҳукумати томонидан Қримда ўтказилган ноқонуний «сайловлар» ва уларнинг натижаларини тан олмайди. Брюссел тадбир ташкилотчиларини жазолашга ваъда берди ва Қрим Украинага тегишли эканлигини таъкидлади.
Европа Иттифоқи Россия томонидан Қрим автоном республикаси ва Севастополда минтақавий ва маҳаллий сайловлар ўтказилганини қоралади. «Европа Иттифоқи Қримдаги бу «сайловлар»ни ва уларнинг натижаларини тан олмайди, улар юридик кучга эга эмас ва ҳеч қандай ҳуқуқий оқибатларга олиб келиши мумкин эмас», деди 9 сентябр, душанба куни Европа Иттифоқи ташқи сиёсат хизмати матбуот котиби. Брюссел бу воқеани Россия томонидан халқаро ҳуқуқ, БМТ Низоми, Украина суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигининг навбатдаги бузилиши сифатида баҳоламоқда.
«Россия раҳбарияти ва ушбу ноқонуний хатти-ҳаракатларни уюштирганлар жавобгарликка тортилади ва жазоланади», — дейилади баёнотда.
Брюссел Қрим Украинага тегишли эканлигини эслатиб, БМТ Бош ассамблеяси 2014 йил 27 мартдаги резолюциясида Москванинг Украина миллий бирлиги ва ҳудудий яхлитлигини бузишга қаратилган ҳаракатлари ноқонуний деб эълон қилинганини таъкидлади.
«Бу урушдан чиқишнинг ягона аниқ йўли бор: Россия Украинага қарши ноқонуний, асоссиз урушини зудлик билан тўхтатиши ва Украина ҳудудидан халқаро тан олинган чегаралари доирасида барча куч ва ҳарбий техникани олиб чиқиб кетиши керак», - дея хулоса қилади Петер Стано.
Киев Қримдаги сайловларни қоралади
Украина Ташқи ишлар вазирлиги ўз баёнотида Қрим яриморолида ўтказилган сайловларни танқид қилди. Овоз бериш фарс ва халқаро ҳуқуқнинг бузилиши бўлиб, сайловчиларнинг хоҳиш-иродасига ҳеч қандай алоқаси йўқ эди ва шу сабабли ўз кучини йўқотган деб топилади, деди Украина Ташқи ишлар вазирлиги.
Сайловда қатнашган сиёсатчилар Украина томонидан ҳеч қандай қонунийлаштирилмаган ва сайловни ташкиллаштиришда иштирок этганлар жавобгарликка тортилади, дея огоҳлантирди Киев.
Мавзуга оид
11:49 / 26.05.2025
Доналд Трамп Евроиттифоқдан импорт учун божларни 9 июлгача кечиктирди
09:11 / 23.05.2025
Украина Евроиттифоққа қуролли кучларини бевосита молиялаштиришни таклиф қилди
13:45 / 21.05.2025
Исроилга иқтисодий босим: Евроиттифоқ савдо имтиёзларини қайта кўриб чиқади. Британия эркин савдо бўйича музокараларни тўхтатди
16:21 / 28.04.2025